Юлдузли тунлар-70

3

Деҳлига отасидан олдин кириб келган Ҳумоюн Жамна дарёсининг ўнг қирғоғидаги қизил деворли улкан қалъани жангсиз эгаллади. Иброҳим Лодининг қалъадаги хазинала-рини муҳрлаб, ишончли посбонларга топширдида, уч юзтача хос навкари билан шаҳарни айланишга чиқди.


Унда-бунда учрайдиган паст-баланд тепаликларни ҳисобга олмаганда, Деҳли — кўкалам бир текисликка жойлашган ва четларини кўз илғамайдиган катта шаҳар эди. Тиғиз жойлашган уйлар, маҳалла-куйлар беҳисоб, лекин кўчаларда одам кам — нотаниш фотиҳлардан чўчиб, уйларидан чиқмай ўтирганлар кўп.
Ҳумоюн қайси кўчадан ўтмасин, бесаранжом бир синчковлик билан эшик-деразалар тирқишидан, девор тепаларидан қараб турган ўнлаб кўзларни кўради.
Муқаддас дарё ҳисобланган Жамна бўйида тўп-тўп одамлар дафн маросими ўтказмоқдалар. Улар ўликларни хушбўй ўсимлик мойи сепилган ўтинлар устига қўйиб куйдирадилару кулини секин дарёга оқизадилар. Нариги дунёга оид бу иш билан бўлиб, бу дунёнинг ташвишларига, ҳатто шаҳарни эгаллаётган бегона қўшинга ҳам кўпда эътибор бермасликка тиришадилар.
Чорсу бозорида билакларига ва бўйинларига шода-шода гул осган ялангоёқ болалар, аёллар кўринади. Ҳатто соч-соқоли оқарган баъзи бир кексалар ҳам билакларига қизғиш-сариқ рангли гулшодалар солиб олишган эди.
— Бу — Чандин Чоук бозори, — деб изоҳ берди Ҳумоюннинг ёнида бораётган Ҳиндубек. — Ойдин Чорсу деган маъноси бор.
— Бугун ҳайитми, гул кўп? — сўради Ҳумоюн.
— Ҳа, баҳорги экинларнинг униб чиқишини қутлаб ўтказиладиган ҳайит. Ҳиндистонда ҳайит кўп. Бирон ой ҳайитсиз ўтмайди.
— Ғаройиб эл! — деди Ҳумоюн ўйчан кулимсириб.
Эски бир қасрнинг том ва деворлари устида оёқ-қўллари узун маймунлар бемалол сайр қилиб юрар эди. Юзлари, қўллари қора қоринлари сарғиш, бошқа ҳамма жойлари оқиш-кулранг. Жажжи маймун болалари томдан банан ва ним дарахтларининг шохларига сакраб ўтишар, бир-бирлари билан қувлашиб, дарахтдан ерга ҳам тушишар эди. Қасрнинг ич-ташида одамлар юрибди, лекин маймунлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Ҳумоюннинг кетидан бораётган юзбошининг кўзлари бирдан овчилик эҳтироси билан ёна бошлади. У камонини қўлига олаётганини кўрган Ҳиндубек:
— Маймуннинг уволи ёмон бўлади, — деди. Буни овлаган одам бахтсизликка учрагай.
Ҳумоюннинг ўнг ёнида бораётган Хўжа Калонбек кулиб сўради:
— Сигирни ҳам шунақа эъзозлашимиз керакми, жаноб Ҳиндубек?
— Неки тансиқ бўлса, элга азиз кўринур, — деди Ҳиндубек. Бу ернинг иссиқ иқлимида сигир асраш осон эмас.
— Ҳар қалай, — деб Ҳумоюн Ҳиндубекка ён босди, — подшо ҳазратлари махсус фармон чиқардиларки, ҳинд халқининг азалий удумларига ҳурмат билан қаралсин, эл-улуснинг нафсониятига тегадиган ҳаракат содир бўлмасин.
Хўжа Калонбек ўнг қўлини кўксига қўйди:
— Амирзодам, бу фармони олий биз учун қонун! Мен фақат Ҳиндубекка сал тегишдим.
— Бекнинг густохлиги маълум-ку, — деб энди Ҳиндубек ҳам Хўжа Калонга ҳазил қилди.
Олдинда баланд дархтлар орасидан бўй чўзиб чиқиб турган ёнлари қиррадор минора кўринди.
— Қутб Минора! — деди Ҳиндубек.
Ҳумоюн минора олдида отдан тушди, сўнг беклар билан миноранинг тепасига чиқди.
Минорадан юз қадамча нарида терак бўйи келадиган ёлғиз бир қора устун кўринди. Уста атрофида одам кўп эди.
— Бу недур? — сўради Ҳумоюн Ҳиндубекдан.
— Бу устун яхлит темирдан ясалган. Билганларнинг айтишича, уч юз йилдан бери турган эмиш.
Кимки устунни қучиб, илкини бир-бирига теккизолса, ўйлаган муроди ҳосил бўлар эмиш.
Шу вақтгача ўзини босиқ тутиб келаётган Ҳумоюн энди ўсмирларча бир қизиқиш билан:
— Қани кўрайлик! — деди ва чаққонлик билан зинадан чопиб тушиб кетди.
Темир устун атрофидаги одамлар шаҳзодани кўриб, ўзларини четга олдилар.
— Жаноб Ҳиндубек, қани, устунни не тавр қучиш керак?
Устуннинг тепаси ва пасти қорайиб кетган. Фақат ўртаси — беҳисоб одамларнинг қўл ва елкалари теккан жой оппоқ бўлиб, маъдани йилтираб чиқиб турар эди.
Ҳиндубек устунга тескари туриб, елкасини унга тиради-да, қўлларини орқага чўзди. Устун анча йўғон эди. Ҳиндубек уни тескари қучиб қўлини бир-бирига чўзди, лекин еткизолмади. Бутун кучи билан чиранди, барибир қўли қўлига тегмади.
Буни кўрганлар хахолаб кула бошладилар. Ҳумоюн ҳам кула-кула Ҳиндубек уддалай олмаган ишни қилиб кўрди. Лекин у ҳам қўлини қўлига теккизолмади. Бек ва навкарлару яна беш-олтитаси куч синаб кўрди. Шулардан фақат биттаси — қўллари узун, ўзи озғин са-марқандлик йигит — устунни тескари қучиб, қўлини қўлига текказишга муваффақ бўлди.
Ҳумоюн унга бир сиқим кумуш танга мукофот берди.

* * *


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-қўрқунч бир жасорат

Қобилбой бу сўзни эшиткучи қулоқлариға ишонмағандек, Анварнинг яқинроғиға сурилди. — Нима деяпсиз, Анвар, мен яхши онгламадим? Анвар яна ўша сўзини такрорлади. Қобилбой энди ...

Мeҳробдан чаён-дўстлиқ “каромати”

Эрталаб  хоннинг  ҳарамдан  чиқиш  вақти  яқинлашқан,  салом  ва  истиқбол  учун  хослардан саккиз-тўққузи йиғилған эдилар. Шу кутиш асноси эшикда ҳовлиқиб Султонали кўринди. ...

Қодирийни сотган одамлар

1938 йилнинг 4 - октябрида юзлаб ўзбек зиёлилари қотил тузум томонидан отиб ўлдирилган. ___________________________   Миллатим деб ўтдилар бобом, Миллат учун қўйган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400