Тожикистон Халқ-демократик партияси Тожикистон Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг минтақалар тараққиёти ва инвестицияларни дастурлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Асқар Нурализодани ўз сафларидан чиқарди.
Маълумки, собиқ амалдор куни кеча катта миқдорда пора олаётганида Тожикистон молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Агентлиги томонидан қўлга олинган эди.
Тожикистондаги ҳукмрон партия марказий ижроия қўмитасининг маълум қилишича, пойтахтдаги Исмоил Сомони туман кенгаши Асқар Нурализода ваколатларини муддатдан аввал тўхтатишга қарор қилган. У ТХДП аъзоси сифатида депутат этиб сайланган эди. “Туман кенгашига муддатдан аввал сайловлар бўлиб ўтади, биз бошқа сиёсий партиялар билан биргаликда бу мандат учун кураш олиб борамиз”, – деди ТХДП ижроия қўмитасидаги маъсул ходимларидан бири.
3 октябрь куни Тожикистон молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Агентлиги, давлат амалдори 490 минг долллар миқдорида пора олаётганида ушлангани ҳақида маълум қилди. Ҳибсга олиш 28 сентябрь куни Душанбе шаҳридаги Шамси кўчасида жойлашган «Афсона» ресторанида амалга ошди. Унинг уйи агентлик ходимлари томонидан тинтув қилинганида 10 минг доллар топилган.
Хабарларга қараганда, Асқар Нурализода Жалолиддини Балхи туманида истиқомат қилувчи кимсадан 1 миллион доллар сўраган. Бунинг эвазига 2016-2020 йилларга мўлжалланган инвестициялар Давлат дастурига Хатлон вилоятидаги мазкур туманда паррандачиликни ривожлантириш борасидаги пункт киритилишига ваъда берган.