МУСТАҚИЛЛИККА ЭРИШИШДА ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ МЕҲНАТИ НАРИ ТУРСИН,ҲАТТО РОЛИ ҲАМ ЙЎҚ”

Мустақиллик қандай “келди” ва унда Ислом Каримов роли нақадар катта? O’zbekiston Islom Karimov
25 июн 2020

Ислом Каримов, Борис Ельцин ва Нурсултон Назарбоев МДҲ эълон этилган матбуот анжуманида, Олмоти, 21 декабрь 1991 йилСУРАТ МАНБАСИ,ITA

Сурат тагсўзи,

Ислом Каримов, Борис Ельцин ва Нурсултон Назарбоев МДҲ эълон этилган матбуот анжуманида, Олмоти, 21 декабрь 1991 йил

Самарқанд Давлат университети доценти, физика-матемактика фанлари номзоди Абдулла Қуватовнинг ёзишича, мустақил Ўзбекистон тарихи мустақилликка етаклаган йиллардан сақланиб қолган ҳужжатлар, гувоҳлар ва матбуот лавҳалари орқали қайта таҳлил қилиниши керак. Унга кўра, Ўзбекистон мустақилликка эришишида унинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг меҳнати катта бўлган, дейиш нотўғридир.

Қуйида Абдулла Қуватовнинг Би-би-сига йўллаган мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. Би-би-си бу мавзуда барча фикрлар учун очиқ.

Мустақиллик қандай “келди”?

Собиқ совет республикалари орасида 10 та республика СССР дан мустақиллигини (ёки Мустақиллик Декларациясини) Ўзбекистондан олдин эълон қилган ва ўша кунни байрам қилишади. Бизнинг Республикамизда Россия ва бошқа баъзи иттифоқчи республикалар каби Мустақиллик Декларацияси қабул қилинган кун, мустақиллик куни сифатида байрам қилинмайди.

Қирғизистон Республикаси мустақилликни Ўзбекистон билан бир кунда эълон қилган. Учта Республика Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон СССР дан мустақиллигини Ўзбекистондан кейин эълон қилган.

Литва 11 март 1990 йил

Латвия 4 май 1990 йил

Эстония 8 май 1990 йил

Россия 12 июнь 1990 йил

Белоруссия 27 июль 1990 йил

Арманистон 23 август 1990 йил

Грузия 9 апрел 1991

Украина 24 август 1991 йил йил

Молдова 27 август 1991 йил

Озарбайжон 30 август 1991 йил

Ўзбекистон 31 август 1991 йил

Қирғизистон 31 август 1991 йил

Туркманистон 27 октябрь 1991 йил

Тожикистон 9 сентябрь 1991 йил

Қозоғистон 16 декабрь 1991 йил

Демак, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилиш қахрамонликка кирмайди. Ўз давлатининг мустақиллигини эълон қилган бирорта собиқ совет республикасининг раҳбари “қахрамон”га айлангани йўқ (Ўрта Осиёнинг баъзи республикаларидан ташқари). Ҳатто, Қирғизистонда мустақилликни эълон қилган ва демократик жамият пойдеворига тош қўйган Президент Асқар Ақаев кейинроқ халқ томонидан раҳбарликдан қувилди.

Абдулла Қуватов, СамДУ доценти

-Бизда ҳам “эълон қилиш” қаҳрамонлик бўлмаганлиги учун ўша вақтда бу воқеаларнинг тўғридан-тўғри гувоҳи бўлган олий совет депутатлари ҳатто қарсак ҳам чалмаган эди. Агар биз мустақилликни “орзиқиб кутган бўлсак”, “курашган бўлсак”, қарсаклардан зал ларзага келарди, худди футболдаги каби кўзидан қувонч ёшлари тўкиб депутатлар бир бирини қучоқлашиб табриклашарди, халқ ҳам ўша кун кўчада, уйида байрам қиларди.

