Бош кўтаргани учун “боши кесилган” тадбиркорлар

Бу бозордан ҳар куни давлатга қарийб 15 миллиард сўм топшириларди, бугун эса ҳеч вақо…

1,5 минг нафардан ортиқ одам меҳнат қилиб, оиласини боқарди, бугун эса улар иш излаш билан овора…

Энг ёмони, бундан нафақат тадбиркорлар, балки халқнинг ҳам азият чекаётганидир…

Балки бу сафар Тошкент шаҳар ҳокими бу масалани ўз назоратига олар, тағин ким билсин…

Фото:«Газета.uz»

Пойтахтимизнинг Сергели туманида фаолият юритган, халқ орасида «Сергели ярмаркаси» номи билан машҳур бўлган бозор минглаб одамларнинг корига яраган. Бозорнинг жойлашув нуқтаси ҳар томонлама қулай, яъни тумандаги «Қурувчилар», «Дўстлик» ва бошқа ўнлаб мавзеларнинг қоқ ўртасида бўлгани учун ҳам халқнинг қадами бу ердан узилмасди.

Кўп тармоқли бозор марказида деҳқон бозори, атрофида озиқ-овқат ва юздан зиёд турли хилдаги буюмлар дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритган. Дўконларнинг ўзи юздан зиёд бўлиб, бозорда 1,5 минг одам меҳнат қилган. Мазкур бозордан ҳар куни қарийб 15 миллиард сўм ғазнага топширилган.

Бу «Сергели ярмаркаси» ишлаб турган пайтдаги ҳолат. Нима бўлди-ю, бозорни бузиш, уни бошқа ерга кўчириш ҳақида гап чиқиб қолди. Бу оддий «миш-миш» эмас, ҳақиқат эканига бозорда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам, уларнинг хизматидан фойдаланиб келаётган аҳоли ҳам бузиш ишлари бошланган онларда амин бўлишди.

Қоида бўйича, бузилаётган иншоот ўрнига бошқаси берилиши, мулкка путур етказилгани учун компенсация тўланиши керак. Бу ерда эса ҳаммаси аксинча бўлди. Тадбиркорлардан бири Гулчеҳра Ғафуржонованинг кийим-кечак сотиладиган дўкони ҳали ишлаб турган, ичи товарларга тўла бўлган ҳолатда булдозер нишонига айланди.

Фото: ЎзА

Бу ҳолатни тасаввур қилиб, одамнинг ишонгиси келмайди. Қарама-қаршиликлар авж олган, уруш кетаётган ўлкаларни эслатиб юборади бу. Чунки бундай қалтис вазиятда уволчилик билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Аммо тинч замонда, яна ноннинг ушоғи ҳам увол саналадиган юртимизда бировнинг меҳнатини бу тарзда оёқости қилиниши ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди.

Бу дақиқаларда дўкони бузилиб, тирикчилиги барбод этилишидан норози бўлган бир гуруҳ тадбиркорлар билан Г.Ғафуржонова Президент Халқ қабулхонасига шикоят кўтариб борган эди.

Дўконига қайтиб келиб, ер билан яксон қилинган товарларини кўриб, Гулчеҳра опанинг фиғони фалакка чиқди. Унинг «Нега? Нега? Нега?», деган саволларига «Бош кўтарганинг учун», деган жавоб берилди.

Ярмаркада озиқ-овқат дўконини юритган тадбиркор Рашид Хамидуллиннинг айтишича, 2018 йил 15 мартда бозорда бузиш ишлари бошлангач, 103 дўконнинг барчаси фаолиятини тўхтатган. Лекин ҳеч бир тадбиркорга ҳалигача на бошқа жой ёки ер участкаси, на етказилган зарар учун компенсация тўланмаган.

Тадбиркорларнинг ўтган саккиз ойдан бери бормаган эшиги, шикоят қилмаган идораси қолмади. Натижа бўлмагач, тадбиркорлар — Г. Расулова ва бошқалар Тошкент шаҳар Сергели тумани маъмурий судига мурожаат қилган. Суд тадбиркорларнинг шикоят аризасида кўрсатилган важлар асосли бўлгани учун уни қаноатлантирган.

