Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 19-қисм

ИККИНЧИ БЎЛИМ

I

 

—  Ярадорга  саломлар,—  деди  Авдий  иложи  борича  одмигина  қилиб,  шу  билан  у  қаттиқ дукирлаб ураётган юрагини босмоқчи эди.

Худди  балиқчиларникидай  мўъжазгина  йиғма  курсичада  таёқ  ўйнаб  ўтирган  Гришан  бир кўзини қисиб қаради.

— Салом-ку, салом, лекин кимдан экан бу салом?

Авдий беихтиёр кулиб қўйди.

— Аввало сенинг соғ-саломатлигинг керак одамдан-да, бу саломлар.

—  Э  шундайми!  Ғоят  миннатдорман,  ҳаддан  ташқари  миннатдорман,  яхши  бошланган ишнинг  охири  ҳам  ёмон  бўлмайди.  Кимсасиз  чўлда  кўнгил  сўраганнинг  йўриғи  ҳам  бошқа. Нимасини айтасан! Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз-да, тўғрими?

 

«Гапга  чечан  экан,  бунинг  устига  кўп  китоб  ўқиган  бўлса,  иш  чатоқ.  Бунақасини  сира кутмаган эдим, ўлай агар. Оҳанжама қилади, ўзини маҳмадона қилиб кўрсатяпти,— деб ўйлади Авдий.—  Нима  сабабдан?  Ёки  Ўзининг  найрангимикин  бу?»  Авдий  Гришаннинг  чеҳрасига қараб, эсда қоладиган ҳеч нарсаси йўқ экан, деб қўйди ичида. Ташқаридан у ғоятда жўн одамга ўхшаб  кўринарди:  бўйи ўртачадан  баландроқ,  сочлари  бирмунча  қўнғир уст-боши  ҳам  ёшига монанд,  кўзга  унчалик  ташланиб  турмайди,  жинси  шим,  ёқаси «молния»ли  эскигина  кўйлак, бошида чўнтакка ҳам сиғиб кетаверадиган кўримсизгина шапка. Агар Гришан чўлоқланмаса ва шу туфайли қўлида йўғон ғўдир таёқ кўтариб юрмасайди, уни одамлар орасидан ажратиб олиш қийин  бўларди.  Кўпроқ  тикилиб  қараган  киши  балки  Гришаннинг  кўзларини  эслаб  қолса ажабмасди. Жайноқланган қўйкўзларининг маъноси тўхтовсиз суратда ўзгариб турар, эҳтимол ўзи  ҳам  сезмаган  ҳолда  у  тинмай  кўзларини  қисар,  ўғринча  қия  қарар,  рангини  билиб бўлмайдиган  қошларини  учирар,  худди  бурчакка  қисиб  қўйилган,  ташланиб,  човут  солиб, тишламоқчи  бўлаётган,  лекин  журъати  етмаётган  ва  шунга  қарамасдан  бари  бир  юрак  ютиб, ириллаётган, пўписа қилаётган ваҳший жондорга ўхшарди. Эҳтимол гапирганда баралла кўзга ташланадиган синган тепа курак тиши туфайли шундай таассурот туғилса ҳам ажабмас. «Тилла тиш  қўйдириб  олиши  ҳам  мумкин  эди,  лекин  негадир  буни  хоҳламаган,—  деб  ўйлади  ўзича

Авдий.— Балки ортиқча кўзга ташланиб туришни истамас».

—  Оёққа  нима  қилди?  Қайрилиб  кетдими?  Қарамай  қадам  қўйгандирсан-да? — одоб юзасидан сўради Авдий.

Гришан бошини ноаниқ чайқаб қўйди.

—  Ҳа,  жиндай  лат  еди  шекилли.  Кўзимга  қарамаганман,  тўғри  айтдинг,  Авдий,  исминг шундай шекилли, а?

— Ҳа, исмим Авдий.

—  Инжилдан  олинганми  дейман.  Хўп  исмлар  бўлади-да,  а,—  сўзларни  атай  чўзиб, тамшангандай ямланиб фикрларди Гришан.— Авдий — черковнинг иси келиб турадиган исм,— ўйчанлик билан деди У-— Қаранг-а, одамлар бир пайтлар Худони дилларига тугиб яшашган. Рус  ўлкасидаги  Пречистенскийлар,  Боголеповлар,  Благовестовлар  мана  шундан  чиқишган-да. Сенинг фамилиянг ҳам исмингга яраша бўлса керак дейман, а, Авдий?

— Каллистратов.

— Ана кўрдингми, ҳаммаси тўғри келяпти… Менинг номим эса жуда жўн, қора ишчининг номи — Гришан.  Лекин,  гап  бунда  эмас.  Шундай  қилиб  десанг,  сен  ҳақсан,  Авдий Каллистратов,  оёғимга  қарамаганман.  Бундан  қўрқинчли  бир  хулоса  чиқади:  одам  агар  ғирт аҳмоқ бўлмаса, албатта оёғининг тагига қараб юрсин. Бош ақлсиз бўлса оёққа жабр, дегани ҳам мана шу ҳақда айтилган. Кўриб турибсан, оқсоқланиб қолдим. Шу десанг, бемаза ишлар.