Кейинчалик бу Ўзбекистон матбуоти, радио телевиденияси, раҳбарияти томонидан “қаҳрамон”ликка айлантирилди. “Қаҳрамон”нинг ўзи ҳам ўша мустақиллик учун “кураш” даври ҳақидаги китоблари, нутқлари билан бунга катта ҳисса қўшди. Ўзбекистонда бу китобларда, нутқларда келтирилган фактларга, айтилган фикрларга жавоб беришнинг, эътироз билдиришнинг имкони йўқ эди. Лекин ўша вақтларда яшаган, ўша кунларни кўрган, иштирок этган, демак жонли гувоҳи бўлган миллионлаб ватандошларимиз ҳали ҳаёт ва улар нима бўлганини жуда яхши билади.

Иккинчидан, СССР нинг тақдири ҳал бўлган 18-21 август воқеаларининг ҳар бир соати, йирик иштирокчиларнинг ҳатти -ҳаракати ҳақида батафсил ёзилган ёзма манбалар – расмий ҳужжатлар, разведка маълумотлари, газета, журналларнинг мақолалари, радио телевидениянинг эшиттириш ва кўрсатувлари, жумладан Москвада ишлаган чет эл мухбирларининг лавҳалари архивларда бўлиши керак. Бу ерда ёлғон айтиб, обрў олишнинг иложи йўқ.

Ўша қоронғу кунларда Қирғизистон раҳбари Асқар Ақаев ГКЧП ни қоралаб, Борис Ельцин бошчилигидаги демократик кучларни қўллаб баёнот берди. 20 августда Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳам уларга қўшилди. Бундай баёнот Ўзбекистон раҳбарияти томонидан бўлгани йўқ.

СССР нинг тақдири ҳал бўлган ўша ниҳоятда ташвишли, қора кунларда Совет Иттифоқининг Президенти Михаил Горбачев Форос санаторийсида тутқунликда бўлса, унинг ҳукумати аъзоларининг аксарияти ГКЧП да қатнашганлиги учун Москвада қамоққа олинган эди.

Жумладан мудофаа, даҳшатли КГБ каби куч ишлатувчи вазирликларнинг раҳбарлари ҳам қамалди, ички ишлар вазири Борис Пуго эса қилган иши нотўғри бўлганини кўриб ўзини ўзи отди. Демак бирор республикага бу вазирликларнинг аскару милициясини юбориб совет тузумини ҳимоя қилишнинг имкони йўқ эди, яъни қўрқишга ҳожат қолмаган эди.

Учинчидан, СССР Президенти М.С.Горбачев билан Россия Президенти Борис Ельцин ўртасида катта келишмовчилик ва рақобат бор эди. Ўша ошкоралик вақтларидаги матбуот, радио, телевидение эркин бўлганлиги учун, улар орқали бу келишмовчиликни бутун халқ, мамлакат биларди, телевизор орқали кўрарди.

Горбачев ва унинг вазирлари қамоққа олиниб раҳбарлик лавозимларидан маҳрум бўлди. Горбачев яна раҳбарликка келмаслиги учун, у раҳбар бўлган СССРнинг бўлмаслиги, унинг таркибига кирувчи иттифоқчи республикалар ундан чиқиши, яъни ўз “аравасини тортиши” керак эди. Балки телефон орқали Ельциннинг сафдошлари томонидан бошқа республикаларнинг раҳбарларига шу гап айтилгандир, айтилмаган тақдирда ҳам “қамоқхонанинг” қоровуллари қамоққа олиниб “асрга олинганларнинг” чиқиб кетиши учун эшиклари ланг очиб қўйилди.

Шундай қилиб 1991 йил август ойида СССР Президенти Горбачев ҳам ҳукуматсиз, ҳам иттифоқчи республикаларсиз қолганди… Ўша вақтларда СССР Олий Советининг сессиялари кўп кун давом этарди. Ошкоралик замони эди, сессиянинг мажлисларини телевидение тўғридан-тўғри кўрсатарди, матбуот, биринчи навбатда “Известия” газетаси сессияда чиқиш қилган депутатларнинг нутқларини батафсил босиб чиқарарди. Кейинроқ ҳамма сессияларнинг стенографик ҳисоботлари алоҳида-алоҳида журнал кўринишда катта тиражда нашр қилинди.

