Биз кўп таъминланганмизми? Ҳоким билан суҳбат

«Кам таъминланган оила». Бу тоифага кимлар киради? Кимлар «кўп таъминланган оила»? Мухбиримиз Каримберди Тўрамурод Ширин шаҳри ҳокими Илҳом Бегалиев билан шу ва бошқа мавзуларда суҳбатлашди.

Қабул куни

Сирдарё вилоятидаги Ширин шаҳри ҳокими билан учрашгани унинг қабул куни бордим. Асосан кексалар, турли шароитларини яхшилаб беришни илтимос қилиб келишган. Ҳоким қабулига келган барчанинг гап-сўзларини бўлмасдан тинглади, уларнинг ҳаммасига мулойимлик билан жавоб бериб, илтимосларини ёзиб олди, айримларининг талабини шу ердаги идора раҳбарларига айтиб ёки телефон орқали буюриб, жойида ҳал қилиб берди.

Аммо охирида Умиджон деган 25 ёшлардаги бир йигит кириб, «Кам таъминланган оиладанман, уй олишимга ёрдам беринг» деганида анчагина қизишиб кетди. Умиджон Ширин шаҳрининг деярли барча ёшлари сингари ГЭСда ишлар экан. «Қишлоқдан келиб, битта уйда ижарада турамиз, кекса онам ва бир бўйи етган синглим бор, уни узатишимиз керак, етказа олмаяпман», — дейди йигит.

− Нечанчи разрядсан? – сўради ҳоким.

− Учинчи, − жавоб берди йигит.

− Саккизинчи ё ўнинчи разряд олишингга нима тўсқинлик қилаяпти? – сўради ҳоким.

Йигит ерга қаради.

− Жавоб бера олмайсан, − деди ҳоким. – Ўзим жавоб бераман: сен ишёқмассан. Камига ўқимайсан, билимингни, тажрибангни оширишни истамайсан. Исботлаб бераман, қишлоқдан келганман дединг, ҳовлингга нима эккансан? Молинг, қўйинг, товуғинг борми?

Йигит бу саволларнинг бирортасига жавоб бера олмади.

− Майли, ўз соҳангдан савол бераман, қувурларга қўйиладиган очиб-ёпадиган мосламаларга икки хил рақам ёзилади, улар нимани англатади?

− Биринчиси қувурнинг ички диаметри, иккинчисини …билмайман, − деди йигит.

− Билмайсан, билишга уринмайсан ҳам, ваҳоланки сен уни билишинг шарт, − деди ҳоким. – Иккинчиси ўша деталнинг неча атмосфера босимигача бардош бера олишини кўрсатади.

Йигит яна ерга қаради.

− Мен осмондан оёғимни узатиб, ҳоким бўлиб тушмаганман, − деди ҳоким. – Сен ишлаган корхонада оддий чилангарликдан бошлиқликкача кўтарилиб борганман. Ҳокимлик касб эмас, бугун ҳокимликни ташлаб, ГЭСга борсам, мени яна 15-разрядим билан ишга олишади. Сен ишлаётган цехда сендан яхшироқ ишлайман. Аммо ҳокимман деб уйда ҳам керилиб ўтирмайман, ҳовлимда молим, қўйларим, товуқларим бор. Ишгача ва ишдан кейин ана шуларга ўзим қарайман, керак бўлса, даладан ўт ўриб келаман, емини бераман, тагини тозалайман. Ҳовлимни тўлдириб экин экканман. Рўзғоримдан ортганини бозорга чиқариб сотишдан ҳам уялмайман.

Кейин ҳоким калкуляторни олиб, 3-разрядли ишчининг ойлигини адашмай ҳисоблаб берди:

− 850 000 сўм ойлик оларкансан, − деди ҳоким. – Мен сенга энг арзон уйни берсам ҳам бу ойлигинг унинг ойма-ой тўлаб бориладиган миқдорига етмайди. Ваҳоланки шу ойлигингдан еб-ичишинг, ўзинг айтганингдек, синглингни ҳам узатишинг керак. Шунинг учун аввал разрядингни ошир, ойлигингни ўзинг кўтар, уй масаласини кейин кўрамиз. Синглингни эса ижара уйдан ҳам чиқарсанг бўлаверади. Тўйига айтсанг, ёрдам берамиз.