— Оқибати ҳам анча билингандир? — сўради Авдий Петруха айтган гапга шама қилиб.

— Тушунмадим,— сергак тортди Гришан.

—  Шу  бемазагарчилик  туфайли  ишинг  ҳам  яхши юришмагандир,  демоқчиман,  холос? — очиқроқ шама қилди Авдий.

— Ана бу бошқа гап! — Гришан шу заҳоти майнавозчиликни йиғиштириб дарҳол тўнини ўзгартирди.— Ишни назарда тутаётган бўлсанг, гапларинг ҳақ. Лекин ҳозир бунинг аҳамияти йўқ, мени бошқа нарса ташвишлантиряпти. Ўзинг ҳам сезаётгандирсан, акс ҳолда менга нимага керак,  сен  билан  али-бали  деб  шакаргуфторлик  қилиб  ўтиришнинг… Гапнинг  қисқаси,  мени ўзларига  оқсоқолдай  кўришади,  ҳарбийчасига  айтганда  старшина,  шунинг  учун  мен одамларимни сақлаб фронт чизиғидан омон-эсон ўтиб олишим керак, менга ҳаммадан зарури шу.

—  Унда  менинг  ёрдамим  керак  бўлса,  бажонидил.  Умуман,  бир  гаплашиб  олсак,  ёмон бўлмасди,—  таклиф  қилди  Авдий.—  Менинг  ҳам шу одамлар  тўғрисида  айтадиган  гапларим бор…

— Фикримиз бир жойдан чиққанини кўр, гаплар бўлса, бўпти, отамлашамиз,— рози бўлди Гришан.— Ўзим ҳам худди шуни мўлжаллаган эдим. Мисол учун десанг, мана, битта масала бор,  лекин  орамизда  қолсин,—  муғамбирларча  шама  қилди  у,  кейин  бир  чеккада  гапга қўшилмай  ўтирган  икки  чопарга  буюрди: — Сизлар  бекор  ўтирмай боринглар,  тайёргарлик кўринглар!

Чопарлар  олдиндан  келишиб  қўйишгандек  айтилган  юмушни  адо  этгани  чурқ  этмай кетишди. Гришан топшириқ бергач, соатига қаради.

— Бир соатлардан сўнг поездга чиқиш операциясини бошлаймиз. Кўрасан, бизнинг қандай ишлашимизни,— деди у Авдийга писанда билан.— Биз интизомга қаттиқ риоя қиламиз. Худди десант  ташлагандай.  Биз  чиндан  ҳам  ватаннинг  энг  фидойи  десантчиларимиз.  Катта  ҳарфлар билан ёзиладиган. Сен ҳам буюрилган ишни бажар. Бу ерда «ундоғ эди», «мундоғ эди» деган гаплар  кетмайди.  Ҳаммамиз  жон  куйдириб  ҳаракат  қилсак,  кечқурун  Жалпоқ-Созга  етиб оламиз.

Гришан  маъноли  сукут  қилди.  Кейин  Авдийга  бадхоҳ  назар  ташлади-да,  синган  тишини кўрсатиб  иршайди: — Энг  муҳим  гап  бошқа  ёқда.  Бу  ерга  нега  келганинг  тўғрисида…  Сен ҳовлиқма, шошилма. Нима десамикин, жиноятчилар ичига бошинг оғиб тушиб қолибсан, ҳали яна бу ҳақда гаплашамиз, ҳозирча сен — чопарсан, ичимизга кириб олдинг, кўп нарсалар энди сенга маълум. Ранг-рўйингга қарасам, унчалар тентакка ҳам ўхшамайсан. Лекин бу тузоққа ўз ихтиёринг билан тушдинг. Ҳамон шундай экан, барака топ, шунча ишонч билдирдикми, сен ҳам ишончимизни оқла.

— Бу билан нима демоқчисан?

— Назаримда, ўзинг сезиб турган бўлсанг керак…

— Сезиш бошқа, очиғини билган бошқа.

Улар  ўтиб  кетаётган  составнинг  шовқини  тинишини  кутиб  жим  бўлиб  қолдилар.  Ҳар икковлари  ҳам  бўлажак  муқаррар  жангга  ҳозирлик  кўрардилар.  Одамларнинг  муомалалари қанчалар ғалати бўлади-я, деб ҳаёлидан ўтказди ўша онда Авдий: мана шу овлоқ чўлда ҳамма тенг, ҳамманинг имконияти баробардай, иш ўнгидан келмаса, ҳаммаси қўлга тушади — қонун олдида тенг жавоб беради, омад чопса, ҳамма бирдай манфаатдор бўлади, Лекин ҳатто мана шу

ерга  ҳам  одамлар  ўз  қонлари  янглиғ  қонунларини  судраб  келганлар  ва  Гришан улар устидан ҳоким бўлиб олган, бу ерда унинг ҳукми ўтади.

—  Демак,  сен  очиқчасига  гаплашмоқчи  экансан-да,—  деб  ўртадаги  жимликни  бузди Гришан.—  Бўпти  унда,—  дудмал  қилиб  чўзди у,  сўнг  худди  сергак  тортгандай  муғамбирлик билан қўшиб қўйди: — Менга қара, сенга бўрилар ҳужум қилганмиш, ростми шу?

