Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 3-қисм

Ўша қўлдан кетган дунё Мўйинқумнинг бу ердан узоқ саксовулзор далаларида қолди. Чек-чегарасиз Мўйинқум саҳроларида сайғоқларнинг ададсиз сурукларини ададсиз карра суриб, қувиб юрган ов кунлари орқада қолди. Ота-бобо замонларидан бери қақроқ саксовулзор саҳроларда тўда-тўда бўлиб умр кечирадиган, худди чексиз вақтнинг ўзи каби жуда қадим, чопиб чарчамайдиган, айритуёқ, қувушшох, дўнгтумшуқ шу жониворлар муртидан океан сувларини пуркаган китлардай бурунларидан пишқириб ҳаво олиб, пишқириб ҳаво чиқариб, кун ёришгандан кун ботгунга қадар тўхтамай югура олардилар.

 

Улар ўзларининг абадий ҳамроҳлари — бўрилар таъқибига учраб, бирдан ҳаракатга келганларида, ўтакаси ёрилган бир сурук бошқасини талвасага солиб ўз ортидан эргаштирганда, сўнг уларга яна бир, яна икки, яна уч кийик тўплари ҳуркиб қўшилганда, сўнг яна ва яна янги-янги, катта-кичик тўдалар дам сайин қўшилаверганда — сайғоқлар Мўйинқумнинг кўз илғамас кенгликларида — адирлар, пасттекисликлар, яйдоқ қумликлардан худди ер юзига тушган тўфон каби тошганда, ана ўшанда замин гўё тескари айланаётгандай бўлар, ёз фаслида довуллар ҳамда дўллар савалагандай туёқлар остида тинимсиз гувиллар, шунда ҳаво қуюн янглиғ қўзғалар, осмонга чақин чақилгандай учқунлар сочар, ҳаммаёқни ҳайвон сурукларининг ҳидлари, ҳаёт-мамот учун бораётган телбаворий қувди-қочдининг ҳидлари тутиб кетар, бўрилар кийик издиҳомининг икки биқинидан ва орқасидан тўшлари ер бағирлаб чопишар, подаларни ўзларининг пистирмалари сари ҳайдаб боришга уринишар, пистирмада эса шўрлик қувғиндиларни ашаддий, сара ваҳший бўрилар кутиб туришар, улар саксовуллар орасидан бўриларга ташланишиб, хунрезлик қилишар, ўзлари ҳам улар билан баравар қора тупроққа думалаб-думалаб кетишар ва шунда сайғоқнинг кекирдагини шартта узиб ташлашар, варақлатиб қонини оқизишар, сўнг яна қочаётган пода ортидан таъқибни давом эттирар эдилар. Бироқ сайғоқлар қандайдир йўллар билан бўрилар биқиниб ётган ерлардан хабардор бўлишар ва кўпинча ўша жойларни айланиб ўтишар эди, қув-қув шундан кейин яна шиддатлироқ авжига минар ва уларнинг ҳаммалари — қочаётганлар ҳам, қуваётганлар ҳам — шу бераҳм борлиқнинг банди балолари ҳарс-ҳарс қилиб, тиллари бир қарич осилиб, ўлар ҳолатга етиб жон-жаҳдлари билан югуришар, қандай бўлмасин, ишқилиб, яшаш, омон қолиш учун азиз қонларини олов қилиб ёқишар, энди бу қувғиндилару қувиб борувчиларни Худованднинг ўзи тўхтатмаса, бошқа ҳеч кимнинг бу нарса қўлидан келмас, зотан, гап ўлиш ё қолиш устида борар, бинобарин, бундай кўз кўриб қулоқ эшитмаган қувди-қувдига дош беролмаган, олишув учун яратилмаган бўриларнинг юраклари ёрилиб кетар ва улар чанг-тўзонга қоришганча ерга қулар, жон таслим қилар эдилар, қувиш-қочиш эса бир зум бўлсин сусаймас, осмон довул турган каби қортўзон билан қопланар, ҳолдан тойиб йиқилган бўрилар, мабодо, ўлмай қолган тақдирларида ҳам, бу ерларда турмай, бошқа ёқларга бош олиб кетишар, кейин заррача ҳам қаршилик кўрсатмайдиган, ҳатто қочишга ҳам уриниб кўрмайдиган ювошгина қўй сурувларини бўғизлаш билан машғул бўлар эдилар: тўғри, бў ерларни ҳам хатарсиз деб бўлмасди — тағин буниси барча хатарлар ичида энг хатарлиси эди — бу ерларда подаларга одамлар қарашарди, қўй-қўзиларнинг худоси ҳам, қўй-қўзиларнинг қули ҳам шулар эдилар, булар ўзлари кун кўрардилар-у, лекин бошқаларга сира кун бермас, айниқса, уларга қарам бўлмаганларни, ўз эрки билан яшашга уринганларни қўймас эдилар… О, одамлар, одамлар — одамхудолар! Ўша одамлар ҳам азалдан Мўйинқум сайғоқларини овлаб келадилар. Аввалда улар отларга миниб, устиларига тери ёпиниб, ўқ-ёй отиб келдилар, кейин милтиқ кўтариб варанг-варанг ўқ қўйиб айюҳаннос кўтардилар, у ёқдан-бу ёққа ҳалокунинг итидай от қўйиб чопдилар. Сайғоқлар эса тўда-тўда бўлиб дам у ёққа, дам бу ёққа қочишар, ниҳоят, чексиз саксовулзорлар ичра ғойиб бўлишар эди. Ана, энди уларни топиб кўр-чи! Булар ҳам ўтиб, одамхудолар кейин сайғоқларни машиналарга миниб қира бошлашди. Худди бўрилар каби сайғоқларни аввал ҳолдан тойдириб, сўнг милтиқлари билан қирон солишди. Ундан ҳам ўтиб, одамхудолар вертолётларда учиб келишди, кейин сайғоқларни улар ўтлаб юрган ерлардан топишиб, белгиланган жойларига ҳайдаб, қуршаб олиб келишди, бу пайт ерда, машиналарда пойлаб турган мерганлар тезликни юз-юздан ошириб таъқиб қилишга тушар, вертолётлар эса тепадан уларга йўл ва нишон кўрсатиб турардилар. Машиналар, вертолётлар, тезотар милтиқлар зулмидан Мўйинқумнинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетди. Сайғоқлар учун охирзамон, қиёмат-қойим бошланди.

