Онангни қози хафа қилса, ёхуд қонун ҳимоячисининг ўзи қонунни бузса…

Онангни қози хафа қилса, ёхуд қонун ҳимоячисининг ўзи қонунни бузса…

2018 йилнинг 6-апрель жума куни ҳамма қатори мен ҳам рўзғор ташвишида ўзимга тегишли машинада оилам билан бирга туманимизда бўладиган машҳур жума бозорига бориш мақсадида йўлга чиқдим. Рости, бу бозор туманимиз аҳлининг тирикчилик манбаи саналади, чунки ишсизлар ҳам, ишлилар ҳам айнан ана шу бозордан тирикчилик қилади.

Бозорга кетиш йўлидаги чорраҳада светофорнинг яшил чироғидан ўтиб, йўлнинг қатнов қисмига чиққанимда огоҳлантирувчи — сариқ чироқ ёнди. Мен ҳаракатни давом эттириб, сариқ чироқда чорраҳадан чиқдим. Тахминан 200-метрлар юрганимдан сўнг мени ДАН ходими тўхтатиб, ҳужжатларимни текширишга тушди ва тақиқловчи чироқда ўтганимни айтиб, баённома тўлдира бошлади.

Ҳолбуки, ўша вақт мендан олдин чорраҳадан оқ рангли “Москвич” (перажковоз), орқамдан эса металл рангли “Matiz” енгил автомобиллари ўтди. Чорраҳадан ўтибоқ, “Москвич” ҳайдовчиси уловини буғдой омбори (заготзерно) томонга буриб кўздан ғойиб бўлди. ДАН ходими мени тўхтатгач ҳатто ортимда келаётган “Matiz” машинаси ҳам ҳаракатда давом этиб, бемалол ўтиб кетишди.

ДАН ходими Баённомани тўлдириб бўлгач, мендан унга имзо чекишимни сўради. Баённомани ўқирканман, унга техпаспорт ва суғурта рақамидан бошқа ҳеч нарса қайд қилинмаганига амин бўлдим. Мен ДАН ходимига қараб: мен томондан содир этилган қоидабузарликни ҳам қайд қилинг, сиздан кейин Баённоманинг орқа қисмига бўлган воқеани батафсил ёзаман, кейин имзо қўяман десам, ДАН ходими: “сиз қўл қўяверинг, кейин ёрдам қилиб, енгилроқ жарима ёзаман”, деди. Мен ходимнинг бу таклифига кўнмадим ва илк билдирган фикримдан қайтмадим. Шу пайт ДАН ходими “мен билан бекор тортишдингиз, имзо қўймасангиз кетаверинг”, деб ҳайдовчилик гувоҳномамни ўзида қолдирди-да, мендан тезроқ қутулиш учун қолган ҳужжатларимни қайтариб берди.

Фурсатдан фойдаланиб мен ходимга “Президент сизларни февраль ойидан видеокамера ёрдамида ишлайди, деган эди, сизда видеокамера борми? Сиз менинг қизил чироқда ўтганимни исботлай оласизми?”, дея савол бердим.  Бунга жавобан ходимдан ДАНчиларнинг видеокамера ёрдамида ишлаши  2018 йилнинг сентябрь ойигача бекор бўлганини эшитибгина қолмасдан, ДАНчилар билан баҳслашиш, улардан ҳақ-ҳуқуқ талаб қилиш ҳалигача “мумкин эмас”лигини ҳам англагандек бўлдим.

ДАН ходими менга қараб: агар қўлимдан келса ушбу воқеа тафсилотларига доир порталга ёзишим  мумкинлигини, бундан ҳеч қандай натижа чиқмаслигини гапирди. Баёнотномага ўзи истаган қоидабузарликларни қайд қила олиш имконига эгалигини, ҳатто хоҳласа ҳайдовчилик гувоҳномамдан маҳрум қилишини ҳам мағрурорна тарзда билдирди. Шу тариқа, ортиқча суҳбатга ҳожат қолмади!

Уйга қайтгач 1102 “Ишонч телефони” рақамига қўнғироқ қилиб, уларга бўлган воқеа юзасидан хабар бердим. Орадан тахминан 10 кунлар ўтгач, якшанба куни менга ўзини Самарқанд вилоят ДАН ходими Ғайрат, деб таништирган киши бошқармага келмаётганимнинг боисини, ўзининг кутиб ўтирганини айтиб, +99891 531-00-02 рақамидан қўнғироқ қилди.

Кутилмаган қўнғироқдан ва бемаврид чиқирувдан ҳайрон бўлдим. Ғайратнинг айтишича, унинг шогирдлари гўёки менга қўнғироқ қилиб, учрашув белгилаган, мен эса, уларга бошқармага бориб, Ғайрат билан учрашишга ваъда берган эканман. Хуллас, биз душанба куни учрашишга келишиб хайрлашдик… Устозни алдаган шогирддан яна нималар кутиш мумкин?!