— Ҳа, шундай бўлди,— деб тасдиқлади Авдий.

—  Сенга  бир  неча  саволим  бор.  Уларга  жавоб  беришинг  учун  қисмат  сени  тирик қолдирганга  ўхшайди,  шундай  эмасми,  Авдий  Каллистратов? — кемтик  тишини  кўрсатиб иршайди Гришан.

— Балки шундайдир.

—  Унда  гапни  айлантирма.  Менга  ҳозир  шу  тобда  шу  ернинг  ўзида  жавоб  берасан.  Нега менинг йигитларимни йўлдан уряпсан?

— Битта тузатиш киритайлик,— унинг сўзини бўлди Авдий.

— Нима дейсан? Қонунга яна нима тузатиш киритмоқчисан?

— Мен уларни тўғри йўлга солмоқчиман, шунинг учун бу ерла «йўлдан уриш» деган гап кетмайди.

— Йиғиштир, бу маҳмаданагарчиликни, ўртоқ Каллистратов. Тўғри йўлми, нотўғрими, бу ҳақда  ҳар  кимнинг  ўз  тушунчаси  бор.  Сен  ҳазил-мазақни  қўй.  Гапни  айлантириб  ўтирадиган жой эмас. Сен ўзи бу қилиқларинг билан нималарга эришмоқчисан, ҳазрат отахоним?

— Нима, ўзига фойда кўзлаб юргандир, деб ўйлаяпсанми?

— Бунга шубҳам йўқ. Бўлмаса, нима? — кўлларини кенг ёзди Гришан ва худди топдимми дегандай масхараомуз тиржайди.

— Ҳеч нарсани кўзлаган эмасман, ҳеч нарса керак эмас,— кескин жавоб берди Авдий.

— Жуда соз! — хурсанд бўлиб қичқирди Гришан.— Айни муддао! Ҳаммаси тўғри келяпти.Сен ғирт гирифтор телбалардан экансан-ку, анови.

— Бас қил! Биламан, сенинг нима демоқчи эканлигингни!

— Бундан чиқди, Мўйинқумга наша йиғиш баҳонасида келган, суркалиб, ичимизга кириб олганингга  сабаб  мўмайгина  пул  топиш  эмас,  шундайми,  ахир  сен  пулнимас  Исони  яхши кўрасан-ку,  тўғрими?  Бунинг  сабаби  сени  семинариядан  ҳайдаганларидан  кейин  бошингни қаерга  уришни  билмай  қолганингда  ҳам,  ишинг  ҳамма  жойда  чакки  кетганида  ҳам  эмас, топдимми?  Э,  мен  ўша  кашишлариинг  ўрнида  бўлганимда  сени  илло-биллога  қўймай  тепиб-тепиб  жўнатардим — бу  аҳволда  сени  бошига  урадими  улар.  Кашишлар  алмисоқдан  қолган эски  ўйинларни  ёқтиришади.  Сен  бўлсанг,  эсингни  еб  қўйганингдан  ҳаммасига  жиддий қарайсан…

— Ҳа, жиддий. Сен ҳам менга жиддий қара,— деди Авдий.

—  Бўлмаса-чи!  Мени  тушунмайди  деб  ўйлаяпсанми?  Мен  ҳаммасини  кўриб  турибман. Авра-астаринггача кўриб-билиб турибман кимлигингни. Сен — девонасан, жиннилигингдан шу кўйларга  тушиб  юрибсан.  Аксинча  бу  ерларда  сенга  пишириб  қўйибдими?  Наша  йиғиб,  ман қилинган  оғуни  пуллаб,  кун  кечириб  юрган  биз  тубан  бечораларни  кўзимизни  очиб  қўйгани, разолат чоҳидан халос этгани келгансан. Ҳиди уч чақирим наридан туриб одамнинг кўнглини

айнитадиган сийқаси, чиқиб кетган панд-насиҳатларни тарқатаман дегансан, халоскор бўламан деб  кўнглингга  туккансан.  Уларни  ёмон  йўлдан  қайтараман,  деб  ўйлагансан.  Бизнинг ўзгаришимиз,  тавба-тазарру  қилишимиз,  ҳамма  қандай  бўлса,  худди  шундай  бўлишимизни истагансан.  Ахир,  сен  ялпи  онг  андозаларини  ғоятда  қадрлайсан-ку,  шундай  эмасми?  Мана, Ғарб  ҳам  бизда  ҳамма  бир  андозада  фикрлайди  деб  даъво  қилади.—  Гришан  кутилмаганда йиғма курсичасидан дик этиб туриб кетдики, унга қараган одам сира оёғи лат еган демасди, у Авдийга  яқинлашиб,  қизариб  кетган  башарасини  унинг  юзига  тақади.—  Ҳой,  сен  халоскор-вакил, сенга қарши қандай куч турганини ўзинг биласанми, йўқми?

—  Биламан.  Шунинг  учун  ҳам 6у  ерга  келдим.  Яна  огоҳлантириб  қўяй:  мен  орқага қайтмайман.  Сизларни  деб,  шу  йўлга  кирдим.  Энди  пешонамда  борини  кўраман.  Сен  бунга ҳайрон бўлиб ўтирма.

