ОНАСИГА КЕРАГИ БЎЛМАГАН ЧАҚАЛОҚ…

Меҳринисо катта пул топиш илинжида Россияга йўл олди. Бироз меҳнат қилгач, яшашнинг осон йўлини танлади. Ҳомиладорлиги маълум бўлганда, бегона юртда бола олдиришнинг иложини топмай, уйга қайтишга қарор қилди. Онаси оламдан ўтиб кетганлиги, отаси бошқа аёлга уйлангани боис холаси Насибанинг уйига келди. Холасининг қизи Феруза бир неча йилдан бери бефарзандлиги туфайли боласини унга беришни кўнглига тугди. Бироқ Феруза унинг кўзи ёришини кутмай, ишлаш учун Туркияга йўл олди. Туркияда бўлган Насиба холаси эса Ўзбекистонга қайтди. Меҳринисо бола катта қилишнинг бунчалик машаққатли иш эканлигини тасаввур ҳам қилмаган эди. У аввалига бу борада Насиба холасининг ёрдамига умид қилди. Бироқ шусиз ҳам ташвиши бошидан ошиб ётган Насиба ҳар доим ҳам Меҳринисога қарашишга вақт тополмади. Шундан кейин у аразлаб, бошқа туманда яшовчи дугонаси Сурайёникига кетди.

Мақола darakchi.uz сайтидан олинди

— Сурайё, агар боламга қараб турсанг, мен ишлаб пул топардим. Энагалик қилганинг учун сенга уч юз минг сўм ойлик тўлардим, боланинг озиқланиши учун алоҳида пул берардим, – деди Меҳринисо.

— Майли, ўртоқжон, ўғлингга меҳрим тушим қолди, унга ўзим қарайман, – деди Сурайё.

Шундай қилиб, Меҳринисо ишга кетган одам бўлиб, тонгда чиқиб кетар, кеч қайтарди. Сурайёнинг нима иш қиляпсан деган саволига “Тошкентда ишлаяпман”, деб жавоб берар, айнан нима иш билан шуғулланаётганлигини аниқ айтмас эди. Кунларнинг бирида Меҳринисонинг амакиси қўнғироқ қилиб, унинг уйга қайтишини талаб қилди. Меҳринисо жонажон дугонасининг ҳақини беришни хаёлига келтирмай, ортига қайтди. Амакисининг хотини яқинда фарзанд кўргани боис, ўғлига кеннойиси қарашига умид қилди. Амакисининг уйига етиб келган Меҳринисо боласининг сути қолиб кетганлигини баҳона қилиб, чақалоқни уйга ташлаб, кўчага чиқиб кетди. Қайтиб келганда эса, боласини Насиба холаси олиб кетганлигини билди.

— Болани шунча овораи-сарсон қилмай, менга бера қол, сени рози қилиш учун 100 доллар бераман, пул берганимдан кейин уни менинг номимга расмийлаштирамиз, – деди Насиба.

Холасининг таклифидан Меҳринисонинг боши кўкка етди. У ҳеч бир иккиланишларсиз аёлнинг гапига кўнди. Ўша заҳотиёқ боласини холасига тутқазиб, отасининг уйи томон йўл олди. Орадан икки ҳафта ўтгач, Меҳринисо Насиба холасига қўнғироқ қилиб, пулдан гап очди. Жиянининг сурбетларча пул талаб қилишидан жаҳли чиққан Насиба бола керакмаслигини, уни қайтариб олиб кетиши мумкинлигини айтди. Орадан бир соат ўтар-ўтмас Насиба қўшниси Умидадан чақалоқни бериб юборди. Отасининг уйида бола катта қилиш учун шарт-шароит бўлмаганлиги сабабли чақалоқни касал қилиб қўйди.

