От кишнаган оқшом (қисса) 26-қисм

26

Eрталаб Тарлонни сувлатмадим. Емни камроқ бердим. Қишлоқ машриғидаги чимзорга бордим.
Отлар сийрак бўлди. Борлари-да ўзимизнинг отлар бўлди. Меҳмон отлар тахчил бўлди.
Тарлонни тўдага солдим. Тарлон тўдага кирмади! Кейинига тисарилди. Сувлиғини чайнади, бошини сарак-сарак этди.
Тиззам билан биқинига ниқтадим, сағрисига қамчиладим.
Тарлон сесканди, Тарлон турган жойида ер депсинди.
Кўз қўрқитар учун боши узра қамчи ҳаволатдим.
Тарлон урсанг ур, мана, дегандайин қулоқларини чимириб турди.
Билдим, Тарлонда кайфият йўқ, билдим!
Биродарлар, ҳар бир отнинг ўз феъл-атвори, кайфияти бўлади. От кайфияти йўқ кунлари инсонга бўйин эгмайди. Ана шу кунлари инсон кўп ғашига тегса, инсон елкасидан ғарчиллатиб тишлаб олишдан-да, қовуғига тарсиллатиб тепишдан-да қайтмайди!
Бундай вақтларда айрим чавандозлар қамчи дастаси билан отнинг бошига уради. Оқибат, от жон аччиғида чавандозини йиқитиб қочади.
Ана шунда от инсондан безади. От инсондан қайтади! Ўзининг девлар аждодига тортади!
Аждодларини қўмсайди, адирларга қараб қочади. Галаларга бориб қўшилади. Айғирлари билан кўришади, биялари билан суйкашади. Аждодларининг ҳавосини олади! Бир-бирлари билан искашади. Инсон зотидан нолиб-нолиб бошлайди, кўнглини ёриб-ёриб бошлайди, дардини тўкиб-тўкиб бошлайди… Дев бошим билан инсонга бош эгдим, дейди, таъзим қилдим, дейди, қул бўлдим, дейди, аммо эл бўлмадим, дейди…
Йўқ, кайфияти йўқ кунлари отга индамаслик лозим бўлади, кўнглига қараш лозим бўлади!
Шу боисдан Тарлонни ошиқча зарбаламадим. Тўда теварагини айланиб юрдим. Шунчаки томошагўй бўлдим.
Чимзорда ер ёриб чиққан чўқир тошлар кўп бўлди. Шу боис, чавандозлар кўзига қараб чопди.
Отларини қоқилиб кетишдан авайлайди.
Оқтуёқ отлар бир четда томошагўй бўлди. Боиси, оқтуёқ отлар тошли ерда чополмайди.
Тошлар туёғини уриб ташлайди.
Кўпкари охирида баковул жар солди:
— Чавандозлар дейман-ов, бугун от кам келди! Узоқ-яқиндагилар тўйнинг икки кунидаям кўпкари бўлишини билмаган-да! Шу боисдан қобил полвон эртага катта кўпкари беради!
Армонда қолма!
Уйда Тарлонни илиқ сув билан ювдим. Қашилаб-қашилаб парваришладим.
Хуфтон вақти-хуфтон вақти тўйхона теварагини айлантирдим. Карнай-сурнайлар овозини эшиттирдим, тўйхона ҳавосини олдириб-олдириб келдим. Кейин, ҳовли этагига солқи қилиб бойладим.
Ярим кечада Тарлон кишнади.
Ташқариладим, Тарлондан хабар олдим.
Тарлон олд оёқлари билан ер тирнади. Қозиқни айланиб-айланиб чопди. Пишқириб-пишқириб чопди.
Тўй ҳавоси Тарлонни қўзғади. Тўй ҳавоси Тарлонни кўпкарига чорлади!
Тарлон тушкун кайфиятдан фориқъ бўлди!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бизда ким кўп йиғлайдир?

10. БИЗДА КИМ КЎП ЙИҒЛАЙДИР? Ғайри машруъ талоқ хати текканига олти ойларча фурсат ўтиб кеткан эди. Кумушнинг гўзаллик таърифини ғойибона эшитиб, оғзининг суви келгучи ...

Тожикистон: ёзувчини «бўсалар» сабаб иттифоқдан хайдашди

Ёзувчилар иттифоқи яна бир ёзувчи асарларида “ахлоқсиз ишқ ва кўп хотинлилик”ни тарғиб этгани учун иттифоқ сафидан чиқарди. Охирги бир йил ичида Тожикистон Ёзувчилар ...

Юлдузли тунлар-3

АХСИ АЖАЛГА ДАВО ЙЎҚ 1 Баланд тепалик устига қурилган Ахси қалъаси тун оғушида тоғ қоясига ўхшаб қорайиб кўринади. Қалъа этагида Косонсойнинг Сирдарёга гувуллаб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400