Сиёсий тил тараққиёти ҳақида

Тил мавзуси бир кўтарилиши, бир муддатдан сўнг унга бўлган қизиқиш яна сўниб қолишига кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Бу сафар тил ҳақиқатан долзарблик касб этди шекилли, ўринли-ўринсиз кун тартибига қўйиляпти.

Мақола муаллиф Элдар Асановнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Бу сафар амалдорлар расмий тадбирларда давлат тилида гапирмагани баҳсларга сабаб бўлди. Кимдир давлат тилида гапириш зарурлигини таъкидлаган бўлса, бошқалар бунда лисоний миллатчиликнинг бошланишини кўрди.

Нима бўлганда ҳам, баҳснинг, фикрлар хилма-хиллигининг бўлгани яхши.

Вазиятдан фойдаланган ҳолда мавзуга оид материал тақдим этмоқчиман. Яқиндагина “Тафаккур” журнали бир неча мутахассис, журналист ва зиёлидан тил масаласида интервью олган эди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Журналнинг саволларига берган жавобларимни келтираман, аммо бошқа иштирокчиларнинг жавобларини ҳам ўқиб чиқишни тавсия этаман — қизиқ ва хилма-хил фикрлар билдирилган.

1. Сизнингча, давлат тили ҳақидаги қонун қандай бажариляпти? Бу борада яна нима ишлар қилинмоғи лозим деб ҳисоблайсиз?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонун жуда зарур, аммо эътибордан четда қолган расмий ҳужжатлардан биридир. Унинг ижроси учун масъул қилиб белгиланган тузилмалар — республика Олий Совети ҳамда унинг қошидаги Доимий тил комиссияси аллақачон ўз фаолиятини тугатган. Бошқа ижрочилар тайинланмаган, ҳарқалай, қонун матнига тегишли ўзгартиш киритилмаган. Қонуннинг 5, 6, 7, 8 ва ҳоказо моддаларида илгари сурилган талаблар (давлат ташкилотлари, турли шаклдаги корхоналарда, шунингдек, тадбирлар, ҳужжатлар, эълонлар, маҳсулотлар ёрлиқларида давлат тилидан фойдаланиш) етарли даражада бажарилмайди: жуда кўп давлат ташкилотлари ҳануз рус тилида ишлайди, нодавлат ташкилотлар ва хусусий корхоналарни-ку айтмаса ҳам бўлади.

Хўш, бу ҳолни қандай изоҳлаш мумкин? Назаримда, ўзбек халқи давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши йўлида кўрсатган матонат ва бирдамликни эътироф этган ҳолда, бир парча қоғоз билан иш битмаслигини, ниҳоят, тушунмоғимиз лозим. Бугун муҳимроқ вазифа кун тартибига қўйилиши зарур: ютуқ ва камчиликларни баҳолаш, тарих ва бугуннинг тажрибасини эҳтиросга берилмай ўрганиш ҳамда тегишли хулосалар чиқариш.
Тарихан аксар миллатлар сиёсий тилнинг (ёхуд тил сиёсатининг) уч босқичини босиб ўтади:

– миллий тил учун кураш босқичи. Қарам бўлмаган халқлар — миллат сифатида шаклланиш жараёнининг фаол босқичида, қарам халқлар — истибдоддан озод бўлиш (ва шу билан мувозий равишда — миллат сифатида шаклланиш) чоғида тилга “миллий” мақом беради, тил тараққиёт, эрк, ўздик тимсолига, маънавий капиталга айланади. Миллий тилнинг камситилишига истибдоднинг бир шакли деб қаралади, тил соҳасидаги ютуқлар эрк ва тараққиёт йўлидаги муҳим қадам сифатида талқин этилади. Бу босқич, одатда, миллий тилнинг қонунлаштирилиши билан якун топади. Айни пайтда, мустамлакачи тил билан норасмий кураш ҳам давом этадики, унинг натижаси турлича бўлиши мумкин;

– остида мустаҳкам замин топган миллий тил энди мамлакатдаги кичик этник ва лисоний гуруҳлар учун ассимиляция хавфини уйғота бошлайди. Уларнинг бунга муносабати ҳар хил бўлиши мумкин: ўз тилини ривож топтиришга уриниш, унга ҳам “миллий” мақом берилишини талаб этиш (яъни юқорида тавсифланган биринчи босқич энди микродаражада такрорланади); айрим ҳолларда тарози паллаларини мувозанатга келтириш мақсадида мустамлакачи тилга қайтиш. Бундай вазиятда гоҳо кескинлик юзага келади, гоҳо эса муроса йўллари қидирилади;

– лисоний космополитизм босқичи. Бунда на мустамлакачи тил, на этник озчиликлар тили (ассимиляцияга учрагани ёки муроса йўли топилгани учун) миллий тилга таҳдид уйғотмайди, энди унга алоҳида миллий ёки расмий мақом бериш эҳтиёжи йўқ. Бу босқичда ё расмий тил тушунчасидан бутунлай воз кечилади, ё бошқа тилларга кенг ва тенг имкониятлар тақдим этилади.

