УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ – ХОТИРА ДАФТАРИМДАН

Рауф Парфи

Рауф ака кўп хушлайдиган гапларидан бири бу турғунлик замони (1980-йиллар охири) деб аталган пайтларни тожиклар “замони карахти” деб аташидир. Қандай зўр топиб айтишган. Ҳақиқатан ҳам одамлар карахт, ҳеч ниманинг фарқига боришмайди”  деб қўярдилар.

                                               27 май,1993 йил.

 

Рауф аканинг 50 йилликларини Оқ тепадаги уйларида ҳар қалай нишонладик. Турсун Али Муҳаммад бошлиқ бир неча полвонлар, шоирлардан Яҳё Тоға, Нурилло Остон ва яна баъзи бир дўстлар бор эди. ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига саҳифа тайёрлай олмаганим ва уйларини таъмирлашга улгурмаганимиз бир армон бўлиб қолди.

4 октябрь,1993 йил.

 

Уч кунча олдин Рауф аканинг оналари-Сакина ая оламдан ўтдилар.Кеча Шўралисойда катта маракаларини ўтказдик.

Рауф ака “Энди ҳеч кимим қолмади” деганларича бор.Она кетса ҳеч нима қолмагандек туюлади кўзга.

                                    8 декабрь,1995 йил. 

САКИНА ИСАБЕК ҚИЗИ

 Бу мунис сиймони эслаганимда юрагим зирқираб кетади. Ўз онам ёдимга тушаверадилар. Шоир онаси бўлиш бу – бутун умр фарзанд йўлига кўз тикиб ўтиш азоб-уқибатидир дегим келади. Рауф ака-ку тез-тез бориб турардилар. Тошкент билан Шўралисой ўртасидаги масофа 30-35 км чиқар. Мен эса 700 км узоқликдаги онам олдиларига 3 ойлаб бормай,қанча соғиндирганман-а!. Онам эса укаларимдан “Чоршамъ ҳам мени соғинармикин” деб сўрар эканлар. Сакина ая бундай ўйга борган-бормаганларини билмайман. Лекин ҳамма шоирлар онаси қисмати осон кечмайди.

Сакина ая билан танишувим 1985 – йилларга тўғри келади.Қайнонам Зебихон ая Водилдан бизникига келганда, албатта,  Шўралисойга борардилар. У  ерда яшайдиган тўнғич  фарзандлари Маълуба опаникига, кейин эса Сакина ая олдиларига ўтардилар. Бир гал мен ва Зулхумор ҳам бирга боргандик. У киши колхоз томонидан қурилган мўъжазгина ғиштин уйда бир ўзлари яшардилар. Эски темир дарвозадан кириб борганда чап томонда бўш ер, нарироқда бир неча ёнғоқ дарахти бор эди. Уй олди ва ён томонида ҳусайни узуми, сал ичкарида тандиру-ўчоқ, кичкина сўри. Уй олдида ҳам анчагина сабзавот, помидор экилганди. Бизни жуда илиқ кутиб олгандилар. Зулхуморни олдиндан танир эканлар (у Тошкентда ўқиб юрганда опасиникига келганда хабар олиб турган), келмай қўйганидан гина қилдилар. Мен ҳақимда ҳам Рауф акадан эшитган эканлар.

-Сувимни бир кўриб берсангиз. Қўшниларнинг кранидан яхши чиқади. Бизникидан эса кам,-дедилар.

Мен Рауф акани кийимларини кийиб ишга киришдим.Сув қувури анча чуқурликда экан.Қазиб очгунча кўп вақт кетди. Катта қувур яхши экан-у, унга уланган кичик қувур вақт ўтиши билан чириб, ичини қурум қоплаган экан. Мен катта қувурга яқин жойдан эгов билан кичик қувурни кесиб  олдим ва резина шланг уладим. Сув босими кўпайди.

Сакина ая менинг атрофимда елиб юрардилар. Чой олиб келиб бериб:

-Чарчамадингизми, қўйинг болам, дамингизни олинг,-деб далда берардилар. Мен ҳозирча шундай фойдаланиб туришларини, кейинги сафар келганда атрофини цементлаб, яхши, мустаҳкам шланг ўрнатишимни айтдим.

Рауф аканикига борганимда:

-Онажоним сиздан жуда хурсанд. Сув қувурини тузатиб берибсиз. Тез-тез бориб туринг. Таморқанинг ҳам кўпи бўш ётибди. Бирор нима эксангиз яхши бўларди. Бу ишлар менинг қўлимдан келмайди,-дегандилар.

