Мусаввирлар: Диктаторни кўкка кўтаришни бас қилинг!

Бир неча йил давомида Сонг Бёк Шимолий Кореянинг тарғибот машинасида асосий роль ўйнаб келган. Ҳвангҳай провинциясидан бўлган ушбу рассом бошқарувдаги элита назарига тушиб, тузумга хизмат қилувчи шахс сифатида танлаб олинган эди.

Жаноб Сонг Америка ва Японияга қарши кайфият билан суғорилган жўшқин суратлар солар, бахтдан масрур кореялик ишчилар, ва, албатта, Ким сулоласини тасвирлар эди.

«Пропагандага хизмат қилувчи рассом сифатида Шимолий Корея ва унинг раҳбарларини дунёда энг зўр қилиб кўрсатишингиз зарур,» дейди Би-би-си билан Сеулдаги ўз уйида суҳбатлашган жаноб Сонг.

«Шимолий Кореяда ранг-тасвир санъати фақатгина ҳаётнинг гўзал томонини кўрсатиши лозим: мамлакатда уйсизлар умуман йўқ, тўйиб овқат еганидан ҳамманинг юзи лўппи.»

Қийноқлар кундалик одатий ҳолатга айланган меҳнат лагерьидан омон қолган жаноб Сонг 2002 йилда Жанубий Кореяга қочиб ўтади.

«Шимолий Корея маҳбуслар лагерьида бўлиш жуда азобли,» эслайди у чуқур хўрсиниб. «У ерда қушларнинг сайрашини эшитиб, кўм-кўк осмонга тикилиб, ўлишни истайсиз. Шу сабабли ҳам Ким Чен-инни ижобий суратда кўриш мен учун қанчалик оғир эканлигини тасаввур қилишингиз мумкин.»

АҚШ президенти Доналд Трамп билан узоқ кутилган учрашув натижасида Ким Чен-иннинг дипломатик саҳна қаҳрамонига айланганини кўриш жаноб Сонгнинг ёдига ўтмиш хотираларини яна бир солиб, уни азоблайди.

Баъзи мамлакатлар раҳбарлари эса фурсатдан фойдаланиб, бир вақтлар ўзининг ядровий қуроллар дастури ва инсон ҳуқуқлари доирасида мавжуд оғир аҳволдаги ҳолати сабабли дунёдан узилиб қолган шахс билан танишиб олишга ошиқмоқда.

«Жуда кўп инсон ушбу тузум қўлида қурбон бўлди. Одамлар қандай қилиб бундай тузумни инсонпарвар, деб аташи мумкин?» дейди жаноб Сонг. «Улар диктаторни кўкларга кўтармоқда, унинг тузумини ялтироқ қоғоз билан ўрамоқда. Бунинг бари хато…»

Сеулнинг ҳаёт қайнайдиган Гангам туманида бошқа бир қочоқ рассом Чой Сеонг-гук яшайди.

Ўтмишда пхенянлик бу мусаввир давлат буюртмалари асосида Ғарб жосусларини ўз карикатураларида тасвирлаб келган.

«Асли шимолий кореялик шахс сифатида Ким Чен-инга нисбатан ёғдирилган мақтовлар менинг ғазабимни қўзғайди,» дейди у.

«Бундай мақтовларни айтовчи одамлар мен ва оилам каби азобларга гирифтор бўлиб, калтакланган асл шимолий кореяликларни ҳеч қачон учратмаган. Улар қандай уқубатли ҳаётни бошдан кечирганимиз ҳақида ҳеч нарса билмайди.»

Ҳозирда Сеулда яшаётган 30 ёшлардаги жаноб Чой Жанубий Корея филмлари нусхаларини сотишда айбдор, деб топилиб, Шимолий Кореянинг нуфузли пойтахтидан махбуслар лагерьига юборилган. У 2012 йилда ўз оиласи билан ватандан қочиб кетишга қарор қилади.

Хорижда истиқомат қилаётган бошқа кўплаб ватандошлари каби жаноб Чой ҳам Трамп-Ким саммитини диққат билан кузатмоқда.

«Кимнинг жаҳон етакчилари билан бир қаторда тушган суратлари менинг жаҳлимни чиқаради. Бу унинг Шимолий Кореядаги обрўсига обрў қўшиб, одамлар миясининг янада заҳарланишига хизмат қилади, холос,» дейди у.