— Э, ҳали бизни деганмисан! — Гришаннинг афти буришиб кетди.— Кўнглингни тўқ тут, ҳайрон бўлиб ўтирмайман. Инсониятнинг халоскори ҳам эсини еб қўйиб чормих қилинган эди, бунинг нимасига ҳайрон бўламан… Қўллари хочга михланган, боши кўксига осилган башараси азобдан  тиришган — кўринглар-у,  йиғланглар-у,  тавоб  қилинглар-у  охиратгача,  ол-а!  Баъзи ақли  бошидан  ошиб-тошиб  кетганлар  неча  замонлардан  бери  бизни  қутқармоқчи  бўлиб

юришади, ўзларига шуни касб қилиб олишган! Охири нима бўлди? Бу дунёда ким қутулди-ю, нималар қутулди? Қани, жавоб бер! Ғулқофга қадар қандай бўлса, ҳамон ўшандай. Одам боласи ўша-ўша. Ўшандан бери одамнинг ҳеч нарсаси ўзгармади. Биз бўлсак, ҳали-ҳанузгача кутамиз, кўзларимиз тўрт бўлиб, қани, ким келиб биз гуноҳкорларни халос этаркин деб. Шу ишга сен, Каллистратов  етмай  турган  эдинг.  Лекин  мана,  сен  ҳам  юзингни  кўрсатдинг.  Ҳайтовур

моғорлаб қолмаган экансан! — истеҳзо билан лабини бурди Гришан.— Марҳабо, эй, навжувон Христос!

—  Мен  ҳақимда  оғзингга  сиққанича  гапираверишинг  мумкин,  лекин  Исо  номига  шак келтирма! — танбеҳ  берди  Авдий.—  Бу  қандай  келиб  қолди  деб  ажабланяпсан,  жаҳлинг чиқяпти. Ваҳоланки,  ҳеч ҳайрон  бўладиган  жойи йўқ.  Пешонага  сен  билан учрашиш  ёзилган эди. Бундоқ танангга ўйлаб кўр! Наҳотки сен буни тушунмасанг! Мен бўлмасам, бошқа биров сен билан албатта тўқнашиши керак эди. Мен эсам сен билан учрашишни ҳисоблаб чиққанман…

— Эҳтимол, сен мени ҳам ҳисоблагандирсан?

—  Ҳа,  сени  ҳам.  Бизнинг  бир-биримизга  дуч  келмоғимиз  муқаррар  эди.  Мана,  мен  етиб келдим. Сен ўйлаганча, моғорлаб қолмаган эканман.

— Фаросатингга балли, ўғлон. Биз бир-биримизсиз кун кўролмаймиз. Бунинг ўзига яраша бемаза бир қонунияти бўлса ҳам керак.  Лекин ўпкангни бос,  халоскор Каллистратов.  Сенинг ақиданг билан амалда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Лекин қизиқ йигит экансан. Шундай бўлса ҳам,  бас  қилайлик,  бу  маҳмаданагарчиликни.  Бўлди,  кимлигинг  менга  равшан!  Ҳамон  гап айланиб  шунга  келган  экан,  сенга  битта  яхши  маслаҳат  берай,  бор,  йўлингдан  қолма, Каллистратов,  ҳаммадан  бурун  ўз  жонингни  қутқар,  сенга  ҳозир  ҳеч  ким  қўл  теккизмайди. Чўлдан йиққан нарсаларингни эса хоҳласанг, бошқаларга бўлиб бер, ё ёқиб юбор, ё шамолга соч,— бу сенинг ихтиёринг. Лекин ўнг қулоғинг билан ҳам, чап қулоғинг билан ҳам, яхшилаб эшитиб  ол:  бошқа  ҳеч  қачон  бизга  яқин  йўлама! — Шундай  деб  Гришан  таёғини  тошга маънодор тўқиллатиб урди.

— Аммо мен сенинг бу маслаҳатингга юролмайман. Бу менга тўғри келмайди.

— Менга қара, ҳей, сен қип-қизил жинни экансан-ку! Нима сенга халақит беради?

—  Мен  Худо  олдида  ҳам,  ўз  олдимда  ҳам,  сизлар  учун  жавобгарман…  Балки,  сен  буни тушунмасанг ҳам керак…

— Йўқ-йўқ! Нега энди? — деб овозини кўтариб қичқирди Гришан ғазабдан туси оқарган ҳолда.—  Мен,  ҳар  қалай,  театр  кишилари  хонадонида  ўсганман.  Менга  ишон,  нима  ўйин қилмоқчи  бўлаётганингга  ақлим  етиб  турибди,  тушунаман.  Лекин  сен  ўйинга  ҳаддан  ортиқ берилиб кетмадингмикин. Ахир, ҳар қандай, ҳатто энг буюкдан буюк ўйиндан сўнг ҳам парда туширилади-ку.  Мана  ҳозир,  ўртоқ  Каллистратов,  парда  бирдан-бир  томошабин иштирокида

ёпилади.  Кўзингга  қара,  бола.  Сени  деб,  ортиқча  гуноҳга  ботиб  юрмай  тағин.  Вақт  борида этагингни йиғиштир.