Сессияда Болтиқбўйи республикаларидан сайланган депутатларга сўз берилганда, уларнинг деярли ҳаммаси муҳокама этилаётган масала бўйича фикр билдиришмасдан фақат бир нарсани таъкидлардилар – Риббентроп-Молотов пактини бекор қилиб бизнинг мустақиллигимизни тан олинг, мустақиллик беринг, дейишарди. Баъзида шундай бўлардики, бу гаплари учун уларга таъна тоши отилар, ҳақоратлар ёғдириларди. Бундайларнинг орасида афсуски раҳбарият, аниқроғи республика раҳбари чизиб берган “чизиқдан” чиқмайдиган бизнинг вакилларимиз ҳам бўларди.

Лекин, Ўзбекистонлик бирор депутат, шу жумладан Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов бирор марта мустақиллик тўғрисида на матбуотда на сессияларда оғиз очган. У вақтларда хоҳлаган нарсани гапириш мумкин эди. Ўша мажлисларда рўй берган воқеаларнинг ҳаммаси “қарсаклар”, “давомли қарсаклар” , “залда кулги”, “фалон депутат ёки депутатлар гуруҳи норозилик билдириб залдан чиқиб кетди”ларигача тарих саҳифаларига муҳрланган.

Табиий савол туғилади, қайси сиёсатчилар билиб-билмасдан шу шароитларни муҳайё қилди. Албатта биринчи навбатда СССР Президенти Михаил Горбачев ва унинг яқин сафдошлари. Горбачев нафақат собиқ 15 республиканинг, балки Европа ва Осиёнинг коммунистик давлатларини мустақил бўлишига сабаб бўлди. Горбачевнинг бу хизматлари Европа давлатлари, халқлари ва дунё демократик жамоатчилиги томонидан юксак қадрланади. Шунинг учун ҳам Гобачевга тинчлик бўйича Нобель мукофоти берилган.

Совет тузумини маъқуллаб уни қўмсайдиганлар ёки ўз вақтида ундан танбеҳ олганлар Совет Иттифоқининг тарқаб кетишида Горбачевни айблайдилар. Бу тўғри айблов, лекин Совет Иттифоқи тарқаб кетмаганда қандай қилиб мустақил бўлардингиз?

Айнан Горбачев (билиб-билмай, тўғри-нотўғри) бошлаган қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати бир томондан СССРни кучсизлантирди, иккинчи томондан одамларнинг онгида ўз ҳақ-ҳуқуқини англашга, уни ҳимояси учун курашга, демократик тамойилларнинг пайдо бўлишига йўл очди, имконият яратди. Шунинг учун мен собиқ Совет Республикаларининг жумладан, Ўзбекистоннинг мустақил бўлишида қайси сиёсатчининг, шахснинг роли катта деган саволга, ўша йилларнинг онгли гувоҳи сифатида яна бир марта «Михаил Горбачевнинг» деб жавоб бераман.

Республикамизнинг мустақилликка эришишида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг меҳнати нари турсин, балки роли ҳам йўқ. Мустақилликдан кейин ҳар бир собиқ республика, “қардош” халқ демократия, иқтисод ва ижтимоий соҳаларда нимага эришган бўлса, унга ўша ҳалқ ва унинг етакчилари масъул.

Абдулла Қуватов, СамДУ доценти

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Албан қўзғолони

АЛБАН ҚЎЗҒОЛОНИ (1912)-албан халқининг Туркия ҳукмронлигидан халос бўлиш мақсадида кўтарган умумхалқ қўзғолони; унда христианлар билан бирга мусулмон аҳоли ҳам иштирок этди. ...

Дукчи эшон

МУҲАММАДАЛИ  ХАЛФА  СОБИР ЎҒЛИ, Дукчи эшон, Мадали эшон (1856, Фарғона вилояти Чимён қишлоғи — 1898.12.6, Андижон) — Андижон қўзғолонинг раҳбари. Ўрта ҳол деҳқон ва  ...

Абдулазизхон мадрасаси

АБДУЛАЗИЗХОН МАДРАСАСИ- Бухородаги меъморий ёдгорлик. Қўш иморат ансамблнинг жануби томонида меъмор Мимхоқон ибн Хўжа Муҳаммадамин томонидан 1652 йилда қурилган. Улуғбек ...