12 июнга режалаштирилган Цингапурдаги саммит икки давлат раҳбари ўртасидаги ўзаро сўзлар урушидан сўнг бекор қилинган эди, лекин Пхеняннинг ярашув кайфиятидаги баёнотидан сўнг у яна қайта тикланиб, кун тартибига қўйилди.

«Бутун дунё Ким билан ўтказиладиган биргина музокара Шимолий Корея муаммосига барҳам беради, деб ўйлаётган кўринади. Бундай қараш мени жуда ҳайратга солмоқда,» дейди жаноб Чой.

Чой Сеонг-гук асариФото муаллифлик ҳуқуқиSONG BYEOK

«У буткул умидсизликка тушиб, бош уришга эшиги қолмагани учунгина ўзини гўё тинчликпарвар сиёсатчидек тутмоқда.»

«Доналд Трамп дунёдаги энг қудратли мамлакатни бошқаради. Шу учун ҳам унинг инсонийликни таъминлаш йўлида масъулияти катта. Унинг ўйлаб қўйган режалари борлигига ишонаман. Умид қиламанки, у шимолий кореяликларни эътиборсиз қолдирмайди.»

Сонг Бёкдан кун келиб, хавфсизлигингиз кафолатланса, Шимолий Кореяга қайтган бўлармидингиз, деб сўраганимизда у қалбда қувонч билан «ҳа,» деди.

«Албатта. Пхенянда санъат кўргазмаси ташкил қилиб, юртдошларимга фикрни изҳор қилиш эркинлиги қандай бўлишини кўрсатишни хоҳлайман. Бу ҳаётдаги энг буюк орзуйим. Жоним танамдан узилмасдан олдин бу орзуйим рўёбга чиқади, деб умид қиламан.»

Чой Сеонг-гук асари

Бироқ Чой Сеонг-гук каби жаноб Сонг ҳам Ким билан ўтказилаётган музокаралардан ташвишда.

«Мун Чже-ин ростдан ҳам Кимнинг Шимолий Кореяни ядро қуролидан ҳоли мамлакатга айлантиришига ишонадими?» ҳайрон бўлади у жаноб Ким ва Жанубий Корея президенти ўртасида яқинда бўлиб ўтган тарихий учрашувга ишора қилиб.

Чой Сеонг-гук ота-онасиФото муаллифлик ҳуқуқиBBC/HEATHER CHEN
Image captionЧой Сеонг-гук ота-онаси

«Жанубий Корея президенти маъмурияти, ҳаттоки, Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни кўтармади ҳам.»

Чой Сеонг-гук асарлари Шимолий Кореяда намойиш қилинармикан?Фото муаллифлик ҳуқуқиBBC/HEATHER CHEN
Image captionЧой Сеонг-гук асарлари Шимолий Кореяда намойиш қилинармикан?

Аммо у ҳамон Трамп-Ким саммити шунчаки «бир тадбир» бўлиб қолмасдан ўз ватани учун қандайдир ижобий ўзгаришлар олиб келишидан умид қилади.

«Трамп ва Кимнинг бу учрашуви ватанимни буткул ўзгартириб юбориш йўлида илк ташланган қадам бўлиб қолади, деб умид қиламан,» дейди у.

Манба: bbc.com/uzbek

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон водопровод суви хавфли бўлган 187 та мамлакат қаторидан жой олди

Globehunters турагентлиги АҚШнинг Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотларига таяниб, водопровод суви хавфсиз бўлмаган мамлакатлар рўйхатини тузди. Бу ҳақда ...

Дунё бўйлаб муҳожирлар сони 272 миллион нафарга етди

БМТ маълумотида келтирилишича, ҳозирда жаҳондаги муҳожирлар миқдори 272 миллион нафарга етган.  Энг кўп – 82 миллион нафар муҳожир Европада, Шимолий Америкада – 59 миллион, ...

Эронда нархларнинг ошишига қарши чиққан одамлар ҳибсга олинди

13-май куни Эроннинг бир қанча шаҳарларида озиқ-овқат нархи ошишига қарши чиққан камида 20-30 нафар намойишчи ҳибсга олинди. Мамлакат президенти шу ҳафтада бир қатор ...