—  Гуноҳ  дейсан.  Билиб  турибман,  нима  демоқчи  бўлаётганингни.  Лекин  мен  учун қабоҳатни кўра билан туриб, ундан юз ўгириб кетишдан ортиқ журму гуноҳ йўқ. Мени йўлдан қайтараман деб овора бўлма. Айтайлик, ўша кичкинтой Лёнька, Петруха, сенга жиловини бериб қўйган болаларнинг ҳоли нима кечади,  мен бунга бефарқ қараб туролмайман.  Шу жумладан, сенга ҳам.

—  Тасанно! — унинг  гапини  кесди  Гришан.—  Бизнинг  ҳаётимизга  аралашишга  нима ҳаққинг  бор?  Қандай  яшаш  ҳар  кимнинг  ўз  ихтиёри.  Умрим  бино  бўлиб,  сени  ҳозир  кўриб туришим. Сен кимсанки, мен ва бошқалар ҳақида қайғурасан, худди сенга осмондан муборак ваҳий тушгандай. Суф, сенга! Жонингга жабр қилма. Жинни бўлсанг, ўзингга. Худо хайрингни берсин, жўна бу ердан. Сенсиз хам бир кунимизни кўрармиз. Тушундингми?!

—  Йўқ,  мен  бундай  қилолмайман!  Осмондан  ваҳий  келганми  деяпсан.  Менга  ҳеч  қандай ваҳий ё хабар келмаган. Адолат ва бурч туйғуси мен ана шуларга вакил қилинганман, буларни ҳисобга  олиш-олмаслик  сенинг  ишинг,  аммо  мен  қандай  бўлмасин,  уларни  адо  этажакман. Мана, ҳозир ўз тақдиримни ўзим ҳал этаман дединг. Эшитган қулоққа чиройли бу гап. Бироқ бир-бирига дахлсиз тақдир йўқ. Туғилиш ва ўлишдан бошқа тақдирни тақдирдан ажратадиган

чизиқ  йўқ.  Туғилмоқ  ва  ўлмоқ  оралиғида  эса  биз  худди  эшилган  иплардай  бир-бировимизга қўшилиб кетамиз. Гришан, ахир, сен ва сенга тобе анови одамлар ўз фойдаларингизни кўзлаб, бошқаларга мана шу чўллардан наша билан биргаликда бахтсизлик ва кулфат олиб борасизлар-ку.  Одамларни  кайф  васвасасига  соласизлар,  тузоқларингизга  илинтирасизлар,  уларни  қайғу-алам ва тубанлик чоҳига ташлайсизлар.

— Сен нега бизга қозилик қиляпсан? Биз нима қилиш, қандай яшашни сендан ўрганишимиз керакми?

— Мен қози эмасман. Сизларга ўхшаган бир одамман, фақат…

— Нима фақат?

—  Фақат  мен  ҳаммамизнинг  тепамизда  диёнат  ҳамда  раҳм-шафқатнинг  энг  олий  ҳаками Худо борлигига ишонаман.

— Яна Худо! Хўш, бу билан яна нима демокчисан?

— Худонинг марҳамати бизнинг иродамиз орқали намоён бўлади. У бизда яшайди, онгимиз орқали бизга таъсир этади.

— Менга қара, қўй, бу сердаҳмаза гапларни. Хўп, борингки, нима бўпти? Бизга бунинг нима дахли бор?

— Нега дахли бўлмас экан! Ақл-идрокнинг қудрати билан инсон ўзига ўзи худди Худо каби таъсир этади. Ахир ёмонликни чин дилдан тан олиш нима дегани? Менимча, бу ёвузликни Худо даражасида туриб қарғашдир. Инсон ўз моҳиятига янгича қарашни ўзи белгилайди.

— Сенинг бу қарашинг омманинг онгидан нимаси билан фарқ қилади? Биз тўдага ўхшашни истамаймиз ва ундан ўзимизни олиб қочамиз. Сизлар бизга тенг бўлолмайсизлар, биз ўзимиз алоҳидамиз.

—  Хато.  Эркинлик  қонундан  қўрқмагандагина  ҳақиқий  эркинлик  бўлади,  акс  ҳолда,  у саробдир. Сенинг эркинлигинг мудом кўрқув ичида, қонуний жазони кутиб яшайди…

—  Хўп,  нима  бўпти  шунга?  Сенга  бунинг  қандай  оғирлиги  тушяпти?  Сен  эмас,  ўзимиз танлаганмиз бу йўлни.

— Тўғри, ўзинг танлагансан. Лекин бу йўлга сендан бошқалар ҳам кирган. Тушунсанг-чи, ахир, бу охири берк кўчадан чиқиб кетиш мумкин. Мана шу ернинг ўзида, чўлда, очиқ осмон тагида  тавба-тазарру  қилинглар,  бу  ишдан  бутунлай  воз  кечаман  деб,  ўзларингизга  сўз беринглар, хуфя савдонинг файдасидан, ярамас одамлардан юз ўгиринглар, ўзингиз билан, Худо номини  атанган  ва  ҳаммамизни  воҳид  онг  воситасида  бирлаштирган  зоти  шариф  билан

муросага келинглар…

— Хўп, кейин нима бўлади?