Суд қарорида Сергели тумани ҳокимлиги мансабдор шахсларининг мазкур бозорда фаолият юритган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар турини ва миқдорини қоплаш бўйича белгиланган тартибда тегишли комиссия хулосасини олмасдан ва бу хулоса билан қизиқувчи тарафлар таништирмаганликда ифодаланган ҳаракатлари қонунга хилоф, деб топилган.

2018 йил 14 сентябрда сергелилик тадбиркорлар Президентнинг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида бўлишган. Уларни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва бошқалар қабул қилган. Қабулдан сўнг ярмаркани қайта қуриш бўйича лойиҳа тайёрлаш бўйича тегишли комиссия қарори қабул қилинган. Тадбиркорларга етказилган зарарни тўлаш бўйича қурилиш бошқармаси ва Сергели тумани ҳокимлигига топшириқ берилган.

Бу воқеадан тадбиркорларнинг кўнгли тоғдек кўтарилиб, муаммо ечимини топди, деган хаёлга боришганди, аммо бу ҳамон хаёллигича қолиб кетмоқда.

Умидсизлик, ишсизликдан толган тадбиркорлар ҳадеб туман ҳокимлигига боравергач, яқинда туман ҳокими шундай деган: «Ярмаркадан чарчаб кетдик. Бу ер бизга ҳам сизга ҳам бўлмайди. Яхшиси, ер давлат органларига бино қуриш учун бериб юборилади».

Наҳотки, мутасаддилар муаммонинг ечимини топиш ўрнига, ундан қутилишга уринаётган бўлса?

Аслида, аввал аниқ мақсадни белгилаб олиб, яъни бозор бузилса, ўрнига нима қурилади ёки бозорни бошқа ерга кўчириш чораси кўрилмасдан бузиб ташлангани ажабланарли. Ёки бу пойтахтимизга хос бўлган иш услубимикин? Чунки биргина «Сергели ярмаркаси» эмас, балки «Авиасозлар» деҳқон бозорида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Мазкур бозорда ҳам янги мажмуа қурилади, деб атрофи ўраб, ичи бузиб ташланган катта майдон бир неча йиллардан бери ҳувиллаб ётибди.

Энг ёмони, бундан нафақат тадбиркорлар, балки халқнинг ҳам азият чекаётганидир. Бу ҳолатга томошабин бўлаётган масъул шахсларни ким деб аташ мумкин? Улар бугунги кун, замон талабига жавоб беролмаётган раҳбарлар эмасми?

Юқорида қаламга олинган ҳолатларнинг аслида сирлиги қолмаган. Бошқа оммавий ахборот воситаларида қайта-қайта бонг урилган, лекин ҳалигача ҳеч қандай натижа йўқ.

Балки бу сафар Тошкент шаҳар ҳокими бу масалани ўз назоратига олар. Агентлигимизга шикоят йўллаган сергелилик тадбиркорлар эса муаммоларидан Президентимиз хабар топишидан умидвор. Улар тадбиркорларни доим қўллаб-қувватлаб келаётган Давлатимиз раҳбари бизнинг ҳолимизни билсалар, оёқости қилинишимизга йўл қўймаган бўларди, деб ҳисобламоқда.

 

Манба: ЎзА

Муаллиф:Норгул Абдураимова

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қўқоннинг саланг бозорида хижоб дўконлари мухрланмоқда

"Саланг улгуржи-чакана савдо бозори"(Қўқон Оптом бозори)да соқол ва хижоб учун очиқ кураш бошланди. Бу ҳақда фейсбук фойдаланувчиларидан бири ўз саҳифасида ёзмоқда. Унинг ...

«тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». қассоб йигит ҳикояси

«Дарё» нашри ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги ...

Ўзбекистонда 9 ой мобайнида инфляция 9,7 фоизни ташкил қилди

Ўзбекистонда 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида истеъмол бозорида товарлар 9,7 фоизга қимматлашди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. «2019 ...