ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПОЛИКЛИНИКАСИ КИМГА ХИЗМАТ КЎРСАТАДИ?

Бир ҳафта муқаддам саломатлигим ёмонлашиб, ўзимни беҳол сеза бошладим. Аҳволим ёмонлашгач ҳолсизланишдан йўл устидаги Ёзувчилар уюшмаси тасарруфидаги поликлиникага мурожаат этдим. 

Аслида, бу ерга ижодкор сифатида китобларим чиққани ва икки газетада шартнома асосида фаолият кўрсатаётганим учун ҳаддим сиғиб киргандим. Бундан ташқари, муқаддам тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатганим, қолаверса, ушбу соҳани газеталарда етарлича ёритганим боис соҳадаги жараёнлару мутахассислар ҳам менга яхши таниш.
Саломатлигим тез-тез панд беравергач менга 2002 йилда ногиронлик гуруҳи берилди. Шундан буён ҳар йили тиббий текширувлардан ўтиш ва даволанишга тўғри келади. Бу жараёндларда беморни қийнайдиган нарса бу — шифокор қабулини соатлаб кутишдир. Айниқса, қон ва бошқаларнинг таҳлилларини аниқлатиш машаққат. Яқинда тиббий таҳлилларимни қилдиришга ордер олиш учун поликлиниканинг ўзида 3 кун овора бўлдим, 2 кун қон таҳлиллари ва тиббий аппаратлардан ўтишга кетди.
Ўша куни уюшма тасарруфидаги поликлиникага кирсам, ҳаммаёқ жим-жит, коридорда ҳеч ким йўқ. Ҳайрон бўлиб “бугун иш куни эмасмикан…” деб турсам, рўйхатга олиш хонаси ойнасидан «Опа, сиз ким керак?» дея сўради оқ халатдаги қиз ва яна қўшимча қилди: “Уюшма аъзосимисиз?».
— Ҳозирча йўқ, Худо хоҳласа, бизга ҳам насиб этиб қолар(туянинг думи ерга текканида), — дея жавоб қайтардим мен.
— Унда сиз ўз ҳудудингиздаги поликлиникага мурожаат этинг!
— Нима, ижодкорларга бўлган муносабат шуми ҳали? – дея жаҳлим чиқди ва «Унда мен даволаш ишлари бўйича шифокор ўринбосарига кираман» дедим.
Ҳамшира иложсиз менга иккинчи қаватга чиқиб, … хонага мурожаат этишимни уқтирди.
Зинадан кўтарилгач 3-4 та аёлни хоналар олдидаги ўриндиқларда навбат кутиб турганини кўриб, улардан сўрадим: “Кечирасизлар, навбат кутяпсизларми? Уюшмани аъзосимисизлар?
Улар менга ҳайрон боқишганча: “Йўқ, нима эди, биз докторнинг доимий мижозларимиз, нега сўраяпсиз?, — дейишди энсаси қотиб.
Мен нима деб жавоб беришни билмай узр сўраганча йўлимда давом этдим.
Шифокорнинг эшигини тақиллатдим. Ўрта ёшдаги киши (исм-фамилиясини сўрамадим) мен билан илиқ саломлашгач, «хизмат» дея илтифот кўрсатди. Мен келишим сабаби, ҳар йили ордер асосида Республика Ногиронлар реабилитация марказида даволанишимни айтиб, имкони бўлса, 3-4 кун шу ерга қатнаб даволанмоқчилигимни билдирдим.
Шифокор кўринишимдан ҳолатимни сезиб, мулойимлик билан тушунтира кетди. Мен унинг гапидан поликлиникада фақат Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва яқиндан буён бастакорларга бепул тиббий хизмат кўрсатилишини билиб олдим.
Ачинарлиси, доим мижозлар келишини кутиб ўтирадиган ушбу тиббий маскан фақат Уюшманинг аъзолик ҳужжати бўлганлар хизмат кўрсатар экан.
Энг қизиғи, бу ерда ҳатто ушманинг аъзолик ҳуддати бўлмаган шоир ва ижодкорларга, журналистларга ҳам тиббий хизмат кўрсатилмас экан. Аммо (олдин ҳам 2 марта келганман) шу қисқа вақт ичида шифокорларнинг ўз доимий мижозларига яширин тиббий хизмат кўрсатишларини билиб олдим.
Шуми ижодкорларга бўлган муносабат?!
Муҳтарам Президентимиз қалам аҳлига яратиб бераётган шунча кенг имкониятлардан қачон фойдаланамиз?
Поликлиника нега фақат Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига тиббий хизмат кўрсатади-ю, айрим сабабларга кўра, аъзоликка олинмаган, аъзоликдан ўчирилган шоир, ижодкор ва журналистларга тиббий хизмат кўрсатишга қодир эмас? Ахир адабиёт ва журналистика бир-бирига муштарак соҳалар эмас-ми?
Нега битта Ватан ва жамиятда меҳнат қилаётган қалам аҳлига кўрсатиладиган бепул тиббий хизмат наҳотки чегараланган? Ахир тиббиётнинг мақсади инсон саломатлиги йўлида хизмат қилиш эмасми? Бу чегараланиш қалам аҳлининг руҳиятини синдириб, табақага бўлиб қўймайдими?
