Қозоғистон ва Ўзбекистон таълим тизимида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эрик Ўтембоев билан учрашувдан кейин Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари яқин келажакда мутахассис тайёрлашда Қозоғистондаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатишга шай эканини билдирди. 

Икки давлат ҳозирда кучли талабга эга нефть кимёси ва агросаноат тармоқлари учун мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ёшларни ўқитиш билан чекланиб қолмасдан, профессор-устоз таркиби орасида алоқаларни кучайтириш кўзланмоқда.

Яқин кунлар ичида Қозоғистондаги олий ўқув юртлари базаларининг бирида технопарк қурилади. Шунингдек, дипломларни тан олиш механизми осонлаштирилади.

“Дипломларни тан олиш, стратификациялаш стандарт чора-тадбирларга эга. Бу масалада кўп қийинчиликлар бўлмайди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўқув масканларида таҳсил олувчиларни иш билан таъминлаш ҳам қийин кечмайди”, – дейди Ином Мажидов.

Ҳозирнинг ўзидаёқ тахминан 20 га яқин илмий муассасаларда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар имзоланган. Яқин кунларда ҳамкорлик ўрнатган икки давлат олий ўқув юртларида ахборот марказлари очиш кўзланган.

“Бу борада қўшма илмий ишларга алоҳида эътибор қаратилади. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам нефть кимёси, аграр секторларда катта тажрибаларга эга”, – деди Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эрик Ўтембоев.

Бу, албатта, яхши ташаббус. Бироқ, бу борада муаммолар кўп. Ана шундай муаммолар сирасига ҳар иккала давлатда таълим тизимида кенг қулоч ёзган коррупцияни киритиш мумкин.

Таълим тизимида порахўрликка барҳам берилмасдан туриб, малакали кадрлар етиштириш қийин.

Шунинг учун коррупцияга қарши курашда ҳамкорликда ишлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқарилмоғи даркор. Акс ҳолда кўзланган натижаларга эришиш амримаҳолдир.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россиядаги меҳнат муҳожирларига ётоқхоналар қуриш таклифи бўлмоқда

Қирғизистон парламентининг депутати Ўмурбек Бакиров Россияда меҳнат қилаётган Қирғизистон фуқаролари учун ётоқхоналар қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда депутат қирғиз ...

Жамиятимиздаги энг катта ижтимоий иллат нимада?

Сўнгги вақтда ижтимоий ҳаётдаги энг йирик ёки энг муҳим муаммолар деб турли хил муаммолар кўрсатиляпти. Айниқса, юксак маънавиятни ўзига байроқ қилиб олганлар арзимаган ...

2019 йилнинг олти ойида ўзбекистондан 6,2 млн киши чет элга кетгани маълум бўлди

2019 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари сони 3,6 млн кишини ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,7 %га ...