Суҳбат мавзуси

− Ҳокимга кирсам, бирор уй беради деб келган йигит, отаси ҳам айтмаган танбеҳларни эшитиб кетди-ку, ҳоким бува? – дедим йигит норози қиёфада чиқиб кетгач ва шу билан суҳбатимиз бошланди.

И.Б.:

− Узр, мана шунақа ишёқмас, лапашанглар келиб, «Кам таъминланган оиладанман» деб турса, руҳий мувозанатдан чиқиб кетаман, сал қизишдим. Қаранг, тоғни урса талқон қиладиган йигит. Келиб «кам таъминланган оиладанман» дейди-да. Биласизми, энг ёмон кўрганим шу сўз. Нима, биз кўп таъминланганми? Биз эришган нарсаларимизни биров қилиб бердими? Нимага эришган бўлсак, ўзимиз, ўз кучимиз, билимимиз, интилишимиз билан эришдик.

К.Т.:

− Ҳа, бизга ҳам жуда кўпчилик ёрдам сўраб мурожаат қилади. Кап-катта эркаклар келиб, уй олишимга ёрдам беринг дейди. Мен ҳам қишлоқдан ҳовли қилдим, ишим шаҳарга ўтгач, шаҳардан ҳам уй олдим, машина олдим, лекин бирортасини олишда бировдан ёрдам сўраганим йўқ. Жуда қаттиқ меҳнат қилиб олганман ҳаммасини. Ейиш-ичишдан қисишга тўғри келган, уч-тўрт жойда ишлашга ҳам тўғри келган. Ўзим ўқитувчи, аёлим тиббиёт ҳамшираси бўлишига қарамай, ҳовлида қўй, мол боққанмиз, даладан ер олиб, деҳқончилик ҳам қилганмиз. Ҳаммасига улгурганмиз. Биз ҳам аслида «кўп таъминланган оила» эмас эдик…

И.Б.:

− Шу сўз қаердан чиқиб қолганини биласизми? Алишер Навоий бобомизнинг асарларида бормиди шу сўз? Бобурда, Машрабда, ҳатто ўз уйи бўлмаган Муқимийда бормиди шу сўз? Бизнинг ўзбек халқимиз қадимдан ориятли, мағрур халқ. Юртимизни босиб олган Россия империяси, кейин қизил империя халқимизнинг ана шу ғурурини синдиришга жуда катта куч сарфлашди. Айнан ўзбекнинг орияти, ғурури синмагани уларни қутуртирарди. Бутун бошли республикани пахта етиштириб берадиган қуллар мамлакатига айлантириб қўйишди, халқни очликда, қашшоқликда тутиб туришди, аммо ўзбекларнинг ғурури синмади. Халқимиз уруш балосини, қаҳатчилик, қимматчиликларни кўрди, аммо ғурури синмади. Эслайсизми, мактабларда текин кийим-бош беришни йўлга қўйишди. Ана шу кийим-бошни беришда илк бор «кам таъминланган оила фарзандларига» деган сўз ишлатилди.

К.Т.:

− Ўзим ўқитувчи бўлганман, яхши биламан. Мактабга ўшанақа кийим-бошлар, оёқкийимлар, ҳатто ичкийимлар келарди. Мактабда берсак-ку, болалар олишмасди, ор қилишарди, уйларига олиб бориб берсак ҳам ота-оналар йиғлашарди, лекин олишмасди.

И.Б.:

− Ҳа, яшанг, нима учун олишмасди? Ғурурлари борлиги учун. Ўзи камбағал бўлса ҳам «кам таъминланган оила» деган отни олмаслик учун ҳалиги кийимларни олишмасди.

К.Т.:

− Уйларига бериб келсак, мактабга ташлаб кетган ота-оналарни кўрганман. «Молимизни сотаман, ўтирган гиламимизни сотаман, аммо анови давлатнинг кийимини кийдирмайман!» дерди ориятли оталар.