Ҳиндистон босиб ўтган йўл бунга мисол бўла олади. XX асрнинг 40-йиллари адоғигача ҳиндий тили озодлик мафкурасининг муҳим узвий қисми бўлди, мустақиллик қўлга киритилгач эса, 50-йилларда “Тиллар марши” бошланди — ахийри мамлакатдаги бошқа тиллар ҳам расмий мақомга эга бўлди. Айни чоғда, 1965 йили буткул истеъмолдан чиқарилиши лозим бўлган мустамлакачи тил — инглизча ҳам сақланиб қолди. Бунга, бир томондан, инглиз тилининг халқаро аҳамияти, иккинчи томондан, лисоний озчиликларнинг саъй-ҳаракати сабаб бўлди. Бугун Ҳиндистонда 24 та расмий тил бор. Хитойда бу кўрсаткич 56 та. АҚШда “миллий” ёки “расмий тил” тушунчаси умуман мавжуд эмас.

Шулардан келиб чиқсак, галдаги вазифа — биз айни тарихий жараённинг қайси босқичига етганимизни англаб, шунга яраша қадам ташлашимиз лозим. Бу жараён, яна такрорлайман, расмий идоралар фармон-буйруқлари билан олға силжимайди. Зиёлилар қатлами унда фаол иштирок этиши, масъулиятни ўз зиммасига олиши, сўздан ишга ўтиши керак.

Айтиш жоизки, ўзбек тили минтақанинг бошқа тилларига қараганда бирмунча дуруст аҳволда. Қозоғистонда рус тили томонидан сиқиб қўйилган қозоқ тилига, Хитойда йўқликка юз тутаётган уйғур тилига қиёсласак, 30 миллиондан ортиқ одам гаплашадиган, қўшни мамлакатларда ҳам кенг тарқалган, йўқлдиў таҳдидидан йироқ ўзбек тили аҳволидан фожиа ясаш, ваҳима кўтариш ножоиз. Дўппини бир ерга қўйиб, шунчаки тилни ривожлантириш, унга янада сайқал бериш, қўллаш доирасини кенгайтириш каби ҳаракат йўналишлари устида бош қотирмоқ керак.

2. Сиёсий, иқтисодий, психологик ва ҳоказо омилларни соқит қилиб, фақат соф лисоний нуқтаи назардан қараганда, қайси графика ўзбек тилининг товуш табиатига кўпроқ мос – кириллми ёки лотин?

Аслида, ҳар қандай тил учун энг қулай графика шу тил учун тарихан ишлатиб келинган ёзув тизими ҳисобланади. Айтайлик, хитой тилини хитой иероглифларичалик кам-кўстсиз акс эттирадиган бошқа ёзув тизими йўқ. Араб тили учун араб хати, туркий тиллар учун кўктурк хати энг мукаммал ёзув турларидир. Лотин, кирилл сингари универсал воситалардан бирини танлар эканмиз, барча омилларни ҳисобга олишимиз зарур: соф лисоний нуқтаи назар мутлақ объективлиги боис ҳам аниқ ечим таклиф эта олмайди. Негаки, ҳар қандай алифбони ҳар қандай тилнинг фонетик таркибига мослаш мумкин. Шунинг учун, хоҳлаймизми-йўқми, сиёсий, маданий, ҳеч бўлмаганда техник омилларни инобатга олиб иш тутишга мажбурмиз. Ҳарфларнинг ихчамлиги, диграфлар (қўшҳарфлар) ва диакритиканинг бор-йўқлигию бунинг клавиатура ёки қўлда ёзишда қийинчилик, қўшимча харажат ва меҳнат талаб этиш-этмаслиги — эътиборга олинадиган энг зарур омиллардир.

Ўзбек тили учун шу пайтгача ишлатиб келинган ёзув тизимлари орасида энг мақбули 1929–1940 йилларда истифода этилган лотин графикаси эди. У ўзбек тилининг барча фонетик ўзига хосликларини акс эттирар ҳамда бошқа тиллар билан муносабатга киришиш, масалан, чет сўзларни “оғриқсиз” ўзлаштиришда кенг имкониятлар яратар эди. Жумладан, барча ўзлашма сўзлар ўзбек тилининг талаффуз қоидаларига бўйсундирилиши қатъий белгилаб қўйилган эди. Унинг нуқсонлари сифатида эса араб графикаси рудиментлари — “h”, “x” ҳарфларининг ҳамда апостроф (’) сақлаб қолинганини айтиш жоиз.
Одамлар орасида ўзбек кириллчаси мукаммал деган қараш тарқалган. Ҳолбкуки, кирилл хатида ҳам камчиликлар талайгина. Бундан ташқари, товуш ва ҳарф, ёзув ва тил муносабатлари акс таъсирга асосланади: кирилл ёзувию унинг имло қоидалари таъсирида ўзбек тили ҳам ўзгаришларга учраган, айрим хусусиятларини йўқотган. Кирилл имлоси рус тили таъсирини олиб киргани, байналмилал сўзларнинг русча талаффузини қонунлаштиргани оқибатида ўзбек тили фонетикасида “синиш” юз берган. Унли товушларни ифодаловчи ҳарфлар етарли эмаслиги боис бугун ўзбеклар “i” ва “ı”ни битта товуш деб қабул қилади.

