МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЧЎЛОҚ ҚУШ

Айвонда салла ўраб овора бўлған махдум йўлакдан “заифа” шапрасини олиб, танчада санама тикиб ўлтурғучи Раънога:

— Йўлакда хотин киши кўринади, хабар ол-чи, болам, — деди. Раъно йўлакда ярмисини кўрсатиб ёндама турған хотиннинг олдиға борди.

— Ассалому алайкум…

Хотин  саломга  жавоб  бериб,  йўлак  томонға  ўтди  ва  Раънони  ўз  олдиға  имлади.  Ясамол, пўстун кийган бу хотин Раънонинг диққатини ўзига жалб этди. Бориб кўришди.

— Насиббекнинг ҳавлилари шу эмасми, отин қиз?

— Йўқ, — деб кулди Раъно, — биз Насиббекнинг қўшнисимиз.

Хотин бошдан-оёқ Раънога қараб чиқди:

—  Шўрим  қурсин, — деб  қўл  силкди  хотин, — мен  адашиб  сизларни  овора  қилибман…

Кези келганда танишиб қўйғанни айби йўқ, бу кимнинг ҳавлиси?

— Солиҳ махдумнинг.

—  Мен  адашмай  кетай,  жуда  уят  бўлибти-да,  ҳали  мен  махдум  поччамнинг  ҳавлиларига кирдимми… Сиз кимлари?

— Мен… қизлари.

— Кўб яшанг, исмингиз?

— Раъно… Қани, бу ёққа.

— Раҳмат, Раънохон… Насиббекнинг уйи сизнинг қайси тарафингиздаги эшик бўлади?

— Сўлимиздаги биринчи дарбоза?

— Раҳмат, Раънохон.

Хотин хайрлашиш ўрниға, яна бир оз Раънога қараб турди. Раъно бу ҳолдан ўнгғайсизланиб, ерга  қаради.  Хотин  кулимсиб  олғандан  кейин,  Раъно  билан  хўшлашиб  орқасиға  қайтди, ташқариға чиқиб, Сафар бўзчиға учрашди…

Раъно  хотинни  жўнатиб,  ичкарига  кирганда,  махдум “зарурат”  тўнини  кийиб,  ўзига  оро берган ҳолда, айвондан тушиб келар эди. Хотиннинг ким эканини сўрағандан кейин, Раънога бу кунги рўзғор ишлари тўғрисида баъзи таълимотларни берди. Чунки Нигор ойим бу кун эрталаб қариндошларникига меҳмон бўлиб кеткан, Раъно уйда ёлғиз қолған эди.

— Онанг кеч қайтади, бинобарин, таомни барвақтроқ қилсанг ҳам бўлади… Ҳабба, таомни ўзинг билан Анвар акангга лойиқ қил, мен бўлсам тўйдан албатта тўйиб келаман, онанг ҳам оч келмас, — деди ва бир неча қадам юриб, яна тўхтади. — Анвар акангдан, нима таом қилай, деб сўрасанг яхши бўлади, қизим!

Раъно отасиға маъқул ишоратини бериб айвонга келди, махдум чиқиб кетди. Раъно айвонда бир  неча  вақт  санама  тикиб  ўлтургандан  кейин,  ишини  йиғиштирди,  рафдаги  китоблардан бирини олиб очди. Китоб устида ҳам анча шуғулланиб, бундан ҳам зерикди. Сўнгра ўрнидан туриб,  ташқариға  йўл  солди.  Боқча  эшиги  ёниға  келганда,  Анвар  ташқарида  ким  биландир хайрлашар эди. Раъно эшик ёнида кутиб турди. Бир оздан кейин Анвар ёлғиз қолиб, шу томонға — ичкарига қараб кела бошлағандек бўлди. Раъно кулимсиб ўзини эшик панасига олди.

— Ассалом.

Бир-икки қадам олдинға ўткан Анвар мулойимғина эшитилган “ассалом” сўзи билан чўчиб, ёниға қаради ва жуда ҳам қўрққан киши бўлиб атрофига туфлай бошлади.