Сурайё дугонасининг ўғлига қараганда яхши кўриб қолганлиги туфайли Меҳринисо боласини олиб кетгандан кейин ҳам уни унута олмади. Нуқул тушига чақалоқ кирар, унинг келажагидан жуда хавотирланар эди. Бола тез-тез тушига киргани боис, Меҳринисо хизмат ҳақини бермаган бўлса-да, чақалоқдан хабар олишга қарор қилди. У Меҳринисонинг уйига келганда бекорга безовта бўлмаганлигини англади. Чақалоқ яхши парвариш қилинмаганлиги учун касал бўлиб қолганди.

— Меҳринисо, бу аҳволда болани нобуд қиласан. Яхшиси мен билан юр, уни ўзим даволайман, ўзим қарайман. Ҳозир такси чақираман, нарсаларингни йиғиштир, – деди Сурайё.

Қўшни қиз Умида ҳам улар билан бирга Сурайёнинг уйига йўл олди. Йўл давомида Меҳринисо Умидага “фарзандинг йўқ, истасанг боламни сенга сотаман, қонуний равишда расмийлаштириб бераман”, деб кўндиришга ҳаракат қилди.

— Бола учун қанча сўрайсан? – деб сўради Умида.

— Ўзинг яхши биласан, яна Россияга қайтиб кетмоқчиман, йўлимга пул керак, – деди Меҳринисо худди бирор буюмни савдолашаётган одам каби совуққонлик билан.

Сурайё уларнинг гапини эшитиб, хавотирга тушди. У ўша куни туни билан болани қутқариш йўлларини ўйлаб чиқди ва ички ишлар идорасига қўнғироқ қилишга қарор қилди. Ички ишлар ходимлари ундан ва Умидадан болани сотиш тадбирида иштирок этишни сўрашди. Улар рози бўлишди.

— Кечагина Россиядан пул келганди, нархини келишсак, болани ўзим оламан. Фақат пул учун Сирдарё шаҳрига келишларинг керак, бирор кафеда учрашармиз, – деб қўнғироқ қилди Умида.

Пулнинг дарагини эшитган Меҳринисо шошилиб, Сурайё билан бирга Сирдарё шаҳрига йўл олди. Улар кечки соат бешларда кафелардан бирининг алоҳида хонасига йиғилишди.

— Умида, ҳеч нарсадан хавотирланма, ҳаммаси қонуний бўлади, боламни сенинг номингга расмийлаштириб бераман, – деди ҳеч нимадан хабари бўлмаган Меҳринисо.

– Эртага фикрингдан қайтиб, боламни қайтар, демайсанми?

– Бундан асло ташвиш чекма, бола керакмас, унинг турган-битгани ташвиш экан. Мен Россияга қайтиб кетаман, – деди Меҳринисо.

Унинг бемеҳрлик билан айтган сўзларидан кейин Умида Меҳринисога 300 долларни узатди. Пулни шошма-шошарлик билан курткасининг чўнтагига тиққан Меҳринисо чақалоқ ва унинг ҳужжатларини Умидага берди. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас хонага ички ишлар ходимлари кириб келишди…

Авалига Меҳринисо ҳеч нарсани бўйнига олмади, бироқ чўнтагидан чиққан пулларнинг серияси ички ишлар ходимларининг қўлидаги доллар сериялари билан мос келгач, лом-мим деёлмай, айбини тан олишга мажбур бўлди. Унга нисбатан Ўз.Р.ЖКнинг 135-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли жазога тортилди.

Лола Шоимова

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Йил бошидан буён ўзбекистонда 8 минг оила ажрашди

2019 йилнинг январь-март ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 8,0 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти ...

Тил бор экан, миллат – барҳаёт

21октябрь – Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун ТИЛ БОР ЭКАН, МИЛЛАТ – БАРҲАЁТ Фото:Uzbekistonovozi.uz Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 ...

Россияда хотинини уриб ўлдирган ўзбекистонликнинг 3 нафар боласи онасиз қолди

Россиянинг Криуша қишлоғида яшовчи 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси 3 нафар фарзандининг онасини ўлдиришда айбланди. Ҳозирда унинг иши юзасидан суд жараёни бошланган. Бу ҳақда ...