36
Роса ўн кунда озод бўлдим.
Йўлда кўнглимга ҳадик тушди. Ҳадик танамга-да ёйилди.
Уйим қолиб, Обширга йўл олдим.
Адирга ўрладим. Камар олдида серрайиб қолдим. Кетимга чалқайдим. Кўкрагим отилиб кетадигандай бўлди.
Камарда… камарда тўрт таёқ устида бир нима турди. Жони борми, йўқми, билиб бўлмади.
Иккита нима йилтиради. Кўзлар бўлдимикин?
Ичкари кирдим. Тарлон бўйнига осилиб-осилиб йиғладим. Тўйиб-тўйиб йиғладим…
Тарлонни камардан олиб чиқдим. Адирдан пастга етакладим. Тарлон оҳиста-оҳиста пастлади.
Пастлаётиб, олд оёқлари букилди. Йиғилиб кетайин-йиқилиб кетайин, деди.
Ариқдан сағал сувладим. Ариқ ёқалатиб етакладим. Оёқларини ёздим. Қашилаб ювдим. Яна сувладим.
Камарга қайтариб олиб келдим. Бурчакда турган қопдан тўрвада ем олиб келиб осдим.
Тарлон жонлангандай бўлди.
Тоғай Мурод
От кишнаган оқшом (қисса)