— Кейин сиз яна инсон деган номга мушарраф бўласиз.

—  Жуда  чиройли  бўлиб  кетди-ку!  Яна  бунчалар  осонлигини  қаранг! — Гришан  таёгини ўйнаб  ўтираркан,  қовоғини  солди,  тепалик  ортида  ўтиб  бораётган  яна  бир  юк  составининг шовқини босилишини кутди, сўнг бирдан тушган сукунат ичида, тили ҳаддан ташқари ечилиб кетган  Авдийга  тешиб  юборгудай  масхараомуз  тикилиб  туриб,  деди: — Энди  гап  бундоқ, муҳтарам Авдий, сенинг гапларингни камоли диққат билан эшитдим. Хурсанд бўлмай қўя қол.Сен қаттиқ хато қиласан. Ўзингча ўйласанг керак, мендан бошқа ҳеч ким Худо билан дилдан гаплашолмайди деб. Билиб қўй, Худо билан муомала қиладиган ёлғиз сен эмас. Сен тақводор бўлсанг, биз ҳам маҳрум эмасмиз бу неъматдан. Ана кўрдингми, дарров шу гапдан нафасинг ичингга  тушиб  кетди.  Азбаройи  ҳайрон  бўлганингдан.  Менга  ўхшаган  бир  одамнинг  Худо билан алоқа қилиб туриши сенга жуда ғалати эшитилди, а?

— Ундай эмас. Фақат «алоқа» деган сўз андак қизиқ туюларкан. Аксинча, сенинг оғзингдан бундай гапни эшитиб хурсанд бўлдим. Балки сен фикрингни ўзгартиргандирсан?

—  Асло!  Мунча  содда  бўлмасанг.  Хўп,  унда  билиб  қўй,  Каллистратов,  фақат  тилингни тишлаб қолма. Худога менинг ўз борар йўлим бор, мен унинг ҳузурига орқа эшиклар кираман, холос. Худойинг сен ўйлаганчалик ноз-фироқ қилиб танлаб ўтирмайди…

— Худо олдига орқа эшикдан кириб сен нимага эришардинг?

—  Эришадиган  нарсам  сеникидан  кам  эмас.  Мен  одамларга  шодлик  бағишлайман.  Улар кайфда Худонинг висолига етадилар. Мен берадиган нарсани улар на сизнинг панд-нисиҳатлар, на  ваъзлар  ва  на  дуо-ю  ибодатлардан  топадилар…  Мен  ўз  одамларимни  Худога  бошқа  ҳар кимдан кўра тезроқ етказаман.

— Пулга сотиб олинган Худога еткизасанми? Оғу ёрдамидами? Мияларини айнитибми? Яна сен буни Худонинг висолига етиш бахти деб атайсанми?

—  Ҳа,  нима  бўпти?  Шаккоклик,  Худони  оёқости  қилиш  дейсанми?  Ана  холос!  Нозик кўнгилларига  озор  бердикми?  Сенинг  нонингни  яримта  қиляпманми?  Йўлингни  тўсиб кўяманми? Хўп, пул, хўп, қорадори, хўп, нима бўпти! Пул деганинг ҳазилакам нарса эмас. Пул —  ҳамма  нарса!  Нима,  пулнинг  Худоси  бутунлай  бошқа  деб  ўйловмидинг?  Черковлару  яна бошқа ташкилотларда нима, сизлар пул ишлатмайсизларми?

— Э, бу бутунлай бошқа нарса-ку!

—  Бас!  Дийдиё  қилма!  Дунёда  ҳамма  нарса  сотилади  ва  олинади,  жумладан,  сенинг Худойинг ҳам. Лекин мен одамлар маза қилиб кайф сурсинлар дейман. Сизлар сўзда ва бунинг устига нариги дунёда ваъда қилган нарсаларга мен бу дунёнинг ўзида муяссар этаман. Ёлғиз кайф роҳат-фароғат бағишлайди, оламда ўзингни қушдай эркин ҳис қиласан, кўкларга учасан. Майли, бу роҳат, бу лаззат кўз очиб юмгунча ўтиб кетсин. Майли, у фақат рўё бўлсин. Лекин

унда бахтиёрлик, унда саодат ва унга фақат ҳушни йўқотиб етиш мумкин. Сиз, тақводорлар эса, ҳатто мана шу рўёдан ҳам маҳрумсизлар.

— Лекин гапинг тўғри — булар бари рўё.

— Бўлмаса-чи? Беш тийин тўлаб, ҳақиқат топмоқчимисан? Бекорларни айтибсан, авлиё ота! Бошқа бахт бўлмагандан кейин аччиқ оғу унинг ўрнини босади.

— Йўқ нарсанинг ўрнини тўлдир деб, сенга ким айтди! Буларнинг бари ёвуз ниятдан бошқа нарса эмас!

—  Ўпкангни  бос,  ўпкангни  бос,  Каллистратов!  Дурустроқ  ўйлаб  кўрсанг,  мен  ахир сизларнинг ёрдамчингизман!

