Расул Ҳамзатов:Она тилим

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.
Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида,
Тоғлар орасида ётибман бежон.

Узокда шарқираб сойлар оқмоқда,
Борлиқда бир ажиб дилбарлик ҳоким.
Мен эсам ўйлайман ётиб тупроқда:
Мана шу тупроққа қўшилар хоким.

Мен ўлиб ётибман, кимсасиз, унут,
Ҳеч кимса қайғурмас ва чекмас ёҳу.
Фақат чўққиларда қурқурар бургут,
Фақат водийларда инграйди оҳу.

Навқирон ёшимда бўлдим-ку адо,
Оташ юрагимни ўйди ахир ўқ.
На онам, на ёрим бермайди садо,
Дўст тугул, ҳаттоки йиғичи ҳам йўқ.

Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида.)
Шу пайт икки киши ўтди наридан,
Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.

Мен-ку бу дунёдан кўз юмдим мангу,
Улар кулиб-кулиб сўзлашар борин;
Қандайдир Ҳасаннинг турфа ишию
Қандайдир Алининг шўх кирдикорин.

Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,
Жонимга масиҳдир шу она тилим.

Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

Майли, қашшоқ бўлсин, майли, беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим менга муқаддас, буюк.

Оташин Маҳмуднинг ёниқ шеърини,
Наҳот, таржимада ўқир авлодим?
Наҳот, мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!

Севаман ҳаётни, дунё кўркини,
Муҳаббатим чексиз барча эл учун.
Ҳаммасидан азиз она юртимни
Аварча куйладим етганча кучим.

Узоқ Сахалиндан Болтиққача то
Қалбимда кўраман ҳур Ватанимни,
Ҳар қайда қилайин унга жон фидо,
Лекин ўз юртимга қўйинг танимни.

Юртдошларим туриб қабрим олдида
Кўрсатсин аварнинг шоири шул деб.
Элим ёдга олсин она тилида
Ҳамзат Цадасанинг ўғли Расул деб.

Расул Ҳамзатов шеъри

Эркин Воҳидов таржимаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-17

7 Бекларнинг машваратида Самарқанд юришини рамазон ойида бошлашга, тайёрлик ишларининг асосий қисмини Ўшнинг ўзидаёқ битириб кетишга қарор қилинди. Бобур онасининг сўзини ...

Юлдузли тунлар-50

3 Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, ...

Юлдузли тунлар-15

5 Ўшнинг жанубидаги кенг текисликлар, тўлқинсимон қир ва адирлар турли-туман дала гуллари билан безанган. Сап-сариқ қоқилар, кўк-қизғиш нахўтаклар, нопормон эр-баҳолар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400