-Хўп, Рауф ака. Ўйлаб кўраман.

Дарҳақиқат, ўша ерга кунгабоқар экдик. Яхшигина ҳосил берди. Пишиб етилгач Сакина ая:

-Бу ерда ёмон одамлар кўп. Семечкани ўғирлаб кетишади. Тезроқ йиғиштириб олинг,- деб қолдилар.

Биз у ердан фойда олишни кўзламаган, шу баҳона Сакина аядан  хабар олиб туришни ният қилгандик. Назаримда, кунгабоқарни қўриқлашга ҳам мажбур бўлганлар шекилли. Мен тезда кунгабоқарни йиғиштириб, ситиб, қопларга солиб бозорда сотдим ва пулини тенг ярмини Сакина аяга  тутқаздим. Шунда у киши:

-Пулни олмайман,- деб туриб олдилар.

-Унда мен ҳам келаси йил нарса экмайман. Ер сизники бўлгач тенг ҳаққингиз бор,-дедим. Кейин рози бўлдилар. У киши:

-Мени игна боқади,- дер эдилар уйларидаги кўрпа-тўшакларни кўрсатиб. Дарҳақиқат,  кишилар буюртмаси бўйича кўрпа-тўшак  тикардилар. Суюкли мушуклари бўларди. Дардларини  ўшанга айтардилар. Уйларига радиоузел келган бўлиб, уни сира ўчирмасдилар. Ишласалар ҳам қулоқлари радиода бўларди.

-Ҳалиги кун Турсун Али (Рауф акани шундай атардилар) шеър ўқиди. Яна ўқийди деб ўчирмайман– дердилар.

Бу гапни шундай бир фахр билан айтар эдиларки,Рауф акага бўлган оналик меҳри барқ уриб турарди.Гарча мен  ҳалиги кун радиода  шеърни бошқа шоир ўқиганини билсам-да (радиода ишлаганим учун дастурларни кузатиб  борардим) Сакина аяга:

– Радиода гапирганда баъзи одамларнинг овози ўзгаради. Рауф ака радиода кўп гапирадилар ва шеър ўқийдилар,-деб айтардим.

Сакина аянинг узум парвариш қилишларига қойил қолардик. Кузда  токнинг ортиқча навдаларини ўзлари кесиб, елим қоғоз билан ўраб чиқардилар.Узум томирига ҳам олтингургурт солардилар.Хомток қилиш ва бошқа зарур ишларни ҳам ўзлари бажарардилар. Парпи тоға уста боғбон бўлган. Ўша кишидан ўрганган бўлсалар керак.

Таморқа ишлари  ҳам ўз зиммаларида эди. Кичиккина кетмончани қўлларига олиб уриниб юрардилар. 1990-йиллар бошида фарзандларимиз тарбияси билан бўлиб кам боргандик. У ёққа қатнайдиган “Тошкент-Паррандачилик” автобуси ҳам оз  юрарди. Пахта терими пайтида эса умуман қатнамасди. Эсимда, бир марта автобус келишини 3 соатча кутганмиз. Келмагач (Автобус Жанубий вокзалдаги “Самарқанд” автостанциясидан келар, биз ҳозирги “Олмазор” метроси ёнидан унга чиқардик), ортимизга қайтганмиз. Тошкентдан бошқа ҳеч нима у ёққа бормасди.

Ҳовлида Сакина ая бажара олмайдиган бирор юмуш чиқиб қолса,  Рауф ака мендан илтимос қилардилар. Бориб ерларини чопганим, қуриган дарахтларини арралаганим, қўшни билан (битта қўшнилари бор эди, уйнинг нариги томонидан оқава сувлар тушадиган зовур ўтганди) ўрталаридаги симтўрни,  трубалар қоқиб  сим боғлаб (қўшни товуқлари ўтиб, экинларни емаслиги учун) баъзи тешик жойларини ўнглаганим эсимда.

Сакина аянинг чой дамлашларини кўп кузатганман. Қуруқ чойни чойнакка солиб дамлагач, газни пастлатиб устига тунука, тунука устига чойнакни бир оз қўйиб дам олдирардилар. Чойлари жуда маззали бўларди. Ун ва гуруч солинадиган кастрюлкага мих ва сим солиб қўярдилар:

-Мих ва сим солсангиз қурт, мита тушмайди, -дердилар.

