Таҳририят журналистининг маоши нимага ҳам етсин?

Бугунги кунда интернет сайтларида турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ойлик маоши камлиги ва бу оиласини боқишга етмаётганлиги ҳақида аниқ фактларга таянган ҳолда кетма-кет мақолалар эълон қилинмоқда.

Мана, масалан, яқинда ўз ўқувчиси ҳамда нуфузига эга бўлган сайтда эълон қилинган мақоладан бир парчани келтирамиз: «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида кўп йиллик иш стажига эга ходимлар жуда ҳам ҳақоратомуз маош олишаяпти. Масалан, 32 йиллик умрини шу заводга бағишланган, ҳар йили пахта мавсумида Қорақалпоғистонгача бориб, ойлаб оиласидан узоқда, қийин шароитларга кўниб пахта терган, 4 нафар фарзанди (3 қиз ва 1 ўғли) бор, рафиқаси уйда ўтирадиган, бошқа даромад манбаи йўқ эркакнинг ойлик маоши 450 000 сўм бўлса, назаримда, бу ноинсофлик ва адолатсизлик!».

Ойлиги кам бўлса-да, ватанпарварлик ҳисси билан мамлакатимиз равнақи йўлида кеча-кундуз меҳнат қилаётган турли касб эгалари қаторида ижтимоий-сиёсий газеталарда ишлаётган журналистларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда журналистларимиз мамлакатимизда руй бераётган демократик ислоҳотларни кенг ёритиш, уларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириб бериш, шу орқали фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда асосий тарғиботчи вазифасини ўтамоқда. Шу билан бирга жойларда кузатилаётган муаммо ва камчиликларни ёритишда, мутасадди ташкилот ва раҳбарларнинг масъулиятини кучайтиришда катта таъсир кучига эга бўлмоқда.

Лекин бу куч бугунги ислоҳотлар жараёнида етарли даражага кўтарила олмаяпти, очиғини айтсак, оммавий ахборот воситалари ходимларида жасорат етишмаяпти. Энди савол берайлик: журналист қачон ўз кучи ва имкониятларига ишонади? Қачон одамларни фаол бўлишига ундай олади?.. Бу саволларга жавоб бериш анча мураккаб, айни пайтда кўплаб омилларга боғлиқдир.

Бир ўйлаб кўрайлик, марказий оммавий ахборот воситаларида туну кун ишлаётган ҳамкасбларимизнинг аксарияти, айниқса ёш мухбирларнинг кўплаб ҳуқуқлари чекланган, кам маош билан, бу ҳам етмагандек уй-жойсиз юрган бўлса… Кўплаб ёш ҳамкасбларимиз жамиятдаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, таҳлилий материаллар тайёрлаш ҳақида эмас, биринчи навбатда қандай қилиб рўзғор тебратиш, аччиқ бўлса ҳам айтиш керак — кун кўриш ҳақида бош қотирмоқда.

Бир хонали уйни ижарага олиш Тошкент шаҳрида бир миллион сўм, бунинг устига уйнинг ижтимоий тўловларига (газ, электр, иссиқ ва совуқ сув, ТВ ва ҳоказолар) ҳам пул топиши керак. Энди савол: оилали, икки ёки учта фарзанди бор ёш журналист боғча, мактаб учун кетадиган харажатларни қандай тўлайди?

Яна бир савол: журналист ташкилотларга бориб тадбирларда қатнашиши, интервью олиши учун ҳеч бўлмаганда ўртаҳол, уялмайдиган тарзда кийиниши ва юриш-туриши учун қаердан маблағ топади? Дангалини айтганда турли вазирлик ва идораларда яхшигина ҳақ олиб ишлаётган айрим танишларимиз мухбирларнинг нега бир аҳволда, кайфиятсиз юришига ҳайрон ҳам қолишади.

Дунёда, ҳатто собиқ тузум даврида ҳам журналистларга катта ижтимоий аҳамиятга эга соҳа вакиллари сифатида қаралган. Улар ҳар доим муҳофаза қилинган, қўллаб-қувватланган. Ҳозир катта-катта лавозимларда ишлаётган устозларимиз бир пайтлар мухбир бўлиб юрганида имтиёзли ҳам эмас, балки текинга уй олган. Лекин улар нимагадир ўзларининг мухбирлик давридаги ҳолат билан ҳозирги ҳолатни солиштиргилари келмайди. Тан олмайди. Ваҳоланки, ўша вақтларда 3-4 йил ишлаган ўртоқ мухбирлар ўз-ўзидан уйга навбатга қўйилган. Яъни улар кўнгли хотиржам, эртанги кунидан қўрқмасдан ишлаган. Агар оилали бўлса, икки-уч нафар фарзанди бўлса, 3-4 хонали уй олиши аниқ бўлган.

Бугун ён-атрофимизда ўн-ўн беш йилдан бери ишлаб, елиб-югуриб эртанги ҳаёти нима бўлишини тасаввур қилолмайдиган, болаларининг келажагини ўйлаб қўрқувга тушаётган ҳамкасбларимиз оз эмас.

Ҳар бир тизимда, ҳар бир соҳада стратегик мақсад бор. Вазирликлар, идоралар келажакда қандай ривожланишини тасаввур қила олади. Лекин бизнинг журналистикада биз интилаётган демократия учун ўта муҳим бўлган соҳа ҳақида ҳозирча, афсуски, бундай дея олмаймиз. Ўйлашимча бу соҳани ривожлантириш учун муайян стратегия ёки дастур ҳақида жиддий ўйлаб кўриш вақти аллақачон келган…

Муаллиф: Тоштемир Мурод

Манба: xabar.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қирғиз депутатлари: президент ва спортчилар хорижда қирғиз қалпоқ кийиб юрсин

Қирғизистон парламенти депутатлари “оқ қалпоқ” бош кийимини мамлакатнинг бошқа миллий рамзлари – давлат байроғи, герб ва гимнга тенглаштиришни таклиф қилишди. Қонун лойиҳаси ...

Элдор муҳаммадиев: самарқандлик ўқувчи қизлар гинеколог текширувидан ўтказилмаган

Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчиларининг бокиралиги текширилгани ростми? Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси хорижий ОАВларда тарқалиб кетган шу мазмундаги ...

Кино кўзгусига эҳтиёжимиз бор (ёки бугунги кино асарлари ҳақида икки оғиз сўз)

Кино бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган санъат турига айланиб улгурган. Яъни унинг оммавий тус олганига анча бўлган. Демак, кино ҳақида гапирганда шу доминант жиҳатни ...