Ахир қанчалаб тиббий хизматга муҳтож ижод аҳли тиббий хизматдан фойдаланиш учун бошқа тиббий муассасаларда соатлаб навбат кутмасдан, ўзига тегишли жойда тезкор тиббий хизматдан фойдаланса, самарали ижод қилиб, вақтдан унумли фойдаланган бўлармидилар?!
Ўйлаб қоламан: нега, Давлатимиз томонидан кўрсатиладиган бепул тиббий хизмат қалам аҳли адолатпешалари томонидан бағрикенглик билан йўлга қўйилмаган?
Албатта, қаламкашлар орасида менга ўхшаган имконияти чекланганлар йўқ эмас. Улар меҳнатга лаёқати борлиги, касбини севиши ёки иқтисодий шароити етишмаслиги туфайли ишидан ажрала олмаса, уларда нима айб?
Ўйлаб кўринг, бир ижодкор аёлнинг ижарада яшаб, ёлғизликда икки фарзандни ўқитиб, тарбиялаши, яна изланиб, ўз ҳисобидан узоқ вилоятларга бориб, мақолалар тайёрлаб келиши, қалам аҳли кам қўл урадиган “Муқобил электр энергияси” соҳасини матбуотда ёритиб, Халқаро танловда 2 маротаба совриндор бўлиши, энг долзарб масала бўлган – “Экология” тўғрисида бадиий-публицистик китоб чиқариши, ҳатто Ўзбекистон Ногиронлар жамияти томонидан уюшмага хат чиқарилганда ҳам “китобингизни чоп этиш учун имкониятимиз йўқ” дея жавоб йўллаши, шунда ҳам буни пешонадан кўриб, тадбиркордан сотиб пулини қайтариш шарти билан китоб чиқариш машакқатини фақат китоб чиқариб, сотишни эплаган ижодкоргина билади холос.
Ана шундай машаққатлар билан 2004 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида “Бир тилим ҳилол” номли шеърий, 2006 йилда “Алишер Навоий” нашриётида “Шабнам томчилари” номли шеър ва бадиҳалар, 2014 йилда “Чашма принт” нашриётида “Меҳрим бахшида” номли бадиий публицистик ва “Адолат тарозиси” номли ҳикоялар тўпламини, 2017 йилда “Турон иқбол” нашриётида “Табиат билан уйғунликда” номли экология тўғрисидаги китобларини чиқариб, уни ўз ўқувчиларига етказа олган бир ижодкорнинг меҳнати, интилиши ёки ҳаётининг кимга ҳам қизиғи бўлсин!
Айни пайтда, “Қалбдаги туғёнлар” ва “Болаликнинг дунёси” номли шеърий тўпламларини нашрга тайёрлаб, борини ва борлиғини ижодга, қалам чизгиларига бағишлаган бир ижодкорни ижод аҳли қаторида соҳага тегишли тиббий муассада даволанишини, ижтимоий имкониятларга эга бўлиш умидида бир неча йилдирки, уюшмаси аъзолиги учун топширган ҳужжатларини ҳар йили янгилаб бериши, масъулларнинг ҳужжатни кўриш у ёқда турсин, очиб қарашга ҳам вақтлари бўлмаслигини, ҳар борганида танимасликка олиб, ёки “силлиққина” жавоб билан жўнатиб юборишларини айтмасам, дилим куяр, юрагим ёнар…
Газета-журналларда долзарб бадиий публицистик мақолалари ва шеърлари мунтазам чоп этилиб келинаётган бўлсада, ҳар борганда “Сиз уюшмамиздан эмас, журналистлар уюшмасидан аъзоликка ўтинг!” дея иддао билан умидсизлантириш “отангга бор-онангга бор” қабилида ижтимоий ҳимояга муҳтож бир ижодкорни қўллаб-қувватлаш ўрнига, унинг устидан кулиш ёки сарсон қилиш ижод аҳли етакчиларига муносиб келармикин?
Аслида барча қалам аҳли ўз мамлакати тарихи ва солномасини яратувчи, адолатпеша, ҳақиқатпарвар, жамият келажаги ва ёш авлод тарбиясини тўғри йўлга бошқарувчи инсонлар саналади.
Президентимиз раҳбарларга қарата нима деяпти-ю, раҳбарлар Юртбошимизнинг Фармон ва қарорларига қандай муносабатда бўляптилар?
Қани, биздаги бағрикенглик ва адолатпарварлик? Қани, Президентимизнинг 5270 сонли Фармонига нисбатан муносабат?
Ахир уюшмада қалам аҳлига эътибор ва муносабат шундай бўлса, бундай уюшмаган уюшманинг кимга кераги бор?

Муаллиф Марям Аҳмедованинг “Фэйсбук” саҳифасидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«олтин тўп»ни ким қўлга киритади?

«Олтин тўп» соврини ҳар йилнинг охирида эгасига топширилса-да, кузда ҳал қилувчи ўйинлар бўлмаслигидан, одатда, ўша йили якунланадиган мавсум сўнгида кўп нарса маълум бўлиб ...

Мичиган университети профессори: “чўлпон ёзган ўзбек тилига қайтиш лозим”

Мичиган университети профессори Темур Хўжаўғли Minbar билан суҳбатда ўзбек жамияти, хусусан, адабиёти, маданияти ва илм-фан соҳасига ташхис қўйди, лотин алифбосини ислоҳ ...

Сиз учун қайси мавзулардаги маълумотлар қизиқ бўлади