И.Б.:

− Энди-чи? Энди нима бўлаяпти? Россия империяси даврида «кам таъминланган оила» деган номдан ор қилган, қизил империя замонида бу номни олишдан ор қилган ўзбек охирги чорак асрда ана шу ном учун талашадиган бўлмадими? «Қўшнимга давлат ёрдам берди, уйини таъмирлаб берди, нега менга ёрдам бермаяпти?» деб порталга ёзишмаяптими? «Қўшнимнинг боласига кийим-бош беришди, нега менинг боламга текин кийим беришмайди?» деб прокуратурага, судга мурожаат қилишмаяптими? Ваҳоланки ўша порталга ёзаётганлар ўзига тўқ, тўрт-бештага ёрдам берса бўладиган оилалар.

К.Т.:

− Яқинда бир аёл мурожаат қилди. Ҳокимият «сизга уй қуриш учун берилган ерга уй қурмасангиз, у ерни қайтариб оламиз» дейишибди. «Шунга масжидларнинг имомларига айтиб, халқдан бирор эллик миллион сўм йиғиб берсангиз». Эътибор беринг, эллик миллионни шунчаки сўрамаяпти, «Бирор эллик миллион сўм» деяпти. Суриштирсам, 30 ёшли ўғли бор экан, бир жойда муқим ишламас экан. Тиббиёт коллежини битирган икки қизи эрдан чиқиб келиб, онасининг олдида ўтирибди экан, аммо улар ҳам ишламас экан. Нега ишламаслигини сўрадим. «Эрдан чиққан қизлар ишга бориб келса, қўни-қўшнилар гап қилади». Э, масжиддан «бирор эллик миллион сўм» сўраганларини гап қилмайдиган қўни-қўшни қизлари бирор шифохонага бориб ишлаб, ҳалол пул топишини гап қилар экан! Ажабо!

И.Б.:

− Худди мана шунақаларнинг шиорига айланиб қолди «кам таъминланган оила» деган гап. Қаранг, аёлнинг ўзи ишламаганда ҳам, уч фарзанди ишласа, садақага сўраган пулларини ўзлари топишади-ку? Йўқ, бунақалар ишлаб топишни истамайди. Сиздан сўрайди, бошқадан сўрайди. Сизга ўхшаган камида ўттиз кишига мурожаат қилади, биттасидан бўлмаса, бошқасидан униб қолар дейди. Албатта, элимиз эҳсон қилишни яхши кўради. Буларнинг қийналиб қолганига ишонган соддалар қўлларидан келганча пул йиғиб беришади. Қарабсизки, булар кейин ана шу йўлга ўтиб олишади. Садақа сўрашни касб қилиб олишади. «Кам таъминланган оила» деган сўзни байроқ қилиб, кирмаган идораси қолмайди.

К.Т.:

− Ҳа, шариатда садақа сўраш бир марта жоиз экан, у ҳам болалари оч қолиб, ўлиши муқаррар бўлиб қолган оила раҳбарига. Аммо халқимизнинг хайру эҳсонга қўли очиқлигидан фойдаланган текинхўрлар садақа сўрашни одат қилиб олишмоқда.

И.Б.:

− Бундайларга садақа бериш керак эмас, пул топишнинг йўлини кўрсатиб қўйиш керак. Ўзлари ишлаб пул топсинлар.

К.Т.:

− Ёки буюк бобомиз Амир Темур ҳазратларининг васиятига амал қилиш керак: «Фарзандларим, мамлакатимда тиланчи бўлмади. Сиз ҳам ана шунга эришинг. Тиланчиларга ишлаш имкониятини беринг, уларни ишлашга мажбур қилинг. Ишлашни исташмаса, …ўлдиринг!».

