Бу миллатга жуда қимматга тушади

Вазирликлар, ҳокимликлар инкор қилаверади, кўчаларда эса ўт юлаётган, супураётган, оқлаётган, гул экаётган ўқитувчиларни, тиббиёт ходимларини кўраверамиз.

Яқинда пойтахтдаги 8-оилавий поликлиника шифокорлари ва ҳамширалари ҳудудларни тозалашга чиқарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, Тошкент шаҳар ҳокимлиги буни дарҳол инкор қилди.

Мақола xabar.uz сайтидан олинди.

Қизиғи, айнан шу раддия берилган кун арафасида 13-поликлиниканинг кўча бўйидаги ҳудудида оппоқ халатдаги ҳамшираларнинг гул экаётгани, атрофни тозалаётганига шахсан гувоҳ бўлдим. Сиз ҳам тез-тез бунга дуч келасиз. Ўша ҳокимликларда ишлайдиганлар ҳам кўришади, билишади буни. Лекин тан олишмайди негадир.

«Поликлиниканинг ўзининг ҳудуди, уни ободонлаштириб, чиройли қилиб қўйса нимаси ёмон?» дегувчилар топилади. Ҳа, ҳар бир ишхона, ташкилот ҳудуди обод бўлганига нима етсин. Лекин бу ҳамширанинг вазифасига кирмайди-ку? Поликлиникалардаги боғбон штати нима учун очилган? Тушунаман, штат жадвали вазирликлар тасдиғидан ўтиб келади. Боғбонларни ёллаш, муносиброқ маош белгилаш тиббиёт муассасаларининг ихтиёрида эмасдир. Лекин бу қачонгача давом этади?

Ёдингизда бўлса, бир неча йил аввал поликлиникалар ҳовлиси, ҳудудидаги дарахтларнинг ҳар бирига қайсидир шифокорнинг исмини тахтачага ёзиб, бириктириб қўйиш тажрибаси оммалашганди. Ҳатто 30-40 йиллик дарахтларга ҳам. Бу кекса дарахтларни шифокор қандай парваришлашини бемаъни топшириқни берганларнинг ўзлариям тушунишмаган бўлса керак. Кўзбўямачиликнинг антиқа кўринишидан бўлак нарса эмас бу. Шифокор поликлиника ёки шифохона ҳовлисидаги ўзи тенги дарахтни эмас, муассасага нажот истаб келган беморни парваришласин, кучини, билимини шунга сарфласин. Ҳовлидаги дарахт ва гулларни битта боғбон ҳам жуда яхши эплай олади.

Ҳозир бунақа «эгали» дарахтлар ва ҳудудни ободонлаштириш «тажрибаси» йўқолиб кетгандир, лекин у бошқача кўринишларда пайдо бўлаверади.

Икки-уч йилча аввал Наманганда ҳам антиқа манзарага дуч келгандим (ҳозир борми-йўқми билмайман). Шаҳарга кираверишда йўли четида хоккей шайбасидек келадиган тошчалар бир неча километрга териб чиқилган ва улар битталаб оқланиб, ўзига хос «чизиқ манзараси» ҳосил қилинган (яна қайсидир ақллининг «инновация»си). Бу ишга ҳам айнан ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари мажбурланганини ўшанда сўраб билгандик. Энг ачинарлиси, уларнинг кунлаб сарфлаган мантиқсиз меҳнатини бир-иккита шум бола ёки йўл бўйидан ҳайдаб ўтилган мол, қўй бир зумда чиппакка чиқариши мумкин. Чунки тошлар ҳеч нарсага қотирилмаган, шунчаки териб чиқилган.

Каттақўрғондаги фожиа ҳақида кўп гапирилди. Аввалига ўқитувчиларнинг ихтиёрий-мажбурий меҳнатга олиб чиқилгани инкор этилди, бунақаси бўлмаган ҳам, бўлмайдиям дейишди. Кимлардир уни умумхалқ ҳашаридаги бахтсиз ҳодиса деб атади (аслида ҳашардан бир ҳафта олдин содир бўлганди у ҳодиса). Кейин барибир ўқитувчилар ободонлаштириш ишларига жалб қилингани тан олинди. Айтилишича, бу фожиага йўл қўйгани учун туман халқ таълими бўлими мудири ва мактаб директори ишдан олинган. Иш шу нуқтада ёпилиб кетса керакдир эҳтимол. Икки айбдор жазоланди-ку. Лекин умумий муаммо-чи? Муаммонинг илдизи-чи? Ўша илдиз қаерда? Мудир ва директор ўз ихтиёри билан кўча тозалашга олиб чиқаришмагандир ўқитувчиларни?