— Яъни қандай?

— Қандай бўларди. Сира ҳайрон қоладиган ер йўқ! Одам яратилгандан бери унга нималарни ваъда қилишмади, хўрланган ва ҳақоратланганларнинг қўйни-қўнжиларини не-не ажойиботлар билан  тўлдириб  ташлашмади:  ана,  қарасанг,  Худо  салтанати  кириб  келяпти,  ана  қарасанг, демократия, ана тенглик, ана биродарлик, ана коллектив ҳаёт бахти, иста — ана, Коммуна қуриб яшайвер,  ўзингни  кўрсатиб  ишласанг,  ана  сенга  жаннат  боғлари.  Ҳақиқатда  эса  нима?  Фақат қуруқ  сўз!  Мен  бўлсам,  агар  билсайдинг,  кўнгли  яримталар,  ғарибу  ғураболар,  мунглиғ бечораларга эрмак бераман, ҳаёлларини чалғитаман. Мен яшинқайтарғичман, одамларни орқа йўл орқали етиб бўлмас Худо сари бошлаб бораман.

— Э, сен мен ўйлагандан ҳам хатарлироқ экансан! Сен дунёни бутунлай остин-устин қилиб ташлашинг  мумкин.  Ҳатто  тасаввур  ҳам  қилиш  қийин  ва  қўрқинчли!  Яхшиям,  Наполеон бўлмаганинг!

—  Юқорироқдан  келавер.  Наполеон  ҳам  гапми?  Мени  ўз  эркимга  қўйиб  беришса,  эҳ-ҳе, нималар қилмасдим! Агар биз бирдан Ғарбга бориб қолсак, қулочимизни қайларга ёзмас эдик, дейсан. Ўшанда сен ҳам мен билан тортишиб ўтиролмасдинг, яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам менинг кўзларим билан қараган бўлардинг…

—  Бунга  шубҳам  йўқ.  Лекин  сенинг  бу  сўзларингда  қўрқинчли  бир  нарса  кўрмайман. Гапларинг  янги  эмас.  Сен,  Гришан,  одамлар  ишончини  йўқотиб  қўйган  жойда  кун  кўрмоқчи бўласан, бунга ўргатиш ҳам унчалар кийин эмас. Ҳаммаси ёмон, ҳаммаси ёлғон, шундай экан, ўзингни кайф қилиб овунтир. Сен ўтган барча нарсаларни қоралайсан, сенингча шундай бўлса, қани, одамларни дунёга бошқача карашга ўргатмайсанми, қўлингдан келса. Имон — кайф эмас сенга, имон не-не авлодлар бошдан кечирган азоб-уқубатларнинг меваси, имонга эришмоқ учун минг йиллаб ва ҳар кун машаққат чекмоқ керак. Сен ўз шармандали ҳунаринг билан оламнинг азал  тартиботини  бузмоқчи,  ёруғ  кунни  тунга  айлантирмоқчи  бўласан.  Ҳозир  айшингни сурасан,  кейин  кулфатини  тортасан,  сен  кўкларга  кўтариб  мақтаётган  кайфдан  сўнг,  албатта, жиннилик бошланади, сўнг одам бутунлай тубанликка ботади. Нега сен буёғини гапирмайсан?

Сен айтган кайф — ғирт аблаҳликнинг ўзи эмасми? Ахир, гўё Худо олдига боргандай бўлиб, аслида иблиснинг қучоғига тушасан-ку. Буниси қандай бўлди?

— Кандай бўларди. Қасосли дунё. Бунга ҳам жазо бор. Яшаганнинг жазоси ўлим… Сен бу ҳақда ҳеч ўйлаганмидинг? Нега жим бўлиб қолдинг? Сен, авлиёга менинг бу фикрим ёқмайди, а!

— Ғайри Исо фикрми? Ҳеч қачон!

—  Ҳа-ҳа!  Сенинг  христианчилигинг  ҳоли  ғайри  Исо  бўлмаса,  нима  кечарди!  Ғайри  Исо қитиқлаб турмаса, кимга керак христианлик? Нима фойдаси бор унинг? Шундай бўлгач, менсиз ҳеч нарса қилолмайсиз! Мен бўлмасам, кимга қарши курашасиз, ғояларингиз жанговарлигини қандай исбот этасиз?

—  Жуда  ҳам  қирриқ  экансан-э! — беихтиёр  кулиб  юборди  Авдий.—  Чалкашликлардан усталик билан фойдаланаркансан. Лекин гапга зеб берма. Сен билан тил топишимиз қийин. Биз тескари одамлармиз, бир-биримизга тўғри келмаймиз. Шунинг учун мени бу ердан қувяпсан. Сен мендан қўрқасан. Лекин мен барибир ўз сўзимда тураман: қайт бу йўлдан, тавба қил, ёш болаларни тузоғингдан бўшат. Мен сендан ёрдамимни аямайман. Гришан бирдан жим бўлиб қолди. Таёғига тиранганча қовоғини солиб у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади, кейин юришдан тўхтади.

