Юлдузли тунлар-49

2

Убайдулла Султоннинг бир ярим минг навкари ўн кундан бери Ихтиёриддин қалъасининг атрофида ғивирлар, аммо ўқ ҳам, оти ҳам етмайдиган баландликдаги қалъани олишнинг ҳеч иложини тополмас эди. Темир дарвозаларга тўпдан ўқ отиб ўришди, бўлмади. Кейин ер тагидан ғор қазишга тушишди.

Шуни ҳисобга олмаганда, Ҳирот ҳозир бир қадар тинчиб бормоқда эди. Мусодара қилинадиган
хазиналар бўшаб қолган, таланадиган молу мулклар таланиб бўлган эди.
Шайбонийхон Қаҳдистондан Боғи Жаҳонорога кўчиб келиб, Ҳиротнинг машҳур санъаткорларини ўз ҳузурига чақиртирди. Санъат ишларини бошқараётган Муҳаммад Солиҳ воситачи бўлиб, Беҳзодни хон билан бир-икки марта учраштирди. Хоннинг маслаҳатгўйи мулла Абдураҳим расм чизишни шиалар ва рофизийларнинг иши деб ёмон кўрса ҳам Шайбонийхон Беҳзоднинг расмлари Ҳусайн Бойқарони қанчалик машҳур қилганини билар, энди бу мусаввирнинг истеъдодидан ўз шуҳрати учун фойдаланишни истар эди.
Беҳзодга Шайбонийхоннинг расмини чизиш топширилди.
Мусаввирнинг илтимоси билан хонни қип-қизил кимхоб кўрпа устига ўтқаздилар, унинг орқасига қора бахмал болиш қўйдилар, белига ингичка олтин камар боғлатдилар, олдига олтин муқовали кичик дафтар, қалам ва сиёҳдон қўйдилар. Ўттиз йилдан бери рассомлик қилиб юриб, кўпгина подшоҳларни кўрган ва улар билан муомала қилишни яхши биладиган Беҳзод Шайбонийхонга ҳам фақат мақтов ёқишини аллақачон пайқаган эди:
— Ҳазратимни арғумоқ от устида қилич яланғочлаган пайтларида тасвирлашим мумкин. Бироқ ҳозир сизнинг энг зўр лашкарбоши эканлигингиз ҳаммага аён. Аммо олам аҳли сизнинг кўп йил мадрасаларда ўқиган фозил имоми замон эканлигингизни ҳам суратда кўрмоғи керак. Шу сабабли фақир сизни муқаддас китобу олтин қалам билан тасвир этмоқчимен!
— Маъқул, — деб хон бунга розилик берди.
Сурат тайёр бўлгандан кейин Шайбонийхон, Муҳаммад Солиҳ ва бошқа бир неча мулозимлар Беҳзод ишлаган хонага тўпландилар. Мулла Абдураҳим расмга, сўнг хонга қаради-ю, ҳайрон бўлиб:
— Ҳазратимнинг худди ўзлари-я! — деди.
Суратда Шайбонийхоннинг кўпни кўрган тажрибали одам эканлиги кўзга аниқ ташланиб турарди. Бўёқлар Беҳзодга хос улуғ бир маҳорат билан хилланган эди. Оддий одам расмдан ҳеч бир камчилик тополмас, Беҳзод хонни иззат-икром билан тасвирлабди, деб ўйлар эди.
Лекин Муҳаммад Солиҳ хоннинг тагидаги кўрпанинг ранги қип-қизил қон рангида эканини сезди. Хон кўрпа устида эмас, гўё қон дарёси устида ўтирганга ўхшарди. Хоннинг белига боғланган ингичка олтин камарнинг учи чалмашган оёқлар тагидан худди қорамтир бошли сариқ илонга ўхшаб буралиб турар эди. Хон суянган қора болиш ҳам қора кучларнинг тимсолига ўхшарди.
Шайбонийхоннинг барча ишларидан хабардор Беҳзод бу яширин рамзий бўёқлар билан нималар демоқчи бўлганини Муҳаммад Солиҳ пайқади-ю, қўрқиб кетди. Агар у сезган маънони хон сезиб қолса, Беҳзод ҳам омон қолмайди, орада воситачи бўлган Муҳаммад Солиҳ ҳам!
Шунинг учун у суратга хомуш тикилиб турган Шайбонийхоннинг фикрини хатарли рамзий маънодан узоқроқ олиб кетишга интилди:
— Муҳаммад алайҳиссалом яшил рангни яхши кўрар эканлар. Имоми замон хон ҳазратлари ҳам яшил рангни суйишларини мусаввир дуруст пайқабдир. Қаранг, ҳазратимнинг кўйлаклари яшил рангда. Суянган деворлари ҳам яшил.
— Буниси маъқул, — деб хон энди оғзини очди. — Лекин… биз мавлоно Беҳзоднинг бошқа суратларини ҳам кўрган эдик…