Бу илдиз фақатгина қайсидир бир кабинетдаги кресло эгасига бориб тақалмайди, албатта. Бу анча кенгайган, тизимли муаммо. Ҳатто битта ҳокимлик ёки вазирликнинг ўзи ҳал қилолмас балки. Гўёки бу ишларга умуман алоқасиз туюлган, дейлик, молия вазирлигигаям кўп нарса боғлиқдир?! Тизимли муаммоларнинг илдизиям кенг ёйилган бўлади. Бир кунда ёки бир киши ҳал қила олмайди буни.

Бу муаммони тўғри қарорлар, вазиятга янгича қарашлар, ёндашувлар ўзгартиради. Иллатнинг илдизи йўқ қилинмаса, қаердандир унинг «ниҳоли» бир кун униб чиқаверади.

  • Қачон ободонлаштириш ходимлари йўл бўйларидаги ажриқларни қўлда юлишни, оддий ўроқ билан ўришни (ажриқни ўроқда ўриб кўрганмисиз), йўл бўйидаги километрлаб тўсиқларни оддий чўткада қўлда оқлашни бас қилишса, шуларнинг ўрнини ишни унумлироқ ва сифатлироқ бажарадиган техника ва технологиялар тўлиқ эгалласа муаммолар арий бошлар балки.
  • Қачон ободонлаштириш ишларига фалон минг киши жалб қилинди деб ҳисобот топширилганида эмас, кўчаларимиз шу соҳа профессионаллари қўлида (нормал иш ҳақи эвазига) ҳақиқатан обод, чиройли кўриниш олса, ўшанда ўқитувчи ва шифокорлар тинч қўйилар балки.
  • Қачон…

Мен яхши эслайдиган ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида «университет профессори» дейилса, баланд чўққига қаралгандек туюларди. Мактаб ўқитувчилари далада кетмон кўтариб ёки мол-қўй етаклаб юрмасди. Бўлмаса, рўзғор тебратиш ҳозиргидан анча оғир эди у пайтларда. Ўқитувчилар буни ўзига эп кўрмасди. Ўқувчилар ҳам бундай манзарани ҳазм қила олмасди. Бугун ўша ўқитувчига кўча бўйида тошча тердирилаяптими? Маҳаллада одамларнинг товуғи санатилаяптими?.. Ким билсин, балки ўша ғурур кўплаб эркак ўқитувчиларни мактабларни ташлаб кетишга мажбур қилгандир.

Халқ ўз фарзандлари келажаги ва камолини муаллимларга ишониб топширади, соғлиғини эса шифокорларга. Миллатнинг ақлий ва жисмоний баркамоллиги шу икки тоифа зиммасида. Шундай юк, масъулият уларнинг гарданида турсаю, биз уларни кўча ишига ҳайдаймизми?! Келажаги порлоқ бўлиши учун ўша жамият муаллимларида ғурур ва обрў, шифокорларида эса билим ва малака баланд бўлиши шарт! Ҳеч бўлмаганда шу фазилатлар қайтса ва топталмасайди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Президентни “ӯзбекистон қаҳрамони” унвони билан тақдирлаш шарт эмас

Яқиндагина Ӯзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни олий даражадаги мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлашга доир илгари сурилган таклиф Facebook ...

Ўзбекистонда facebook ‘ўлди’ми?

Ўзбекистонда Facebookдан фойдаланишда юзага келган муаммолар ўз маҳсулотларини ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилиб келган тадбиркорларга салбий таъсир кўрсатган. Бу ҳақда ...

Тошкентда “садо” гуруҳи асосчиси¸ бастакор ва актëр владимир барамиков оламдан ўтди (видео)

Ўзбекистондаги илк поп мусиқий гурух "Киберги" асосчиси¸ “Садо” ансамбли бадиий раҳбари бастакор¸ киноактëр Владимир Барамиков 13 ноябрь куни давомли хасталик ортидан ...