Душанба куни вилоят ДАН бошқармасига бориб, Ғайратжонга бўлган воқеа юзасидан ҳам оғзаки, ҳам ёзма равишда тушунча бердим. У менга туман ДАН бўлими бошлиғи ўринбосари Хуршидга учрашишимни, менинг ишим бўйича ўзи Хуршидга телефон қилиб, ишимни енгиллатиб, чиқариб юборишга ёрдам беришини тайинлаб қўйишини билдириб, орқага қайтаришди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Ғайратжонга қўнғироқ қилдим ва мурожаатим жавобини сўрадим. У эса, менга яна бир бор Хуршиднинг олдига боришимни, унга менинг боришимни тайинлаб қўйишини, ундан правамни олишимни айтиш билан чекланди. Жавоб хатини эса, кейинроқ жўнатишини билдириб хайрлашди.

Ғайратнинг топшириғи асосида туман ДАН бўлимига бориб, Хуршид билан  учрашдим. Унга талонимни кўрсатиб, менга қанча жарима тайинланганини билиб беришини сўрадим. Хуршид компьютердан қидириб кўриб, правангиз ҳали келмаган, деб талонни қайтариб берди. Бу ИИВ тизимида ишлайдиганларнинг деярли ҳаммаси ёлғончилардан иборат экан, бир-бирини алдаш билан андармон, ўртада фуқаро сарсон…

Уйга қайтиб президентнинг виртуал қабулхонасига юқоридаги воқеалар юзасидан норозилигимни баён қилиб мурожаатнома йўлладим. Бунинг ортидан мени 8-май куни туман ДАН бўлими бошлиғи чақириб, тушунтириш хати ёзишимни сўради. Мен тушунтириш хати ёзаётганимда мурожаатим бўйича ДАН ходимининг кўрсатмалари асосида олинган ДАН бўлими бошлиғининг хулосаларини кўриб қолдим. 3-4 варақдан иборат бу жавоб хатларининг ҳаммасини ўқиш имконсиз эди… Туман ДАН бўлими бошлиғи иши зарурлигини айтиб, котибасига мендан тушунтириш хати ёздириб олишни тайинлаб, ўзи эса ёрдамчиси билан қаёққадир кетди. Хулосага кўз югуртиришим жараёнида менга туҳмат қилган ДАН ходимини кўкларга кўтарган, мени эса қоидага бўйсунмасликда айблаб, ерга урган ҳолда хулоса тайёрланганини англадим.

Мен тушунтириш хатини ёзиб бўлгач уйга қайтдим ва ушбу воқеалар юзасидан Президентнинг виртуал қабулхонасига қайта шикоят йўлладим! Билмадим, бу “қонун ҳимоячилари” яна нималарга қодир экан?! Менга шуниси қизиқки, Президентнинг ДАНлар бўйича айтган гапига кўра, февраль ойининг охирги ўн кунлигидан бошлаб ДАН ходимларининг ҳаммаси видеокамерасиз ишламаслиги керак эди… Аслида эса, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади!

ИИВнинг моддий аҳволи ДАНчиларга видеокамера олиб бера олмайдиган даражада ночорми? Ёки давлат бюджети шунчалик қашшоқлашиб қолдими, негадир Президентнинг гаплари қуруқ гапга айланиб қолаётир, баъзан ҳатто бир тийинга ҳам олинмайди?

Қачонгача ИИВ ходими билан қонунан тортишганда ҳолат бўйича  ҳеч қандай исбот бўлмаса ҳам ИИВ ходими ҳақ бўлиб, фуқаролар ёлғончига чиқаверади?

Фуқароларни талашнинг минглаб қонуний йўллари борки, ҳали бошқа қонунлар чиқарилиши керак! Бу ДАНчилар турли-туман ноқонуний жарималар ташкиллаштириб, режани тўлдиришда давом этяпти. Ҳақиқат борми ўзи?

Зафар Хандамов, 

“Бирдамлик” Халқ демократик харакати фаоли

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Олти йил фалажликда: фарғоналик она қисмати аслида қандай бўлган эди?

Яқинда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган, 6 йилдан буён фалаж ҳолда туғуруқхонада сақланаётган Наргиза Убайдуллаева ҳақидаги хабар кўпчиликни ҳайратга ...

Қишлоқ хўжалик вазири пахта экмаган фермернинг боласини “шарманда қилиш”ни буюрди

  май 02, 2017 Жиззахлик фермерларга ижарага олинган ерга пахтадан бошқа нарса экиш қатьий тақиқланди. Бу тақиқни бузган фермерларнинг экинлари буздирилиб, ўрнига пахта ...

Жаҳон банки ўзбекистонда электрон ҳукуматни молиялаштирмоқчи

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва Жаҳон банки вакиллари Тошкентда музокаралар олиб борди, дея хабар бермоқда UzDaily. Учрашувда томонлар ҳамкорлик ...