 

Кўккўз Акбара унда анча ёш эди. Бўлажак жуфти Тошчайнар эса ундан пича каттароқ эди. Улар бўри тўдаларига қўшилиб ов қилишнинг машқини ола бошлашди. Бошда улар олғир бўрилар билан тенглашолмай, ерга қулаган, чалажон ҳолда йиқилган кийикларни бўғизлаб, қорнини ёриб юришди. Сўнг ўзлари куч-қувватга тўлиб, кўп бўриларни ва айниқса, қари бўриларни орқада қолдириб кетишди. Ҳаммаси табиатнинг ўз йўл-йўриғи билан борганда, улар кўп ўтмай бўри галаларининг серкаси бўлардилар. Бироқ икки ўртада ҳеч ҳаёлга келмаган ишлар рўй берди…

 

Йил йилга тўғри келмас экан. Ўша йили кўкламда сайғоқлар хўп баракали қулунладилар — кўплари эгизак туғди. Ўтган куз ойлари, сайғоқлар куйиккан кезлари кунлар илиқ келди, уст-устига ёғин-сочин тушди, шундан сўнг қуруқ чексиз сайҳонларда икки марта майса кўклади. Ўт-ўлан мўл-кўл, болалаш ҳам шунга яраша эди. Кўз ёрийдиган пайт келганда сайғоқлар эрта кўкламдаёқ Мўйинқумнинг энг ичкарисидаги қор тушмас қумликларга кетиб қолишади. Негаки, бу томонларга бўрилар яқин йўлай олмас, бунинг устига барханларда сайғоқларни қувиб етадиганнинг ўзи йўқ эди. Қумликларда кийик қувмоққа йўл бўлсин. Бироқ, куз ва қиш ойларида сайғоқлар чўл, чала саҳроларга тушиб келган маҳаллар кўкёл галалари ўз ҳиссаларини ошиғи билан оладилар. Худо берди қашқирларга, дегани ана ўшанда бўлади. Ёзда кунлар қаттиқ исиб кетганда, бўрилар сайғоқларга тегмайдилар. Бу ёқда шундоқ тумшуқлари тагида бошқа емишлар тўлиб-тошиб ётмайдими. Суғурлар қиш уйқусидан чиқишиб, тамоми саҳро бўйлаб югургилашиб юришади. . Бошқа маҳлуқ ҳамда жониворлар йил бўйи еб-ичиб, умргузаронлик қиладиган нарсаларга улар фақат ёз ичи етишадилар. Ана шунда суғур галаларининг беҳаловат югур-югурларини кўринг. Улар хавф-хатарга ҳам қарамай қўядилар. Ана шунда бўри деганиниш куни туғади. Суғур ови бошланади. Ахир ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор-да. Қишда суғур анқонинг уруғи. Ёз ойларида бўрилар илвасин, каклик-каркилдак каби қушлару жониворларни ўлжа қилиб кун кечиришади. Лекин энг улуғ ов — сайғоқ ови кузда бошланади. Сўнг то қиш оёқлагунча чўзилади. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати келади. Чўлу даштларда ҳаётнинг шу маромда тебраниб туриши табиатнинг адолатидан бўлса керак. Мўйинқумда азал-азалдан бери давом этиб келаётган тирикчиликнинг бу йўриғини ё табиий офат ва ё инсон боласигина издан чиқариб юбориши мумкин эди…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-рамз

  Анвардан бир оз илгарироқ қайтқан Султонали оғилхона айвонида сигир соғиб ётқан хотини устида тўхтади. — Бордингми, Рузвон? — Бордим, — деди Рузвон ва эмчакдан ...

Мeҳробдан чаён-танийсанми шу жажжи қизни?

Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза, ҳар ҳолда Анварларнинг толеъи яна пастлик қилди. Бир кун Анорбиби биравникида юмуш қила туриб тўсиндан оғриб қолди, бир соатнинг ичида ...

Мeҳробдан чаён-чўлоқ қуш

Айвонда салла ўраб овора бўлған махдум йўлакдан "заифа" шапрасини олиб, танчада санама тикиб ўлтурғучи Раънога: — Йўлакда хотин киши кўринади, хабар ол-чи, болам, — деди. ...