—  Агар  сен,  ўртоқ  Каллистратов,  мени  қўрқаяпти,  деб  ўйласанг,  қаттиқ  хато  қиласан. Қолгинг келса, қолавер, сени ҳайдаётганим йўқ. Ҳозир юк вагонларга чиқиб оламиз. Поездга бирваракай босқин ясаймиз.

— Яхшиси, қароқчиларча, деб қўя қол,— унинг гапини тўғрилади Авдий.

—  Майли,  сен  айтганча  бўла  қолсин,  қароқчиларча  бўлса,  қароқчиларча-да.  Лекин мақсадимиз  талон-тарож  эмас,  мақсадимиз — яширинча  манзилимизга  етиб  олиш,  бунинг фарқи бор. Ахир сенинг давлатинг бизга эркин бориб-келишга йўл қўймайди…

— Давлатга тилингни теккизма. Хўш, менга нима таклиф қилмоқчисан?

— Айтишга ҳам арзимайди. Сен айтмоқчи, вагонларга қароқчиларча чиқиб оламиз,— деб темир  йўл  томонга  бошини  силкиб  кўрсатди  Гришан,—  ҳамма  жам  бўлади,  ҳамма  кўзга кўринади. Ана ўшанда кичкина Лёнькалару лакалов Петрухаларга айтар гапингни айт, уларнинг жонларини қутқар, эй Халоскор! Мен ғиқ этмайман, сенга заррача тўсқинлик қилмайман. Мени мисоли  йўқ  деб  ҳисобла.  Мабодо,  бу  авомни  орқангдан  эргаштириб  кета  олсанг,  уларни  ўз

Худойингга ишонтира олсанг, мен шу заҳоти енгилганимни бўйнимга олиб, мутлақо қорамни кўрсатмай кетаман. Гапимни тушуняпсанми? Қабул қиласанми шу шартимни?

— Бажонидил! — қисқа жавоб қилди Авдий.

—  Унда  бошла!  Ўртамизда  бўлиб  ўтган  гапни  ҳеч  кимса  билмайди.  Ағдан-бағдан гаплашдик, деймиз.

— Раҳмат! Лекин менинг яширадиган жойим йўқ,— жавоб берди Авдий.

Гришан елкасини қисди.

—  Айтдим-қўйдим-да.  Инжилда  ёзилган: «Сен  айтдинг»  деб!  Май  ойининг  охирги кунларидан бири эди. Соат кечки еттилар бўлиб қолганди. Лекин теп-текис чўллар узра қуёш ҳамон  ял-ял  нур  сочиб,  қиздирарди.  Куни  билан  худди  бир  жойга  боғлаб  қўйилгандай  нима сабабдандир қимирламай турган кумушсимон булутлар, аввал оппоқ оқариб, кечга томон уфқ узра  қоп-қорайиб  осилиб  қолдилар,  бундан  Авдийнинг  юрагига  англаб  бўлмас  бир  хавотир тушди. Афтидан, момақалдироқ бўладиганга ўхшарди.

Поездлар эса ҳамон у томондан бу томонга, шимолдан жануб ёқларга, жанубдан эса шимол ёқларга  ўтиб  боришар  ва  замин  уларнинг  чўнг  ғилдираклари  остига  зириллар,  титроққа тушарди. «Қанча ёр бор, қанча кўз илғамас маконлар ва ёруғлик бор, шундай бўлса ҳам, одам боласига яна барибир нимадир етмайди, ҳаммасидан бурун – эркинлик етмайди,— деб ўйдарди Авдий  поёнсиз  яйдоқ  чўлларга  боқиб.—  Одам  боласи  одамларсиз  яшолмайди,  яна  бунинг устига одамларга ҳам тоқат қилмайди. Мана, ҳозир — нима қилиш керак? Гришаннинг тузоғига илинганлар тўданинг тазйиқига юрмай, уларнинг дўқ-пўписаси, қўрқитишларига қарамай ақл-идрок  измига  кирсалар  нима  қиларкин?  Бу  бадбахт  афюнчининг  таъсиридан  қутулишга ўзларида куч, иропа топармикинлар? Анавини қаранг-а! Учига чиққан хавфли фирибгар экан. Нима қилай, қандай йўл тутсам, тўғри бўлади?»

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-44

3 Куз илиқ келгани учунми, Ҳирот тождорлари ҳали ҳам қалъа ташқарисидаги боғларда яшамоқда эдилар. Шаҳарнинг шимол-шарқидаги Қипчоқ дарвозасидан нарида Шоҳруҳ мирзо даврида ...

Мeҳробдан чаён-бишўй, эй хирадманд…

 — Муфтиларингиз меним орқамдан жўнаған бўлсалар керак, мирзо Анвар? Хаёли бошқа нарсада бўлған Анвар Султоналининг сўзига тушунибми, эмасми, ҳар начук бош ирғатиб қўйди. — ...

Чингиз айтматов:қиёмат 28-қисм

Бу  юк  машинаси  бўлиб,  тепасига  қўлбола  қилиб  юпқа  тахтадан  айвонча  ишланган  эди. Шофёрнинг ёнида қўлида бола кўтарган хотин ўтирарди. Машина дарҳол тўхтади. Шофёр, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400