Эврил Турон: Кимнинг “Ўзи” ўзида? (ҳикоялар)

Эврил Турон: Кимнинг “Ўзи” ўзида? (ҳикоялар)

   Саҳро

– Қорақум саҳроми?

– Саҳро.

– Қизилқум саҳроми?

– Саҳро

– Йўқ, саҳро менинг бошим…

 1985, Қизилқум.

                                                                                   От

Эга жиловни силтаб, отга қамчи босиб бораяпти. Озғин Қорабайир  дам ўнгга, дам чапга, дам тикка, дам қияга учмоқда .

Жонивор қора терга ботган, зўрға-зўрға нафас олаяпти.

Эга унга заррача шафқат қилмётир. Арғумоқнинг бошига қамчи солмоқда, қорнига тепмоқда.

Отнинг кўзидан ёш, оғзидан кўпик оқаяпти.

Шўрлик ҳали замон йиқилади.

Аммо эгага озор беришни ўйламаяпти…

1983, Дўрмон.

                                                                                  Уруғ

             (Масал)

Тумандай тумшайган чўққи тагида буғдой бошоқламоқда. Чўққи унга таажжуб билан боқиб, мийиғида кулди. Буғдой буни сезмаганга олиб, бошоқлайверди. Фақат юлдузлар билан сўйлашгувчи чўққи:

“Бир гал шуни билан гаплашсам, пасайиб қолмасман”, деб ўйлади ва уни саволга тутди:

– Эрта – индин ўрилишингни биласанми ўзи?

– Биламан.

– Шундаям бошоқлайверасанми?

– Бошоқлайвераман.

– Ё ажаб!

– Ажабланадиган жойи йўқ.

– Сен шундай деб ўйлайсанда.

– Сен-чи?

– Менми?.. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда бошоқламасдим.

– Нега?

– Барибир ўришади -да.

– Бу сенинг фалсафанг.

– Хўш… сеники-чи?

– Мен бошоқлайвераман. Яшашимнинг мазмуни ҳам шунда.

– Ё ажаб!

– Тағин нега ажабланаяпсан?

– Сенга раҳмим келаяпти, гўдак. Ўзингни ўйла. Ахир, умринг кўз очиб юмгунча-ку.

– Ҳар ҳолда сеникидан узоқ.

– 2 –

– Мен асрларни кечиб яшаб келаяпман-ку тентак!

– Тўғри. Лекин нурасанг, ўрнингдан бошқа чўққи ўсиб чиқмайди.

–  …

– Менинг уруғларим ер тургунча яшайверади.

– …

   Боғдон чўли. 1985.

                                                                                    Ит

  – воқеа –

Эшмат деҳқон сой бўйига уй қурди. Лекин насиб этмади.

Шўрликни яшин урди.

Уйни бошқа киши эгаллади.

Киши уйланмаган, худбин ва судхўр эди. Уйга турфа ранглар билан сайқал берди ва уни ноёб нарсалар билан безади.

Сўнг айлана атрофини тош девор билан эгирди.

Сўнг қопи (дарбоза) ўрнатди.

Сўнг темир қопи олдига улкан итни занжирлаб қўйди.

Энди ит у ёқдан бу ёққа занжирини судраб юрар, чўнқайиб ўтирар, шарпа сезса қулоғини динг қилиб, жунларини ҳурпайтириб ирилларди.

Эвазига эгаси:

– Яша Олапар! – дея уни эркалаб, шапатилаб, қўярди. Эркалашдан ийган ит думини ликиллатиб эгасига суйкалар ва унинг оёғини ялар эди. Сўнг эса ўтган-қайтганга ҳам ер титиб, акилларди.

Энди эгаси уни қолган-қутган емоқ билан сийларди.

Энди тўқ ит:

“Эгам мурувватли!” дегандай улирди.

Энди эгаси:

“Ўлма Олапар!” деб қичқирарди.

“Энди ит:

“Эгам ягона!” дегандай улирди.

Эгаси садоқатли итдан ичида хурсанд бўларди.

Лекин уни занжирдан бўшатмасди.

        1983. Москва 

                                                                             Ҳайрат

Занжирли тоғлар бағрида яралган қоя осмонга устундай гердайиб турибди.

Иложини топса қуёшга тенглашади.

Иложсиз.

Занжирланган.

Барибир бу атрофда ундан баланд қоя йўқ.

Теграсида ой, юлдузлар парвона бўлмоқда.

Оломон ҳайратланмоқда.

Қоя парво қилмаётир.

Қуёш билан сирлашаётир.

Шоир унга мадҳия ёзмоқда.

Рассом уни чизмоқда.

Қоя парво қилмаётир.

Қуёш билан сирлашаётир.

Қоя остида майсалар қўкартириб жилға оқмоқда.

Ҳамма чанқоғини қондираяпти.

Бироқ…

Бироқ ҳамма қоядан ҳайратланмоқда.

Боғдон.

         Каклик

                                                                        – воқеа

Боғдонда, Очил овчиникидаман.

Супада, тол чивиқдан тўқилган қафасда каклик сайраяпти.

Балки дон сўрқётгандир?

Балки сув?

Балки эрк?

Балки қафасни мадҳия  этаётгандир?

Балки эгани?

Балки супани?

Билмадим, қуш тилини қуш билади.

Суқ бармоғимни қафасга тиқдим. Каклик менга човут солиш ўрнига жонини ҳовучлаб қочди. Нафрат аралаш ғазабим келди. Ўзимни тутиб туролмадим, сўкдим:

– Қаерга қочасан, аҳмоқ!

                1983, Боғдон.

Муаллиф: Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-9

Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди. ...

От кишнаган оқшом (қисса) 55-қисм

55 Отар адирда ёйилиб ўтлади. Тўдалагунимча кеч бўлди. Уйга қош қорайганда келдим. Участка милитсионеримиз бир парча қоғоз ташлаб кетибди. Аёлимизга қайта-қайта ...

Устозим рауф парфи – сўнгги кунлар

Орадан  ўн  йил ўтгач Рауф ака ҳаётларининг сўнгги кунларини эслаш ва дард-аламларни яна юракдан ўтказиш оғирлик қилар экан.  Қолаверса, у кунлар тавсилоти бошқа кўплаб ...