— Жоним чиқиб кетди… Бу нима қилғанинг, ҳой қиз!

— Буми, бу сизни чўчитканим.

— Хўш, нима қилиб юрибсан?

— Сизга ош қилиб берайми, деб сўрағали чиққан эдим.

— Отамдан сўра.

Раъно отасининг тўйға кетканини ва сўзини айтди. Анвар кулимсиди.

—  Уч  қават  ҳавлида  иккимиз  ёлғиз  қолсақ  қандай  бахт  бу?..  Бўлмаса  мен  дарбозани занжирлаб келай.

— Ҳа… занжирлаб келинг…

—  Нега  аччиғланасан,  яхши  қиз,  мен  ичкари  кирсам,  меҳмонхонанинг  ёлғиз  қолишини

ўйламайсанми?

Раъно истиғноланди.

— Мен сизни ичкарига таклиф қилғали чиқмадим, нима ош қилишни сўрағали чиқдим.

— Мақсадингта тушуниб турибман, аммо сен ёлғиз зерикмагил деяпман.

— Мен зерикмайман… Қандай ош қилай?

— Қайси хилини буюрсам экан? — деб ўз-ўзига савол берди Анвар. — Убрага уқувинг йўқ, паловни  ланж  қиласан,  сомсани  ёполмайсан,  туппани  кесалмайсан,  сенга  қайла  буюрғандан, атала қил деган яхши, чунки эзилтириб юборасан, манти тўғрисида ўйлаш ҳам ортиқча… Яна шу ҳолда қандай ош қилай, деб дўқ урғанинг қизиқ.

— Мен уқувсиз бўлсам, ўзингиз ош қилинг.

— Мен ҳам ош қилишни яхши билмайман, шунинг билан бирга дўқ ҳам урмайман, — деди Анвар. — Лекин икки ёрти — бир бутун бўлсақ эҳтимол яхши ош қилармиз… Сен бориб ўчоқ ҳаракатини кўрабер, сабзи-пиёз тўғрашни менга қўй, хўбми, яхши қиз?

Раъно  жавоб  бермади,  ўпка  намойиши  остида  ичкарига  жўнади.  Анвар  кулги  ораси ташқариға чиқди…

Раъно  ўчоққа  олов  ёқиб,  қозонни  ювар,  Анвар  ўчоқбошининг  суфасига  энггашкан  кўйи сабзи  тўғрар  эди.  Раъно  ҳануз  ўпка  сақлаб,  Анварнинг  саволларига  жавоб  бермас,  унинг қизиқлиқ сўзларига ҳам тескари қараб кулар, кулгисини унга кўрсатмас эди.

— Хотин кишининг чархи билан ўчоғиға тегма, деган гап тўғри эмиш… Албатта, сен хотин киши эмассан-ку, бироқ, “куллу шайъин яржиъу ила аслиҳи”1. Сабзини майда тўғрайми, йирик?

Бир  бор  эмиш,  бир  йўқ  эмиш,  ўткан  замонда  бир  қиз  бор  эмиш:  кўзига  тутун  кириб  юм-юм йиғлаған эмиш. Сабабйни сўрасалар, ўтун ҳўл эмиш, аммо қизнинг аччиғи хийли мўл эмиш…

Тескари қараб кулма, ҳой қиз! Ўҳ, латта келтир, қўлимни кестим!

Раъно ялт этиб Анварнинг қўлиға қаради ва алданғанини билиб яна ўз ишида давом этди.

— Қўлингни кессанг ҳам бу қиз ишонмайди. Сочинг куяди, яхши қиз.

Раъно  сочини  орқасиға  ташлаб,  ўчоқбоши  суфасига  чиқди;  қозонға  ёғ  солиб,  Анварнинг олдиға гўшт билан пиёз келтириб қўйди. Анвар гўштни тўғраб, яна тегажаклик бошлади:

— Тўйинглар қачон, ҳой қиз… Жавоб берсанг-чи, ахир, агар насрни писанд қилмасанг, назм

билан ҳам сўрай:

Нағма унлари,

Баҳор кунлари,

Ишрат тунлари,

Етарми, Раъно?