Кулишлари ўзига хос эди. Самимий,тилла тишларини қўллари билан беркитиб, елка учириб кулардилар. Тез ҳаяжонланардилар. Шошиб қолардилар, ҳайратга тушардилар. Кўпинча уйнинг орқасидаги-офтобга қараган томондаги кичик яланг жойга тўшак солиб ўтириб олардилар. Нарса тиксалар ҳам бир кўзлари йўлда бўларди. Ўтган-қайтган одамларни кузатардилар, Рауф ака келишларини кутардилар. Тошкентдан қариндошлари Ҳакима опа, эри Эргаш ака ва уларнинг асраб олган қизлари Умида ҳам бориб туришарди. Уларнинг қизил рангли “Жигули” машиналари бўлиб, Сакина аянинг кўп юмушларини осонлаштирардилар. Зарур озиқ-овқат ва хўжалик учун керакли нарсаларни олиб бориб  берардилар. Янглишмасам, Умиданинг тўйига кўрпа-тўшакни Сакина ая ўз ҳисобларидан тикиб бергандилар.

Албатта, қўни-қўшнилар  ҳам йўқлаб туришар, бирор нарса пишириб чиқишарди. Менинг қайнопам Маълуба опа ҳам гоҳ ўзлари чиқар, гоҳо эса қизларини чиқартирардилар. Сокин, жуда сокин ҳаёт кечирардилар.

Рауф ака борган куни эса ҳақиқий байрам бўларди. Ўғиллари атрофида парвона  бўлардилар. Рауф акани “сизлаб” гапирардилар. Албатта ош дамлардилар. Ўз қўллари билан тўқиган иссиқ пайпоқ ва яна бирор нима берардилар. Рауф ака олиб борган совғани қўни-қўшниларга ғурурланиб сўзлаб берардилар :

  • Турсун али менга кўп нарсани олиб келди, барака топсин. Улар  палон пул туради. Мендан ҳеч нимани аямайди, ўғлимдан  айланай, –дердилар.

Рауф аканинг  ўзларига  эса:

-Нима қилардингиз овора  бўлиб. Тошкентда яшаш осонмас. Ўзингиз шундоқ келиб турсангиз бўлди. Яна қачон келасиз,-деб сўрардилар.

Сакина аянинг вафот этганлари (1995 йил) хабарини менга шу қишлоқлик Жамолиддин деган киши етказганди. Бу киши Рауф аканинг  ашаддий мухлисларидан эди. (Орадан кўп вақт ўтмай у киши ўзини осиб қўйганди).  Жуда ҳаяжонда эдилар. Биз бир неча нашриёт ва журналларга кириб, бу хабарни етгазгунча орадан  икки соатча вақт ўтганди. Пешинга дафн этиш белгиланган экан. Ая вафот этганларида Рауф ака ёнларида бўлган эканлар. Бизга ҳеч ким эргашмади. Жамолиддин ака билан иккимиз  ҳам жанозага  кечиккандик. Бўзсув бўйидаги 2 кмча узоқликдаги қабристонга олиб кетган эканлар. Рауф аканинг оталари Парпи ота ҳам 40 йил аввал шу қабристонга дафн этилганлар.

Маракаларда Рауф аканинг яқин дўстлари, адашлари, устозлари Абдураҳмон Водилийнинг ўғли Абдурауф Водилий доимо Рауф ака ёнларида бўлдилар. Қурилиш соҳасида ишлайдиган бу инсон ҳаражатларнинг ҳам анчасини кўтаргандилар чамамда.

Сакина ая ҳаётлари шу тариқа якун топганди. Рауф ака энг азиз сиймоларидан айрилган эдилар. Энди у дунёга – оналарига мактуб ёза олардилар, холос.

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

 Муаллиф: ЧОРШАМЪ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-63

КОБУЛ ТОШГАН ДАРЁ ЎЗАН ИЗЛАЙДИ 1 Кечки пайт Кобул қалъасининг жанубидаги кўлдан бир тўп ўрдак учди. Кўл бўйидаги бўлиқ ўт-ўланлар орасида писиб ўтирган мирзо Ҳумоюн камондан ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-12

Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики, ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига ...

Мeҳробдан чаён-чўлоқ қуш

Айвонда салла ўраб овора бўлған махдум йўлакдан "заифа" шапрасини олиб, танчада санама тикиб ўлтурғучи Раънога: — Йўлакда хотин киши кўринади, хабар ол-чи, болам, — деди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400