КЛАРА ЖЎРАЕВА: ҲА ДЕМАЙ ШОГИРД УСТОЗДАН ОШИБ ЎТАДИ

Мен «Бирдамлик» ХДПнинг аъзоси Клара Жўраева Ўзбекистон ҳукуматининг мақсадини асло тушунолмайман. Ҳукуматнинг ҳаракатлари замирида келажак авлодга яхши ишлар қолдириш аломатларидан кўра халқни манқуртга айлантириш ҳаракатлари авж олаётгани ҳар қандай кишини ташвишлантирмасдан қолмайди. Аввалги президент Ислом Каримов бошқаруви даврида ўзбек халқи том маънода қўрқув исканжасида яшади. Шу боис Каримовдан келажак авлодга қуллик ва таъзим қилиб яшаш унсурлари мерос бўлиб қолди, деб баралла айтсак бўлади. Ачинарлиси, «Ўзбекистонда янги давр бошланди, туб ислоҳотлар даври бошланди», дея жар солинаётган янги раҳбар Шавкат Мирзиёев даврида ҳам халқимиз Каримовдан қолган чиркин одатлардан халос бўла олмаётир, қўрқувдан қутула олмаётир. Улар қаттиқ нонга зор бўлса ҳам, болалари қишнинг қаҳратон кунларида газ йўқлигидан, оч-наҳорлигидан ўлса ҳам, ўзга юртларда яшаб ёниб кулга айланса ҳам, Россиядан қатор-қатор тобутлар келса ҳам жимгина яшашда давом этмоқда. Аниқроғи, куч ишлатар тизимларининг 27 йил давомида олиб борган зўравонликлари, ҳукуматнинг деспотлари уларни шундай йўл тутишга мажбурламоқда.

Энг ачинарлиси, Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон иқтисодиёти ботқоққа ботиб кетган, халқнинг турмуш тарзи ниҳоятда оғирлашган, қашшоқлар сони кўпайган бўлса-да, ҳукумат ва унга қарашли телеканаллар «Ўзбекистон бой давлат, халқи фаравон яшамоқда, мамлакат гуллаб-яшнамоқда», дея аюҳаннос солиб келишди. Ҳолбуки, Каримов даврида ўзим яхши билган Тошкент-Самарқанд магистраль йўлларига, республика трассаларига ҳатто оддий светафор ҳам ўрнатилмади. Бунинг натижасида йўлларда деярли ҳар куни автоҳалокатлар рўй бериб, бир неча минг одамларнинг умри бемаврид ҳазон бўлди. Ўзбекистондаги маҳаллалардан бирида автоҳалокат туфайли бир кунда тўрт нафар киши вафот этганда мазкур ҳолат юзасидан юқори органларга савол билан мурожаат қилгандим, шу пайт уларнинг ҳатто жойларда светафор муаммоси мавжудлигини билмаслиги, ақалли бу ҳақида ўйлаб кўрмаганлари яққол маълум бўлди. Яна бир аламли жойи шундаки, мен азадор хонадонларга бориб, тегишли жойларга светафор ўрнатишни, светафор бўлмаганлиги туфайли, йўл қоидасига амал қилиш имкони йўқлиги сабабли йўқотишлар содир бўлаётганига доир юқори ташкилотларга шикоят қилиш таклифи билан чиққанимда улар «светафор ҳақида нима учун биз гапиришимиз керак, бошқалар гапирсин» дея воқеликдан бош тортишди.

Яқинда Ўзбекистонга бордим. Светафорга доир масалалар ҳали муаммолигича турибди. Ҳар-ҳар жойга светафор ўрнатилган. Менимча асосий жойларга светафор ўрнатилмаётгани ҳам бизнинг иқтисодий аҳволимиз оғирлигидан далолатдир.

Ўзбек халқи нима учун ғариб аҳволга келиб қолди? Биринчи президентимиз шу даражада кучли айёр сиёсатчи бўлган эди. Президент бўлган илк пайтларида қасамлар ичиб ўзини халқпарвар кўрсатишга эришди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан халқни қўрқитиш, зўравонлик усулида бошқариш усулига ўтди. Телевидениеларимиз эса 24 соат ана шундай ғаддор президентни мадҳ қилиш билан овора бўлди. Каримовнинг бирон бир шахсни унинг шикояти юзасидан қабул қилганини шахсан мен асло кўрмаганман. У халққа ҳар замонда бир кўриниб туриш билан чекланди, уларни «барака топкурлар» деб алқаш, бир кулиб қўйиш орқали алдаб келди. Афсуски, жаллоднинг сохта кулгисига оми халқ гулдурос қарсаклар чалиб, уни яна ваҳшиёна ишлар қилишга руҳлантирди. Халқнинг қўлловидан руҳланган Каримов зиёли инсонларни хоҳлаганча бадарға қилишга, олиму фузалоларни йўқ қилишга ўтди. Бугунги кунда Каримовнинг оила аъзолари сизу бизнинг қонимиз, жонимиз эвазига қўлга киритган бойликлар ҳисобига чет элларда ва мамлакатимизда ялло қилиб яшамоқда. Халқ эса яна сукут ичида умргузаронлик қилмоқда.

Мен ушбу мақоламда Каримов сиёсатига беҳуда тўхталмаётирман. Амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракатлари, бошқарув усули айнан Каримовникига ўхшашлигини эслатгим келади. Мирзиёев ҳам худди устози каби ўзини халқпарвар кўрсатишга интилаётгани, амалда эса унга ҳам халқ ғами ва ташвиши заррача азоб бермаслиги кун сайин ойдинлашмоқда. Ўзбекистонда бўлганимда 27 йил Каримовни мадҳ этиб келган оинаижаҳонлар энди Мирзиёевни кўкларга кўтаришга ўтганига, буни аъло даражада уддалаётганига амин бўлдим. Менимча, ҳа демай Шогирд Устоздан ошиб ўтади. У ҳам Устози каби шўрли ўзбекни алдовлар йўли билан, қўрқитиш, зўравонлик, пўписа усули билан бошқаришда давом этаверади.

Клара Жўраева,

«Бирдамлик» ХДП фаоли

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Инерция қачон тўхтайди, ёхуд туҳмат уюштириш шартми?

Ўзбекистон «Бирдамлик» Халк демократик ҳаракати қурултойини ўтказишга жойларда кимлар ва нима учун тўсқинлик қилди? 12-ноябрь куни кеч соат 20-00 ларда менга яшаш жойимдаги ...

Ҳаммага ишлаган қонун ва қарорлар нега мухолифат фаолларига ишламайди?

  Мен Махмедов Қахрамон жорий йилнинг 11 февралида Қашқадарё вилоят, Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасига ҳорижга чиқиш паспортини олиш учун керакли ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400