Тожикистон Афғонистон билан чегарани ёпиб қўйиши ортида нима бор?

Охирги бир ҳафта – ўн кун давомида Тожикистон Ҳукумати Афғонистон билан ўтиш текширув нуқталарини ёпиб қўйди. Бундан асосий мақсад, хавфсизлик эканлиги таъкидланмоқда.

Шунингдек, бу ишларнинг Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати чегарачилар отрядининг Афғонистондан ўтиб келган контрабандачилар гуруҳи билан жанговор тўқнашувидан кейин амалга оширилаётганлиги ҳам мақсад хавфсизлик эканлигидан далолат беради. Аммо баъзи  кузатувчилар икки давлат чегарасининг ёпилишидан асосий мақсад бошқа, сиёсий ўйинлар эканлигини айтмоқда.

Айни пайтда Тожикистон -Афғонистон ўртасидан оқиб ўтадиган Панж дарёсидаги бешта кўприк бўйича ҳаракатлар ҳам тўхтатилган. Тоғли Бадахшон Автоном вилояти ва Шамсиддин Шоҳин туманидаги чегарада жойлашган бозорларда ҳам одам жуда сийрак бўлиб қолди.

Хатлон областининг бошқа районларида ҳам ўтиш текширув нуқталари ёпиб қўйилган. Жумладан, Фархор туманининг Кокул номли жойидаги ўтиш текширув нуқталари орқали қатнайдиган юк автомашиналарининг корвони ҳам ҳаракатдан қолган.

Хатлон вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи берган маълумотларга кўра, Афғонистон билан чегара хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинча ёпиб қўйилган. Вилоят маъмурияти масъуллари Шамсиддини Шоҳин туманидан Тоғли Қорабоғгача бўлган ҳудуд фақатгина хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилганлиги ва қачон қайта очилиши уларга маълум эмаслигини айтади.

Мустақил манбаларнинг хабарига кўра, Афғонистоннинг Бадахшон музофоти губернатори Аҳмад Файсал Бекзод ҳам Тожикистон билан чегара ёпилганини тасдиқлади.

Шунингдек, «Биз ҳозир Тожикистон томони билан чегарани очиш борасида музокаларар олиб бораяпмиз. Бу музофот аҳолиси учун муҳим. Чунки йилнинг бу вақтида кўп қор ёғиши боис, Афғонистоннинг марказий қисмига боришнинг амалда иложи йўқ.

Одатда биз куз ва қишда озиқ-овқатни фақат Тожикистондан сотиб оламиз», – дейди афғон амалдори.

Афғон амалдорининг сўзларидан маълум бўладики, Тожикистон ва Афғонистон орасидаги чегаранинг очилиши афғон халқи учун жуда муҳим. Аммо бу чегаранинг очиқ бўлиши Тожикистон учун қанчалик муҳим? Ёки Тожикистон хавфсизлиги учун қанчалик аҳамиятга эга? Умуман, Тожикистон – Афғонистон чегарасининг тўсатдан ёпиб қўйилиши ортида нима турибди?

Маълумки, 2 декабр куни Шамсиддини Шоҳин туманидаги “Шўробод” чегарачилар отрядининг “Баҳорак” номли 2-чи назорат нуқтасида Афғонистондан ўтиб келган контрабандачилар гуруҳи билан жанговор тўқнашув бўлиб, натижада «Шўробод» чегарачилар отрядининг командири, полковник Аҳтамов Хайриддин Талбакович ҳалок бўлган.

Тўрт нафар чегарачилар оғир жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган эди. Отишмалар натижасида контрабандачиларнинг уч нафари ҳалок бўлган, қолганлари қайтиб Афғонистонга қочиб улгуришган. Воқеа жойидан 4 та Калашников русумли автомат ва 30 килограммдан ортиқ наркотик модда топиб, мусодара этилган эди.

Шу воқеалардан кейин чегара ўтиш нуқталарининг хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинчалик ёпиб қўйилиши таббиий кўринади. Аммо мустақил манбаларда қайд этилишича, Тожикистон МХДҚ чегара қўшинлари бош бошқармасининг матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев тожик-афғон чегарасининг ёпиш ҳақида ҳукумат ҳеч қандай расмий кўрсатма бермаганини баён қилган.

Баъзи кузатувчиларнинг баён этишича, чегара ёпилишининг асосий сабаби 2 декабр куни чегарачилар ва контрабандачилар орасида бўлиб ўтган отишма эмас. Бунгача ҳам бундай тўқнашувлар ва отишмалар кўп кузатилар эди. Аммо уларнинг ҳеч биридан сўнг чегара нуқталари ёпиб қўйилмас эди. Қолаверса, отишмалар Шамсиддини Шоҳин туманидаги бир чегара ўтиш нуқтасида содир бўлган. Аммо Тожикистоннинг Афғонистон билан бўлган узундан узоқ чегараси бошдан оёқ ёпиб қўйилмоқда.

Қўшни Афғонистон билан чегаранинг ёпилиши Тожикистоннниг бошқа қўшни Ўзбекистон билан янада яқинлашувига олиб келади.

Бу ҳатто Тожикистон ва Ўзбекистон орасидаги виза режимини кўтарилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Афғонистон билан чегаранинг Тожикистон томонидан айнан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи олдидан амалга оширилиши ҳам фикрининг исботи эканлигини таъкидлайди мустақил кузатувчилардан бири.

Муаллиф: Соҳиб Назаров

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Магнитогорскда ўзбекистон ва қирғизистон фуқаролари отиб ўлдирилганми?

Магнитогорскда Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган маршрутка ёниб кетди. Бу ҳақда UZ24 сайти Апрель сайтига таяниб ёзмоқда. Маршруткада ёниб кетган эркаклар ушбу ...

“ўзбекистон ҳаво йўллари“нинг самолёти истанбулдан учиб кета олмади

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКга қарашли Boing 767 самолёти Истанбулдан Тошкентга парвозни ўз вақтида амалга ошира олмади. Бу ҳақда Соф.уз нашри хорижий оммавий ахборот ...

Озарбайжоннинг эски манати инфляция бўлганида масхара бўлганми?

Озарбайжон манати ҳам 90-йилларда ва 2000-йиллар бошида кичикроқ инфляцияни бошдан кечирган. Ўшанда 10 минг ва минг номиналли банкноталар чиқарилган. Одамлар “минг”, “ўн ...