Раъно  секин  илжайиб,  Анварга  ён  қаради,  сўнгра  кўзини  ўчоқ  ёнидағи  бир  нуқтаға  олиб, ҳаракатсиз қолди.

— Насрга жавоб бералмаган, назмга… Ўзим ҳам қизиқман-да, — деди Анвар.

Раъно бир неча вақт бояғича ҳаракатсиз, Анварнинг пичинггига илтифотсиз турди, сўнгра Анвар томонға бир оз майл этиб илжайди:

Кеча-кундузлар,

Қизарди юзлар,

Уятли сўзлар

Битарми, мирзо?

— деди ва орадан озғина фурсат кечириб яна:

Ўчоқ бошидан,

Дўсти қошидан. —

Қараб Рошидан2

Кетарми, мирзо? —

деди ва шунинг орқасиданоқ:

Манглайин қашиб,

Мендан ҳам ошиб,

Жавобим шошиб

Этарми, мирзо?

Анвар  уст-устига  тушкан  қатор  бу  ҳужумлар  остида  шошиб  қолди,  байтларнинг  қайси бирисига жавоб беришни билмай кулди.

— Лўли экан бу қиз! — деди.

Раъно ўчоқ ёниға чўнқайиб олов жўнашдирар экан, ер остидан Анварга қараб илжайди: — Жавоб. Анвар кулимсиган ҳолда ўйлаб қолди.

Нозмидир, ҳа?

Билмадим, аё,

Гўзал, дилбаро.

Анвар охирғи мисраъни айталмай тутилиқди, чунки қофия топиш қийин эди. “Кетар, етар” вазнлик  сўзлар  қофия  учун  камбағал  бўлиб,  ўхшашлари  тўрт-бештадан  ошмас  ва  шулар  ҳам Раъно  томонидан  олиниб  биткан  эдилар.  Анвар  ҳар  қанча  уриниб,  кейинги  мисраъга  қофия тополмағандан сўнг, Раънога қўшилишиб кулишди.

— Қушингизнинг боши билан икки қаноти бор, лекин оёғи йўқ.

— Қуш учун бош билан икки қанот кифоя, Раъно… Қуш учиб юрса, бас!

— Чўлоқ қуш кўкда учиб чарчагандан кейин дарахтка қўнолмайди, аммо ерга тушса мушук еб қўяди, — деди Раъно ва кулиб қотиб қолди.

Кучлик  кулгидан  Раънонинг  кўзи  ёшланиб,  ўсиқ  кипраги  жуфталанди,  кулги  ва  ўчоқ ҳарорати билан икки юзи қизил олмаға айланиб, латиф бурни устида марварид резалари ҳосил бўлди.

Анвар  ўзининг  мағлубиятидан  хафа  эмас,  Раънонинг  ҳуснидаги  ҳозирғи  ажиб  ўзгариш муваффақиятидан  ўзини  тутолмай  кулгучи  шоиранинг  намойишкор  хурсандлиги  Анвар  учун бир юз мағлубиятка арзирлик эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Куллу шайъин яржиъу ила аслиҳи — ҳар бир нарса ўз аслига қайтади.

2 Қўқон туманида бир қишлоқ исми (муал.).

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида​ чингиз айтматов бюсти ўрнатилди

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Қирғизовул ҳудудида жойлашган 33-умумтаълим мактабида ушбу бюстнинг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ...

Юлдузли тунлар-9

2 Саҳарликни еб, йўлга тушган ёв қўшинининг олдинги тўпи кўприкка чиқа бошлаганда тонг қоронғиси ҳали тарқалмаган эди. Ёмғир тоғларда қаттиқ қуяётганлиги учун Қувасойнинг ...

Мeҳробдан чаён-рамз

  Анвардан бир оз илгарироқ қайтқан Султонали оғилхона айвонида сигир соғиб ётқан хотини устида тўхтади. — Бордингми, Рузвон? — Бордим, — деди Рузвон ва эмчакдан ...