И.Б.:

− Биласизми, анови болага бекорга айтмадим 15-разрядли чилангарман деб. Ростан ҳам оддий чилангарликдан иш бошлаганман. Бир рус аёли «Ўзбеклар пахта экиш ва пахта теришдан бошқа нарсани билмайди, биз Ўзбекистондан чиқиб кетсак, ҳамма ўзбеклар нима иш қилишни билмай ўтириб қолишади» деб мени камситган эди. Ўз кучим билан ўқиб, ўрганиб, худди ўша рус аёли ишлайдиган цехга 26 ёшимда бошлиқ бўлганман. «ГЭС ойлигингни бермаса, неча ой яшай оласан?», — деб сўраган эди ГЭС директори. «Олти ой ойликсиз ишлай оламан, аммо кейин ҳам яшайвераман», — деганман. «Руслар бир ой яшай олмайди» деган директор мени цех бошлиғи қилиб тайинлаган. Ростан ҳам ГЭСдан ёки бугунги лавозимим – ҳокимликдан кетсам ҳам мени томорқам боқади. Мен яхшигина деҳқонман, боғбонликдан ҳам хабарим бор. Хуллас, оч қолмайман. Аммо оч қолсам ҳам тиланмайман.

К.Т.:

− Қабулингизга келган йигит насиҳатларингизни олиб, ўз устида ишлаб, ўзи ойлигини ошириб олармикан?

И.Б.:

− Йўқ. Норози бўлиб чиқиб кетганини кўрдингиз-ку? Энди у ёрдам бермади деб порталга ёзади. Ана шунақаларнинг бахтига чиққан портал. Бозорда сабзи қиммат бўлса ҳам порталга ёзади, пиёз арзон бўлса ҳам. Энди бу йигит қадами етган жойга мени ёмонлайди. Бошқалардан ёрдам сўрайди. Ҳадеб ёзавергач, кимдир безор бўлганидан унга битта уй берса, бўлди. Кейин хотин олиб беринглар деб ёзишни бошлайди. Кейин битта машина сўрайди. Шундай қилиб, эришиш мумкин бўлган ҳамма нарсага тиланчилик билан эришишни истайди бунақалар. Аммо ишлаб, ҳаракат қилиб, тиришиб эришишга бўйни йўғонлик қилади.

К.Т.:

− Исми Умид экан, умид қилайлик, меҳнати, билими билан ўзи ҳам бой бўладиган, юртни ҳам бой қиладиган йигит бўлсин, ақлли ёшлар кўпайсин!

И.Б.:

− Ўзига ҳам айтдим, исминг Умид экан, ўқи, излан, яхши кунларга умид қил деб. Албатта, ўқиб, изланиб, фойдали нарсаларни кашф қилаётган, юртга нафи тегаётган ёшларимиз ҳам кам эмас. Ана шундай шижоатли ёшларимиз кўпайишидан умид қиламиз.

К.Т.:

− Мазмунли, энг муҳими, ибратли суҳбатингиз учун ташаккур!

И.Б.:

− Суҳбатимиздан фойда чиқсин денг. Мен битта нарсани истайман: «кам таъминланган оила» деган сўз тилимиздан чиқиб кетсин. Етар халқимиз «кўп таъминланган оила» мақомини олишни шунча кутгани. Энди барча оилалар «кўп таъминланган оила» бўлсин!

К.Т.:

− Яшанг, ўша сўз ҳам йўқолсин, «кам таъминланган оила» ҳам қолмасин!

Каримберди Тўрамурод 

Манба: «Хаbar.uz»  

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Риштонлик блогер дима қаюм «самосуд» қилинди

Блогер Дима Қаюмга нисбатан кеча, 15 октябрь куни Фарғона вилояти Риштон туманида «самосуд» ҳолати уюштирилди. Унинг олиб бораётган ҳайрли ишлари ва блогерлик фаолияти ғашига ...

Қозоғистон билан қирғизистоннинг байроғидаги қуёшни ойга алмаштиришни таклиф қилишмоқда

Байроқларнинг рангини шундайча қолдириб, фақатгина Ислом динининг рамзи сифатида қуёшни ойга алмаштириш таклифи айтилди. Қирғизистон билан Қозоғистоннинг байроғидаги қуёш ...

Мирзиёев собир муродовни ўз ишини эплай олмагани учун ишдан олди

Тошкент вилояти ҳокимлигида Президент раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилиши давомида Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Собир Муродов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400