Ҳозирги ўзбек лотин алифбоси кирилл ёзувининг тўғридан-тўғри транслитерацияси бўлгани сабаб унинг камчиликларини такрорлайди ва кириллчанинг ўрнини босадиган қулай восита бўла олмайди.

3. Жамиятимизда тил қашшоқлашиб ва дағаллашиб боряпти, шунингдек, саводхонлик пасайиб, имловий анархизм авж оляпти, деган даъволарга қандай қарайсиз? Бу борада хавотирга чиндан-да асос бўлса, сизнингча, мазкур вазиятдан чиқишнинг қандай чоралари бор?

Тилдаги ўзгариш жараёнлари тўхтовсиз давом этади. Ижтимоий, сиёсий ва маданий вазиятга қараб тил “дағаллашиш”, “қашшоқлашиш” ёки аксинча, “сайқаллашиш”, “бойиш” жараёнларини бошдан кечиради. Бироқ бундай баҳони беришда шошқалоқликка ва бирёқламаликка йўл қўйиб бўлмайди. Тил — жуда кенг кўламли феномен, унинг қўлланиш доиралари, услублари, диалектлари ва ўзга яшаш шакллари жуда кўп, буларнинг ҳар бирида бир вақтда турлича ўзгаришлар кузатилади. Мисол учун, ўзбек тилининг бадиий услуби ниҳоятда гўзал ва бой, лекин илмий услуби фикрлаш ва баён учун етарли имконият бермайди.

Ялпи саводсизлик фактини, афсуски, инкор қилиб бўлмайди. Кўчалардаги афиша, эълон ва рекламаларда, ҳатто ОАВда имловий, пунктуацион ва услубий хатолар жуда кўп учрайди. Лекин ҳар доимгидай танқидга берилиб кетамиз-у, сабабларни таҳлил қилиб кўрмаймиз. Имловий хато қилувчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш, ҳатто уларни жазолаш сингари “ташаббус”лар илгари сурилади. Ҳадеб алоҳида шасхларга ёпишавермай, моҳиятга назар солиш пайти келди, фикримча.

Тил қашшоқлашяпти, имловий анархия авж оляпти деган даъволар маълум маънода тўғри. Шундай бўлса-да, гап бир-иккита саводсизда эмас. Буни англаш учун қуйидаги саволлар устида бош қотириш даркор:

– балки муаммо тил ва имло қоидаларининг ўзидадир? Агар ҳамма “х” ва “ҳ”ни адаштирса, унда эҳтимол муаммо “саводсиз” ва “масъулиятсиз” одамларда эмасдир? Ўзбек сўзлашув тилида бу икки товуш фарқланмайди, шундай экан, адабий тилга уларни зўрлаб сингдириш нечоғли тўғри?

– ёшлар орасида хат-саводнинг қониқарли эмаслиги, тил қоидаларига риоя этилмаслиги сабаби таълим тизимидаги нуқсонларга бориб тақалар? Мактаб ёки университетда она тили яхши ўқитилмаса ёки ўқувчи-талабалар олдига бу борада етарлича қатъий талаб қўйилмаса, бунда ким айбдор? Балки таълим тизимида она тили ўқитилишига бошқача ёндашиш керакдир?

– халқни саводли этадиган нарса — доимий мутолаа. Кирилл хатида чоп этилган китоблар талай, аммо лотин алифбосида аҳолини адабиёт билан етарлича таъминлаш долзарблигича қолмоқда. Газета-журналлар, сайтлар ўзи кўтараётган мавзую чоп этаётган мақолалари билан оммада қизиқиш уйғота олмаяпти.

Она тили таълими эпақага келтирилмас экан, ўқишли бадиий, илмий, илмий-оммабоп китоблар захираси яратилмас экан, одамлар ҳар куни интернетни қизиқиб “варақламас”, газета ва журналларни интиқиб кутмас экан, хуллас, ўзбек тилида аҳоли кенг қатламларини ўзига жалб этадиган бинойидек ахборот оқими ҳосил қилинмас экан, бировлардан “хато ёзасан”, “адабий тилни билмайсан” деб гина қилиш ноўрин.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Янги атама халқчил атамами?

  Жамият қиёфаси Ўзбекистонни марҳум Ислом Каримов бошқарган 25 йил мобайнида Ички ишлар органлари ва бу тизим ходимларининг қонуний мақомини белгилаб берувчи юридик ...

Тўғри сўзнинг тўқмоғи

Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Зоҳиджон Зокиров. У Наманган вилояти, Мингбилоқ туманида,1975 йил, 28  сентябрда туғилган. Зоҳиджон Зокироа таниқли, фидоий  Наманганлик журналист ...

Самарқанддаги зиёвуддин шаҳарчасида кўп йиллик дарахтлар кесилмоқда

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Зиёвуддин шаҳарчаси, Истиқлол кўчасида кўп йиллик дарахтлар кесилмоқда. «Xabar.uz» сайтининг ёзишича, 2 октябрь куни тонгда ушбу ҳолат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400