Шайбонийхон Беҳзод тасвиридаги шертахлит Ҳусайн Бойқарони эслади. Ҳусайн Бойқаронинг сафарга чиққан пайтини тасвир этган бошқа бир расмда гўё булутлар ҳам, осмон ҳам, ҳатто тоғу тошлар ҳам подшонинг кетидан эргашиб, у кетаётган томонга интилиб бораётгандай кўрсатилган эди. Темурийларни бунчалик улуғлаган Беҳзод Шайбонийхонни жўн бир одам қилиб тасвирлаганга ўхшарди. Хон суратни кўрганда кўнглида қўзғалган мураккаб туйғуларни айтишга муносиб сўз тополмади-ю, Беҳзодга қараб:
— Мўйқаламни менга беринг! — деди.
Хоннинг авзойи ёмонлигини ҳамма сезди. Беҳзод махсус қаламдонда турли бўёқлар билан бирга турган мўйқаламларни хонга таъзим билан тутди. Шайбонийхон қорамтир қўнғир бўёққа ботириб қўйилган мўйқаламни олди. У Бухорода мадрасада ўқиб юрган пайтларида сурат чизишни ҳам анча машқ қилган, мўйқалам тутишни сал-пал билар эди. Беҳзод чизган суратда Шайбонийхоннинг соқол-мўйлови ҳаддан таш-қари қисқа ва сийрак кўрсатилган, хоннинг назарида, тасвир шунинг учун жўнлашиб кетганга ўхшарди.
— Соқолни дурустроқ чизмоқ керак! — деб Шайбонийхон ўзининг суратида — қулоқ яқинида жуда сийрак кўрсатилган соқолни бир оз қалинлаштирмоқчи бўлди. Аммо мўйқаламда бўёқ кўпроқ экан, қулоқ олдидаги соқол бирдан кигиздай қалинлашиб кетди. Беҳзод соғ тиши суғуриб олинаётган одамдай:
— Иҳ! — деди.
Аммо Муҳаммад Солиҳ Беҳзоднинг билагини маънодор қилиб қисди-ю:
— О! О! Ҳазратим мўйқалам теккизишлари билан суратга яна файз кирди! — деди.
У Беҳзодни фалокатдан фақат хонни мақтаб қутқариш мумкин эканлигини сезиб шундай демоқда эди, буни Беҳзодга ҳам сездиргиси келиб:
— Мавлоно, тарихий бир ҳодиса юз берди! — деди.— Сиз чизган суратга имоми замон, Искандари соний ўз муборак қўлларини теккиздилар! Буни одамлар асрлар давомида бир-бирларига айтиб юргайлар!
Беҳзод хоннинг қилган ишини — санъаткорга аҳмоқона хўжайинлик қилишнинг намунаси деб билмоқда эди. «Шу маънода чиндан ҳам буни тарих унутмас, одамлар бир-бирларига кулиб айтиб юрурлар», деган фикр Беҳзоднинг хаёлига энди келди. Муҳаммад Солиҳ расмдаги рамзий маънони аллақачон пайқаганини, энди хондан балога қолмаслик учун атайлаб шу гапларни айтаётганини Беҳзод тушунди-ю, ички бир истеҳзо билан хонга таъзим қилди:
— Қулингиз чизган суратга халифаи замонамизнинг назарлари тушганидан бошим кўкка етди!
— Баракалла! — деб хон уни энди мақтади.
Хоннинг қўли билан чапланган соқол қулоқ яқинига ёпиштириб қўйилган пўстак парчасига ўхшар эди. Беҳзод ичида: «Баттар бўлсин!» деди-ю, хон бу соқолни қандай хунук чаплаган бўлса, шундайлигича қолдирди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 62-қисм

62 Назир жувозкаш кўпкарига Олмакўз байталини миниб келди. Ўзиям, байтали Олмакўзмисан, Олмакўз бўлди-да! Кўзлари бўталоқ кўзларидай катта-катта, дум-думалоқ, олмадай-олмадай ...

Устозим рауф парфи – хотира дафтаримдан

Рауф Парфи Рауф ака кўп хушлайдиган гапларидан бири бу турғунлик замони (1980-йиллар охири) деб аталган пайтларни тожиклар “замони карахти” деб аташидир. Қандай зўр топиб ...

Мeҳробдан чаён-адрас тўн ва иссиғ нон “фожиъаси”

 Ёрлиғ  олишнинг  иккинчи  соатларида  бутун  шаҳарга  бу  хабар  тарқалиб  кетди.  Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб:  — Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган ...