“У  ДУНЁГА-РАФИҚАМГА МАКТУБЛАР!”

ТУРКУМИНИНГ БИРИНЧИ ФАСЛИ

“Кўп синовларга, ноҳақликларга чидаган эдим, лекин оиламнинг фожеали ҳалокатга учраб, Шаҳид бўлиши  менга нисбатан Синов ҳам, Ноҳақлик ҳам эмас, балки чеки-чегараси йўқ  ШАФҚАТСИЗЛИКдир!

… Худо Одамни яхшиямки , лойдан яратган, дарз кетса ҳам озгина кўз ёши билан қулаб тушмайди…

Агар Одам тошдан яралган бўлганида мен ҳозир майда-майда шағалу оҳакка айланиб кетишим аниқ эди!..”    

 (Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 2009 йил 30 декабр)

 


Қизчамда гуноҳ йўқ эди-ку, Ёраб,

Аёлим “гуноҳи”- менга теккани.

Ва менга соғлигу озодлик сўраб

Ортимдан куюниб азоб чеккани!

 

Қизчамда гуноҳ йўқ эди-ку,Ёраб,

Олчанинг гулидек беғубор эди,

Беш ёшли Гўдакни кафанга ўраб

                                            Очофат Қаро ер оғринмай еди!

 

Қизчам эмас У кун ерга кўмилган

Менинг дунёга тенг умид-тилагим.

Вужуди зарбадан Қонга чўмилган-

Аёлим эмас, У-менинг Юрагим!

 

Қизчамда гуноҳ йўқ, бўлмаган асло

Жаннат иси келиб тутарди гўё !!!

 

                                                         Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 30.12.2009.


 

Эгним-бут, қорним-тўқ, Юрагим бўм-бўш,

Бағримда ҳар кеча АЛАМ ухлайди.

На ёзув ёқмайди, малолдир ўқиш,

Мен билган Ишончлар қон-қон йиғлайди!

 

Бир Жоним Вужудни тутиб турибди,

Қаттиқроқ силкинсам учгудек У ҳам.

Теграмда шарпалар пойлаб юрибди-

Кўринмас сояга айланган Олам!

 

На жоннинг ғами бор ва на вужуднинг,

Дунёнинг ташвиши ҳаром луқмадек.

Калласи узилган Онгсиз Умиднинг,

Эртанинг илинжи бир тўқимадек.

 

Оғриқсиз аъзода дардим кучаяр,

Бошимда хаёллар атала мисол…

Наздимда кун сайин Олам кичраяр-

Бу майда Дунёга Ҳаётим увол!!! 

 

                        Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 14.02.2010.


Марҳума Қизчамни қўмсаб йиғладим,

Дунёга сиғмади Юрак ноласи.

Одамнинг ўзи ўлсин экан, ким-

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг боласи!

 

Дод солиб йиғлашга бир пана жой йўқ,

Гўёки, Қуёш йўқ, Юлдуз йўқ, Ой йўқ.

Бунчалар шафқатсиз Ҳаётнинг панди;

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг Фарзанди!

 

Минг битта ситамга сабот топгандим,

Энг оғир дамда ҳам нажот топгандим,

Бу кун ожизликдан кўзим ёшланди-

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг Фарзанди!

 

Оҳимнинг олови кўксим куйдирар,

Қолмади сочимнинг қора толаси.

Ғамнинг харсанглари қаддим эгдилар-

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг боласи!!!

                          Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 06.03.2010

Туркумнинг  ” Иккинчи фасли”ни Навоий шаҳридаги 36-туб. зонада вақтим- 2010 йил 16 декабр куни ҳеч кутилмаганда “опер”лар тинтув ўтказиб, “бир кўриб бериш”га олди ва йўқ қилди… Бу масалада қўлёзмани олган “опер”га бир неча қайта мурожаат қилдим. У фақат юқоридаги – Ўзидан каттароқ “кўппак”ларни айтиб, соқит бўлди. Аслида ҳам У – ҲЕЧ КИМ! Жуда нари борса, боқувдаги лайча мисол бир маҳлуқ, холос!

Қуйидаги битик “ИАК”изм даври тарбиялаган ўшандай ТОЗИларга айтилган…

                                                                               2010 йил  16  декабр…

Сичқонлар еб кетди сўнгги шеъримни!..”

                                                                         Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК.

 

Қашқирлар тишлади, кўппаклар талаб,

Каламуш ғажиди гўштсиз теримни.

Таги паст югурдак нонтўрвам кавлаб-

Олди ШАҲИДларга ёзган Шеъримни!

 

 Хотира эди У битиклар, ахир-

Марҳумлар Руҳига бахшида калом.

Золим қайдан билсин Қадрият надир,

Ўтганлар ёдига недир Эҳтиром!

 

Юрак қоним сиёҳ бўлган Битиклар

Билмам қайси Темир сандиқда экан.

Имоми  ЭШАК бу жоҳил ҲЎТИКЛАР

Балки қўлёзмани йиртиб ташлаган?..

                                                31.05.-03.06. 2014. 49-ЖИЭК, Қарши ш.


Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Туман ичра гўё ўтмоқда кунлар.

Бунчалар аламли Дунёнинг сири:

Қисмат тасбеҳида яккаш тугунлар!

 

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Юрак узра тоғдек Армон яралган.

Эзгин кўксимда ҳам Қафас тасвири-

Кўкрак қафасига Руҳим қамалган!

 

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Рухшонамдан айро, Барнодан жудо.

Ҳурлик не, кўринмас ХЎРЛИК охири-

Синов бўлса магар мезонсизми ё?..

 

Мен яшаб юрибман аллақандайин;

На Одам, на Маҳлуқ ҳаёти билан…

Ишонч-Фоҳишадек гўзал-бетайин,

Фақат харсанг тошнинг саботи билан!

 

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Яшамоқ лаззати унут оламда.

Руҳим-тутқун Вужудимнинг асири-

Нафратга айланар Мазлум танамда!..

                                                                        16-17. Х . 2014. 49-ЖИЭК, Қарши ш.


Йиғладим, кўзларда ёш қолгани йўқ,

Кўз ёшлар дардимни ҳеч олгани йўқ.

Соғинч чақмоқ бўлиб кўксим ёндирар:

ҚИЗАЛОҒИМ ТИРИК! Йўқ,ўлгани йўқ!

Ҳайқириқ бўғзимда тош каби қотар,

Бағримда Аламим найзадек ботар.

Соғинч яшин бўлиб вужудим ёқар:

РАФИҚАМ ТИРИКДИР! Йўқ, Ўлгани йўқ!

 

 Хотирот ўқ мисол ёниб учади:

Покиза ИККИ РУҲ сокин кечада-

Вужудим сийпалаб майин қучади-

Бу-ҚИЗЧАМ, РАФИҚАМ-Бедор икки Руҳ!

                             14.Х. 2014. 49-ЖИЭК, Қарши ш.

 БУЛУНҒУР  БИТИКЛАРИ

                               ИЛК БИТИК

ЙИГИРМА САККИЗ ЙИЛга яқин якка шахс бошқарувида бўлган Юрт ва юрт аҳлининг кечмиши хусусида ўсиб келаётган Авлодни хабардор этиш 45 ёшдан ўтган Авлод учун муҳим синов!

Мен собиқ ТИРАНИЯ тузумини қурган ва бошқарган И.Каримов йўл қўйиб берган сиёсат пойдевори ШАФҚАТСИЗЛИК, ҚОНХЎРЛИК, ҲАРОМХЎРЛИК қоришмалари АДО-ЛАТСИЗЛИК қотишмасидан қуйилганлигига куни кеча – 30 март куни марҳума қизим Рухшона ва рафиқам Барно зиёратларига борганимда яна бир карра иқрор бўлдим!

ХХ аср 30-йиллари иккинчи ярмида “Ажал Амири” рутбасига эришган Сосо Жугашивили сиёсати “римкс”тарзида бизнинг кунларда амалий ва изчил қўлланилди. Собиқ раҳбар: “ Ўзимизга хос, ўзимизга мос Ўзбек модули” таъкидини алоҳида урғулаб турарди. Ва бу борада ҳақ эди! Собиқ НКВДнинг, айниқса, 00447-, 00486-Буйруқлари “Ўзига хос ва мос шакл”да қайта ишлангач, собиқ МХХ босими остида беўхшов /ўхшаши йўқ!/ модулга айланди.Бу модул Атом ё Водород бомбаларидан фарқли ўлароқ, энг аввало, ИНСОН қалбини жароҳатларди. Ўз даврида “сосоизм идеологи” ўз ихтиролари учун “Ажал амири” рутбасига эришган бўлса, “ИАКизм мафкурачиси”ни ҳеч иккиланмай “Амирал-умарои ажал” “унвони билан хотирлаш мумкин! Чунки “сосоизм”да аксарият ЖОҲИЛлар Худони инкор этувчи мафкура тарафдорлари эди. “Иакизм” устунларининг кўпчилиги эса, туғилганда Азон эшитган, (балки!?) суннат ҳам қилинган манқуртлар тўдаси бўлган.

Айримлар ё қизиқиб, ё дунёқараши оқсоқланиб, баъзан сўрашади: “Шунча ёвузликлар тепасида турган Диктатор бўлса, нима учун номи абадийлаштирилиб, ҳатто ҳайкаллар қўйиляпти?

ХХ аср қатағонлари 20-йилларда “куртак ёзиб” 30-, 50-йиллари “шиғил ҳосил”га кирган-ди. Бу мавзуда жуда кенг манбалар мавжуд. Бу ҳақда ХХ аср 53-йил баҳоридан кейин ҳам билишарди. Бироқ янада аниқлик киритиш ва изоҳлаш учун УЧ йилга яқин вақт керак бўлган… Зеро, ИСТИБДОД тарихи бирга-бир ва бирма-бир такрорланиб келмоқда!..

2011 йил апрел ойи охирлари, Навоийдаги 36-ЖИЭКда эдим, “опер” чақиртириб қолди. Мақсад-навбатдаги интизомий жазо қўлланилиши учун мендан “Тушунтириш хати” олиш экан. Очиғини айтдим:

Менинг изолятордан, бу сохта қоғозбозликлардан чўчийдиган жойим йўқ. Фақат уч кундан кейин туғилган куним, 86 ёшли Онам ва укам албатта келишади. Шунча йўлга овора бўлиб кетишмасин,-дедим.

Шунда “опер”:

Саидов, офицерлик сўзимни бераман, изоляторга ёпилмайсиз, фақат “хайфсан”...-деб ишонтирмоқчи бўлди. Кулиб қўя қолдим. Ўша – 26 апрел куни кечга томон УЧ суткага ШИЗОга ёпилдим. Мени изолятор томон олиб кетишаётганда “сўз берган опер” штабдан чиқиб қолди. Тўхтаб:

Нима, Саидов, ШИЗОга ёпяптими?-деб сўради.

Офицерлик сўзингизни инобатга олиб, 3 сутка берибди, бўлмаса 10 сутка олардим,-дедим масхаралаб.

Эртаси куни эрталабдан изолятор ғала-ғовур бўлиб кетди. Билсам, укам учрашувга келган экан. Катта сумка тўла “передачка”ни олиб қолишимни илтимос қилиб 5-6 та ходим кирибди. Анчагача рад этиб турдим. Бу-қонунга зидлигини ҳам айтдим атайлаб. (Аниқ биламан шу сумкадагиларни олиб қолмасам, барибир кетишмайди). Лекин учрашув берилмади. Баҳонани қаранг:

Онангиз келмаган экан, агар келганларида учрашувга чиқарардик, команда берилганди..

Ҳа, “Ўзига хос модул”нинг энг асосий бўғинларидан бири- ҚОНУН ЭМАС, команда (Буйруқ) ижро қилинарди. Шу УСТУВОРЛИК боисидан НОҲАҚЛИКдан бошланган ИСТИБДОД тез орада чексиз ҚИЙНОҚЛАР ва ҚОТИЛЛИКЛАРга кенг шароит яратиб берди!

Телевизордан корейс тарихий мавзуидаги фильмлар берилган пайтлар. Салтанатга фитна уюштиришда айбланаётган одамларни айбга иқрор қилдириш учун ҚИЙНОҚлар бор лавҳалардаги қийноқ услубларидан айрим маҳкумлар ҳайратга тушганда, “Бу биз кўрган, СНБ ва турма подвалларидаги қийноқлар олдида ҳеч нарсамас”,-дейдиган маҳкумлар ҳам анчагина эди…

Бундай таъкидни “47”да ҳам, “Девятка”да ҳам, “36”да ҳам, “49”да ҳам такрор-такрор эшитганман…

Сизни ҳам “пресс”га солишганми, “рубашка”, “противогаз” кийгизиб қийнашганми?– деб сўрашарди.

Сигарет чекиб туриб:

Маним жонимни суғуриб олишган, бу юрган қуруқ танам!-дердим.

БАРНО  БИЛАН  РУХШОНА МЕНИНГ  ЖОНИМ  ЭДИЛАР!!!

Токи аниқ далилларни кўрмагунимча содир бўлган автоҳалокатни бахтсиз ҳодиса деб ТАН  ОЛМАЙМАН! Агар бу – менга тушунтирмоқчи бўлганларидек, бахтсиз ҳодиса бўлган тақдирда ҳам, бунинг учун АДОЛАТСИЗЛИКка йўл очиб берган ТУЗУМ ва унинг авторитар этикага таянган СИЁСАТИ ҳамда ТИРАНга айланган раҳбарини ҚАТТОЛ, деб; шу баробарида ТИРАН шахсига нисбатан заррача бўлсин эҳтиромни эса, МАЗЛУМлар ва ШАҲИДларга нисбатан ҳақорат, деб ҳисоблайман. Бу борада аниқ бир тўхтамга келиш фурсати етиб қолди, менимча. Бу- менинг қатъий ва ягона сўзим! Буни бутун ДУНЁ эшитсин!

Шу ўринда Улуғбек Бакир ва Жамшид Каримов суҳбатидан кичик иқтибос келтириш жоиз кўринди:

Улуғбек Бакир: -Озод бўлган кунингиз сизга қизингиз: “Дада, амакингиз ўлди”,  дега-нида, унга нима дедингиз?

Жамшид Каримов: –Худога шукрей, ва ниҳоят қутулибмиз! Шу кунгача тирик етиб келганим учун Яратганга чексиз ҳамдлар бўлсин! Энди ўзбек халқи ҳам чинакам озодликка чиқибди, дедим ва Ислом Каримовнинг шаънига ёмон сўзларни айтдим.  Ҳозир у сўзларни сизга айтишга, тўғриси, уяламан. Ўша пайтда қизим ҳам қулоғини беркитиб, ерга қараб қолганди..

Ёнма-ён ўтирган кўйи мен қайнотамдан, қайнотам эса, мендан унсиз кўзёшларимиз-ни яширишга уринамиз. Барно ва Рухшонанинг қабрларига қўйилган ёдгорлик-мармар лавҳалардаги Барнонинг жиддий сиймоси, Рухшонанинг кулимсиб турган чеҳрасига тикилганча беихтиёр Онамни эсладим. Марҳума Онам Барнони жуда яхши кўрардилар. Эринмасдан Рухшонани кўргани келардилар. Барно ва Рухшонадан кейин беш йил ўтиб-2014 йил 10 октябр куни 90 ёшда вафот этдилар. ҚАТТОЛ сиёсатни кўрингки, Онамизнинг жанозалари куни “махсусидора”чилар укамни ва кўпқаватли уй раиси (домком)ни чақиришиб “Марҳуманинг маъракаларини ТИНЧ-ЛИКда ва ОСОЙИШТА ўтказишлик хусусида “Тилхат” ёздирганлар…

Бундай разолат ҳатто Иван Грозний замонасида ҳам бўлмаган чиқар!

Телевидение, радиоканаллар, матбуот ўша кунлари “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарини чираниб мақтаб, ҳар жумлага китобдан иқтибосли безаклар бериб ўз-ўзини алдаб яшарди!

БУГУН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМ ХАТОЛАРИНИ ҲЕЧ ИККИЛАНМАЙ ТАН ОЛИБ (!) ТУЗАТИШГА ХОЛИСОНА КИРИШИШЛАРИНИНГ МАВРИДИ ЕТДИ!

 Дилмурод  САЙЙИД,  Тошкент, 31.03.2018.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Баҳодир чориев: сиёсий ислоҳотлар ўтказилмас экан, ҳар қандай ўзгаришлардан наф йўқ

18.05.2017 09:21 msk Фарғона   Ўзбекистонда яқин ўн йил ичида иқтисодий ўсиш ва ривожланиш бўлмайди, негаки янги президент ўтмишдоши Ислом Каримовнинг йўлидан кета ...

Чингизхон монгол бўлмаган

Қадимги Ўзбекистон заминида, жумладан, кўҳна Хоразмда Қиёт номи билан боғлиқ топонимларнинг кўплигидан бу уруғнинг юрти айнан шу макон бўлганлиги ойдинлашади. (more…)

Хиёнат (ҳикоя)

Жавлонбек  Раҳмонов одатига кўра маишат қилиб кайф сафо қилиб ўтирганида, эшикдан мўралаган ҳайдовчиси Нозимнинг  турқини кўриб ўшқирди: Нима бўлди яна? Ёшулли,  Тошкентдан   ...